1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Болалар савол берганда...

10:21 / 09.12.2021 2291 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Отанинг табассуми

Бола дадасидан сўраяпти:

- Табассумим билан табассумингиз орасида қандай фарқ бор?

Дадаси деди:

- Сен хурсанд бўлганингда табассум қиласан. Мен эса, сени хурсанд ҳолда кўрганимда табассум қиламан.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

رَّبِّ ارْحَمْهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرًا

 

«Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин» (Исро сураси, 24-оят).

******

Қалбларни парчаламанг!

Бир бола онасининг қабри ёнига келиб ўтирди ва шундай деди: «Онажон, мен билан уйга боринг. Муаллим мени доим уради. Ҳамма талабаларни олдида мени изза қилади. «Онанг бепарво аёл. Сенга ҳеч эътибор бермайди. Сени ўз ҳолингга ташлаб қўйган» деб мени йиғлатади.

Эй Одам боласи, бировни гап билан ўлдиришдан олдин айтадиган сўзларингни тарозида тортиб кўр!

******

Фаросат

Болакай усти сочиқ билан ёпилган идишда нимадир олиб кетаётган эди. Ёши каттароқ киши ундан «Идишда нима олиб кетяпсан?» деб сўради. Шунда бола: «Агар идишда нима борлигини бошқалар ҳам билиши керак бўлганида, устини сочиқ билан беркитиб олмаган бўлардим» деди.

Фаросат катта неъматлардан биридир!

******

Бахтли бўлмоқчиман!

Агар мен кичкина болакай бўлиб қолсам ва мендан: «Катта бўлганингда ким бўлмоқчисан? Нимани истайсан?» деб сўрасалар, мен уларга: «Табиб бўлмоқчиман» ёки «Учувчи бўлмоқчиман» деб айтмайман. Уларга биргина сўз: «Бахтли бўлмоқчиман» деб айтаман.

******

Шояд уйғонсалар

Икки болакай бирининг ҳовлисида ўйнаяпти. Шунда уй эгаси бўлган бола оғайнисига деди:

- Секинроқ гапир, шовқин солма! Уйда дадам ухлаяптилар, уйғониб кетадилар.

Буни эшитган дўсти мана бундай деди:

- Унда юр, менинг дадамнинг қабрлари яқинида ўйнаймиз. Шояд уйғонсалар!

******

«Эркак»

Бола отасидан сўрабди: «Отажон, «эркак» нима дегани»?

«Эркак дегани кучли, фарзандлари олдидаги масъулиятни ҳис қиладиган, уларнинг ишларига эътибор берадиган ҳамда уларнинг роҳатда яшаши учун ўзи бедор бўладиган инсондир» деб жавоб берибди отаси.

Шунда болакай: «У ҳолда мен ҳам онамга ўхшаган «эркак» бўлишни орзу қиламан» дебди.

******

Улар тозаловчилар

Бола отасига: «Уйимиз олдига ахлатчи келди» деди. Шунда ота: «Эй ўғилчам, ахлатчи бизмиз. У эса уйимизни ахлатлардан тозаловчидир. Бизга ёрдам бергани келган» деб тушунтирди.

******

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا قُوا أَنفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ عَلَيْهَا مَلَائِكَةٌ غِلَاظٌ شِدَادٌ لَّا يَعْصُونَ اللَّهَ مَا أَمَرَهُمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ 

 

«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган оловдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар» (Таҳрим сураси, 6-оят)

Болаларимиз бугун нозик қўлчалари билан қўлимизни маҳкам ушлаб ёнимизда, бағримизда эркаланиб ўтиради. Агар уларга Аллоҳ таолони, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни, Динни, Қуръони Каримни, ҳадиси шарифларни, ҳалол-ҳаромни ўргатмасак, нозик қўлчалар йўғон қўлга айланиб, қиёмат куни ёқамиздан олади. Агар зиммамиздаги ота-оналик, устозлик бурчини бажармасак, дўзах ёқилғисига айланиб қолишимиз мумкин. Аллоҳ асрасин! Дўзахни кўрмасликни, ҳидини тотмасликни, иссиғини ҳис қилмасликни истасак, фарзандларимизга тўғри тарбия берайлик! Тўғри тарбия – Исломий тарбиядир!

******

Ишни нимадан бошлаш керак?

Китоб дўконига бориб, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг қаламларига мансуб «Бахтиёр оила», «Соғлом бола» китобларини сотиб оламиз. Ўзимизни ҳам, болаларимизни ҳам шу китоблар асосида тарбия қиламиз. Аллоҳ таолонинг изни, иродаси билан натижа чиройли бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни фарзанларимизни шариатга мувофиқ тарбия қиладиган ота-оналар бўлишини насиб этсин, У Зот барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонга моҳир киши улуғ фаришталар билан биргадир, Қуръонни ҳижжалаб, қийналиб давоми...

2162 09:00 / 07.09.2021
Тақсит савдоси.Тақсит, сўзи луғатда бўлиббўлиб тўлаш маъносида бўлиб, шаръий истилоҳда савдо молини нақд қилиб, баҳосини насия қилишга айтилади. Бунда савдо давоми...

9816 17:33 / 29.03.2018
Бир аёл кичик, совуқ қотган, оч қолган илонни кўриб, унга ёрдам бериш учун уйига олиб келди. Уни парваришлаб таом бера бошлади. Илон аёлга ўрганиб, кунданкун катта давоми...

10336 14:12 / 25.06.2022
Ҳикоя қилинишича, подшоҳлардан бирига ферузадан бўлган, гавҳарлар қадаб нақш солинган ноёб, беназир бир қадаҳ олиб келинди. Подшоҳ жуда ҳам хурсанд бўлди ва давоми...

1280 19:31 / 23.11.2022