1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Кўнгил ойнаси (иккинчи мақола)

11:00 / 18.12.2021 1671 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Ғаззолий ҳазратларидан бир қанча насиҳатлар:

«Аллоҳ берган неъматларни, унинг йўлида сарфлаш шукр, Аллоҳ севмаган ерга сарфлаш эса куфрони неъматдир».

«Бало фақат гуноҳ ва куфрдан келади. Мусибатлар асл бало эмас. Уларнинг ичида сен билмайдиган яхшиликлар бордир».

«Бир сўз айтмоқчи бўлсанг, маъносини ўйлаб кўр... Сўзламайдиган тақдирда зиммангда масъулият қоладиган бўлсан сўзла... Акс ҳолда овоз чиқарма».

«Ақлли киши нафсига бундай демоғи лозим: «Менинг сармоям умримдан иборатдир. Чиққан ҳар бир нафасимнинг қайтиб келиши мумкин эмас. Нафаслар саноқлидир. Камайиб бормоқда. Шундай экан, кунини тирикчилик қайғуси билан ўтказишдан ҳам катта зарар борми?»

«Эртага ўладиган каби вужуд аъзоларингни ҳаром сақла».

«Эртага тавба қиламан, солиҳ амаллар қилишни бошлайман», десанг ўлим бироз аввал келишини унутма. Эртага тавба қилишни бугун тавба қилишдан осонроқ дея уйлаётган бўлсанг, хато йўлдасан».

«Бир кишининг тижорати охират тижоратига монелик қилса, бундай киши бадбахт кишидир, бечорадир. Бу бир тандир учун бир кўза олтин берган кабидир».

Имом Ғаззолий инсон нафсини ёлғиз ўзи таний олмаслигини қуйидагича изоҳлайди: «Халқ ва хулқ сўзлари битта илдиздан келади. Асос эътибори билан бири зоҳирий, иккинчиси эса ботинийдир. Инсоннинг ички дунёсига оиддир.

Халқ ташқи туйғулар билан идрок қилинадиган сурат, ҳайъат ва шакл маъноларини билдиради.

Хулқ эса инсоннинг ташқи кўринишида намоён бўлмайдиган бир омилдир. Унинг ҳақиқати инсоннинг ахлоқи, табиати ва амаллари билан ўртага чиқади. Инсон ташқи кўринишдан ўзлигини қанчалик яширмасин, бир кун ички кўриниши албатта намоён бўлади...»

Ташқи кўринишимиздан завқ олиш учун бир кўзгуга муҳтож бўлганимиз каби, ички оламимизни, хатти-ҳаракатимизни, феъл ва тамойилларимизни ўрганиш, лозим кўрилган шаклда тарбиялаш учун ҳам бир авлиёнинг файз ва талқинларига, яъни бизни тарбия қиладиган, ўзимизга ўзимизни таништирадиган КЎНГИЛ КЎЗГУсига муҳтожмиз.

Бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин мўминнинг кўзгусидир», деган эдилар.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Дарҳақиқат, ким покланса, нажот топади…» (Аъло сураси, 14-оят).

«Ким уни (нафсни) покласа, нажот топди» (Шамс сураси, 9-оят).

Мавлоно Жалолиддин Румий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам меросчиларининг тарбиясига киришиш, нафс тўсиғини ошиб ўтиш, ҳақиқат ва маърифатга эришишнинг йўллари ҳақида бундай дейди:

«Бир пичоқ бошқа пичоқсиз қандай чархланиши мумкин? Сен ҳам яраларингни бир кўнгил жарроҳига кўрсат. Бу яраларни ёлғиз ўзинг даволашинг имконсиздир...»

«Дунёвий туйғу ва тушунчаларнинг моҳиятини табибдан, кишини чексизликка юксалтадиган илоҳий ҳисларнинг моҳиятини эса муршиддан ўрган».

«Икки бармоғингнинг учини икки кўзингга қўй. Бу дунёдан бирор нарса кўраяпсанми? Агар кўрмаётган бўлсанг, бу олам йўқ деган маънони билдирмайди. Кўрмаслик гуноҳ, унинг камчилиги эса нафснинг икки бармоғидан келмоқда. Сен аввало бармоқларингни кўзингдан узоқлаштир. Ундан кейин истаган томонга қара. Инсон кўздан иборат. Қолгани жасоратдир. Фақат дўстни (яхшиликни) кўрганга кўз дейилади».

