1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Дажжол ҳозир қаерда?

11:59 / 25.12.2023 5373 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фотима бинти Қайс розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Эркаклардан кейин турган аёллар сафида Расулуллоҳ алайҳиссаломга иқтидо қилиб намоз ўқидим. Расулуллоҳ алайҳиссалом намозларини ўқиб бўлиб, минбарга ўтирдилар. Сўнг кулимсираб, «Ҳар ким намоз ўқиган жойида қолсин», дедилар. Сўнг у зот сўзларида давом этиб, «Сизларни нима учун тўплаганимни биласизларми?», дедилар. «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», дейишди. У зот шундай дедилар: «Аллоҳга қасамки, мен сизларни бир хоҳиш учун ҳам, қўрқиш учун ҳам жамлаганим йўқ. Сизни жамлаганимнинг сабаби шуки, Тамийм Дорий деган насроний бор эди. У келиб, байъат қилиб, мусулмон бўлди. Сўнг мен сизларга Дажжол Масийҳ ҳақида айтиб юрган гапимга ўхшаш гапларни айтди. У Лахм ва Жузомдан ўттиз киши билан кемада денгизда сафарга чиққан экан.

Тўлқин уларни денгизда бир ой олиб юриб, сўнгра кун ботиш пайтида бир орол яқинида тўхтабди. Улар кеманинг қайиқларига ўтириб, оролга киришибди. У ерда уларга бир ғалати жонивор учрабди. Унинг жуни ниҳоятда кўплигидан олдини ортидан ажратиб бўлмас экан. Улар унга «Шўринг қурғур, сен нимасан?» дейишибди. «Мен Жассосаман», дебди у. «Жассоса нима?» дейишибди. «Эй одамлар! Анави хилватхонадаги одамнинг олдига боринглар. У сизнинг хабарингизни шавқ билан кутяпти», дебди жонивор. Тамим Дорий айтади: «У бизга ўша одамнинг исмини айтган эди, «Бу урғочи шайтонмикан», деб қўрқдик. Тез бориб, хилватхонага кирдик. Қарасак, бир одам ниҳоятда маҳкам боғлаб ташланган экан. Бунақанги баҳайбат одамни кўрмаган эдик. Унинг икки қўли бўйнига, икки тиззаси икки товонига темир билан маҳкамланган экан. Унга «Шўринг қурғур, сен нимасан?» дедик. «Менинг хабаримни топдингизми? Сизлар кимсизлар?» деди. «Биз араблармиз. Кемада йўлга чиққан эдик, денгизда бўрон турган пайтга тўғри келибмиз.

Тўлқин бизни бир ой ўйнатиб, охири мана шу оролга олиб келиб ташлади. Кейин кемадаги қайиқларга ўтириб оролга кирган эдик, ғалати бир жонивор учради. У ниҳоятда сержун экан жуни кўплигидан олдини ортидан ажратиб бўлмас экан. Биз унга «Шўринг қурғур, сен нимасан?» десак, «Жассосаман», деди. «Жассоса нима?» десак, анави xилватхонадаги одамнинг олдига боринглар. У сизнинг хабарингизни шавқ билан кутяпти», деди. Шунинг учун тезда шу ерга келдик. Биз ундан қўрқиб, урғочи шайтонмикан, деб ўйладик», дедик. У: «Менга Байсон хурмосининг хабарини беринглар», деди. «Унинг нимасини айтайлик?», дедик. «Meн унинг хурмосини сўраяпман, у мева қиляптими?», деди. «Ҳа», дедик. «Лекин у келажакда мева қилмай қўяди. Менга Тобария кўлининг хабарини беринглар», деди. «Унинг нимасини айтайлик?» дедик. «Унинг ичида сув борми?» деди. «Унинг суви жуда кўп», дедик. «Лекин келажакда унинг суви қурийди.

Менга Зуғар булоғи ҳақида хабар беринглар», деди. «Унинг нимасини айтайлик?» дедик. «Ўша булоқда сув борми? Ўша булоқнинг сувини унинг аҳли зироатга ишлатадими?» деди. «Ҳа, булоқда сув кўп. Унинг аҳли сувни зироатга ишлатади», дедик. «Менга уммийларнинг Набийси ҳақида хабар беринглар. У нима қилди?» деди. «У Маккадан кетиб, Ясрибга жойлашди», дедик. «Араблар унга қарши уруш қилишдими?» деди. «Ҳа», дедик. «У уларга қандоқ муомала қилди?» деди. Биз унга у зот ўзига яқин араблардан устун келганларини, улар у зотга итоат қилганини айтдик. «Шундоқ ҳам бўлдими?» деди у. «Ҳа», дедик. «Унга итоат қилганлари ўзлари учун яхши. Энди мен сизларга ўзим ҳақимда айтиб берай. Мен масийҳман. Менга келажакда хуруж қилишим учун изн берилади. Мен хуруж қилиб, ер юзида сайр қиламан.


