1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қуллигим – султонлигим!

15:00 / 14.12.2021 2116 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аниқ қачон бўлгани эсимда йўғу, бир пайтлар бир танишим мендан «Нима учун намоз ўқийсан?» деб сўраб қолди. Сабабини айтишдан олдин унга: «Сенга иллатини айтайми ёки ҳикматиними?» дея саволига савол билан жавоб бердим.

Суҳбатдошим менинг бу саволимдан ажабланди. «Бу билан нима демоқчисан?» деб яна савол берди у.

– Иллат ҳақиқий сабаби дегани. Ҳикмати эса ундан кўзланган фойда ва манфаат, – деб қисқача тушунча бердим.

– У ҳолда, қани, иллатини гапир-чи, – деди у.

– Намоз ўқишимнинг ҳақиқий сабаби унинг илоҳий амр эканидир. Мен намозни фақат Аллоҳ буюргани учунгина ўқийман.

– Хўп, унда ҳикмати нима?

– Ҳикматини санаб тугата олмайман, – дедим ва дарҳол хаёлимга келганларини санай бошладим. – Намоз жаҳаннам ўтидан қалқон, қабр азобидан ҳимоя, жаннат эшикларининг калити, абадий саодатнинг василасидир.

Намоз қалбга озуқа, руҳга шифо, виждонга мезон, ақлга истоқамат, иродага қувват, ҳиссиётларга интизом, танага сиҳат беради.

Намоз мўминнинг меърожидир, уни маънавий юксалтирадиган нарвондир, барча ибодатларнинг мағзидир.

Ҳаётингни тартибга солади, гуноҳлардан сақлайди, маънавий кирларни тозалайди.

Руҳ намоз дарчаси орқали нафас олади, ҳаловат топади, сакинатга эришади, Раббига йўналади.

Лекин буларнинг бирортаси бўлмасам ҳам мен барибир намозимни ўқийверар эдим. Чунки унинг фойдалари инсонга тасалли бериши мумкин, бироқ ҳақиқий сабаб бўлолмайди. Улардан нақд берилмай, балки охиратга олиб қўйилади...

Ўшанда танишимга айтолмаган гапларимдан, имкон бўлса, яна қуйидагиларни етказишни истардим:

«Намоз иймонимнинг тилдаги ифодаси, ожизлигимнинг, нотавонлигимнинг, чорасизлигимнинг, қисқаси қуллигимнинг эътирофидир.

Намоз кўзимнинг нури, кўнглимнинг сурури, ҳаётимнинг қувончидир.

Дунём у билан чароғон бўлди, ҳақиқатни унинг нури билан кўрдим, бошқа борлиқларнинг ибодатларини унинг илҳоми орқали билдим.

Рукудаги зиллатимда иззатимни топдим.

Роббимга бош эгишим, бошқа бировга бош эгмаслигим учун ичилган онтдир.

Саждада пешонам ерга текканида руҳим мени чексиз неъматлари билан яшатиб қўйган раҳмат қўлини ўпади.

Намозда мен олам бўламан, олам эса мен.

Буюк девонда коинотнинг таржимонлигини бажараман.

Тилсиз борлиқлар менинг тилим билан тилга киради.

Жойнамоз тахтим, сажда салтанатим ва қуллигим султонлигимдир!»

Умар Севинчгул

«Ҳилол» журналининг 11(32) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ давоми...

3400 08:45 / 11.02.2019
Қурайшдан бир киши Маккалик Умму Қайс исмли аёлга совчи қўйди. Умму Қайс мусулмон бўлиб Мадинага ҳижрат қилган эди. Умму Қайс у кишига Мадинага ҳижрат қилсагина давоми...

2963 17:00 / 19.03.2022
Абу Саъид Саъд ибн Молик ибн Синон алХудрийдан ривоят қилинади .Бир гуруҳ ансорийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан улуш сўрашди. У зот уларга ато давоми...

2934 11:00 / 22.07.2021
Суннат уйқу.Қуёш кўтарилиб то пешин намозигача бўладиган оралиқдаги уйқу. У .қайлула, дейилади. Қайлула ақлга қувват бўлади.Бидъат уйқу.Пешин намози вақтида давоми...

5365 15:55 / 14.03.2020
Аудиолар

211024 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130283 14:35 / 11.08.2021