«Қуръони Каримнинг оятларини, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўқишдан олдин ўзингни тузат. Гул боғчаларидаги анвойи ҳидлардан баҳраманд бўла олмасанг, камчиликни боғдан эмас, кўнглинг ва бурнингдан ахтар...»

Мавлоно фонийликка қовушиш сирининг мутлақ таслимиятда эканини қуйидагича ифодалайди:

«Денгиз суви ўзига тамоман таслим бўлган ўликни боши устида ташийди. Тирик ва салгина тараддуд ичида бўлган киши денгиздан қандай қутулиши мумкин? Худди шундай «Ўлмасдан аввал ўлинг» сири билан башарий сифатлардан қутулиб «ўлик» ҳолига келсанг, сирли олам денгизи сени бошида ташийди».

Инсоннинг яратилишидан мақсад қуллик ва Роббини танишидир. Ашёнинг ва ҳақиқатнинг моҳиятига етишишнинг сири маърифат денгизидан бир томчига эга бўлиш билан бошланади.

Мавлоно дейдиларки:

«Умр эртанги кун орзуси билан яшаш, ғофиллик билан жанжал-сурон қилиш, жонингни аямай меҳнат қилиш билан тугаб боради. Сен ақлингни йиғ, умрингни бугунги кунинг деб бил. Бир қараб кўр, бугунни қандай савдолар билан ўтказдинг?

Гоҳ чўнтагингни пул билан тўлдириш қайғуси, гоҳ ейиш-ичиш ташвиши билан бу ожиз умр ўтиб кетмоқда, олаётган нафасинг сони камайиб бормоқда. Ўлим бизни бирма-бир оғушига тортмоқда. Унинг ҳайбатидан қанча ақлли кишиларнинг юзи сарғаймоқда. У йўлда туриб, бизни кутмоқда. Инсон эса сайр қилиш ва умрини беҳудага сарфлаш билан овора.

Ўлим қошу кўз орасида, уни эслашимиздан ҳам бизга яқинроқ. Фақат ғафлат ичидаги ақл қай томонга кетмоқда билолмайман».

Шайх Ғолиб қуйидаги байтида инсон илоҳий сирнинг кўриниши бўлган коинотнинг парчаси, олам сирларини қалбида оҳанрабо каби тўплай оладиган бир КЎНГИЛ КЎЗГУСИ эканини гўзал ифодалай олган:

«Зотингга яхши қараки, зубдаи оламсан сен,

Мардуми дидай-ақвон бўлган одамсан сен...»

(Ўзингга кўнгил кўзи билан қара. Яратилганларнинг ўзи сенсан. Коинотнинг кўз қорачиғи бўлган инсон сенсан).

(Тамом)

Усмон Нури Тўпбош,

Муҳаммад Қобил таржимаси.

«Ҳилол» журналининг 11(32) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бизнинг кунларда бошқа, янада оддий рибонинг таснифлари кенг тарқалган ссуда рибоси рибо алдуйун ва савдо рибоси рибо албуйу.Ссуда рибоси насия рибосининг икки давоми...

3154 11:00 / 21.11.2021
Бир йигит айтади .Онам мени намозимга жуда қаттиқ аҳамият бериб, унга шижоатлантирар эдилар. Онам қўлларидан келгунича намозга бўлган муҳаббатимни уйғотиш давоми...

2113 09:00 / 03.10.2021
Вашингтон университети талабаси Навид Азоди курсдоши Томас Прайор билан биргаликда ёзма ёки оғзаки нутқни имоишоралар тилига таржима қилиб берадиган қўлқоп давоми...

4400 07:18 / 09.08.2018
Жума ҳафта кунлари ичида энг яхшиси, Аллоҳ буни мусулмонлар учун хос кун қилди. Жума куни ҳар бир мусулмон учун ўзнинг байрами кириб келади, Аллоҳнинг раҳмат давоми...

7028 16:05 / 24.05.2018