Қирқ кечада бирорта қишлоқни қўймай барига кираман. Фақат Макка билан Тойбага кирмайман, холос. Бу иккиси менга ҳаром қилинган. Улардан бирига кирмоқчи бўлсам, бир фаришта мени қилич яланғочлаб қарши олиб, йўлимни тўсади. Унинг ҳар бир кўчасини фаришталар қўриқлаб туради», деди».


(Фотима) айтади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом қўлларидаги таёқни минбарга тақаб, «Бу Тойбадир! Бу Тойбадир! Бу Тойбадир, яъни Мадинадир! Мен сизларга айтганмидим?» дедилар. Одамлар: «Ҳа», дейишди. У зот: «Тамиймнинг гапига ҳайрон қолдим. Унинг сўзлари мен сизларга у ҳақда, Мадина ва Макка ҳақида айтган сўзларимга мувофиқ келди», дедилар.

Сўнгра Расулуллоҳ алайҳиссалом: «У Шом денгизидами ёки Яман денгизидами? Йўқ, машриқ томонда. У машриқ томонда. У машриқ томонда», дедилар. «У» деганларида машриқ томонга ишора қилдилар. Мен буларни Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ўзларидан эшитиб, ёдлаб олганман» (Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривояти).
 
Термизийнинг лафзида шундай дейилган:
«Тамийм Дорий розияллоҳу анҳу менга шундай деди: «Фаластин аҳлидан баъзи одамлар кемага миниб, денгизга чиқишган экан. Денгиз уларни айлантириб, олиб бориб, ороллардан бирига улоқтирибди. Бирдан уларнинг олдидан нималигини билиб бўлмайдиган, жунлари ёйилган жонивор чиқиб қолибди. Улар унга: «Сен нимасан?» дейишса, «Жассосаман», дебди. Улар: «Бизга хабар бер» дейишибди. «Мен сизларга хабар ҳaм бермайман, сизлардан хабар ҳам сўрамайман. Лекин сизлар қишлоқнинг чеккасига боринглар. Ўша ерда сизга хабар берадиган ва хабар сўрайдиган кимса бop», дебди. «Кейин биз қишлоқнинг четига бордик. Қарасак, занжир билан боғланган бир киши турибди. У «Менга Зуғар булоғининг хабарини беринглар», деди. «У сувга тўла» дедик. «Менга Урдун билан Фаластин орасидаги Байсон хурмозори хабарини беринглар. У мева бердими?» деди. «Ҳа», дедик. «Менга Набийнинг хабарини беринглар, у юборилдими?» деди. «Ҳа», дедик. «Менга одамлар унга нисбатан қандоқ эканликларининг хабарини беринглар», деди. «Улар у зотга ошиқмоқдалар», дедик. Шунда у шунақанги қаттиқ силкиндики, сал бўлмаса бўшалиб кетай деди. Шунда биз унга «Ceн нимасан?» дедик. У ўзининг Дажжол эканини, Тойбадан бошқа барча шаҳарларга киришини айтди. Тойба – Мадинадир».
 

«Ҳадис ва Ҳаёт» китобининг 32-жузидан

«Ҳилол» журналининг 8(53) сонидан олинди 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Исро, сурасида.Аллоҳга дуо қилинглар ёки Роҳманга дуо қилинглар, қайсисига дуо қилсангиз ҳам, бари бир. Гўзал исмлар Уникидир,, деган давоми...

11239 23:16 / 01.05.2017
Улар севишиб турмуш қуришди. Кейинчалик эрнинг рашкчи ва қаттиққўл эканлиги аниқ бўлди. Хотинини уйдан чиққани қўймас эди. Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш асло давоми...

3685 13:00 / 15.12.2021
Ризқ ҳақидаги ҳадислар.Батаҳқиқ, Аллоҳ таоло орангизда хулқ ва ризқни тақсимлади. Дунёни яхши кўрганига ҳам, маҳбуб бўлмаганига ҳам беради. Аммо динни фақат яхши давоми...

9410 17:24 / 21.09.2017
Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ўзининг Албидая ванниҳая китобида, Ибн Асокир роҳимаҳуллоҳ ўзининг Тариху Димашқ китобида, Ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳ ўзининг Сифатус давоми...

960 09:00 / 11.07.2023