1445 йил 11 зулқаъда | 2024 йил 19 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Бугунги муаммоларни тушунмайман

14:00 / 16.03.2023 2618 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қаёқдаги мантиқсиз, кулгули гапларни айтиб, навбати билан қовун туширадиган масъулларни тушунмайман.

Заиф, кучсиз қилиб қурилган иншоотларга жуда кўп сарф этиб, кейин унинг таъмирига ундан ҳам кўп пул ажратадиган молия, иқтисод соҳасидаги масъулларни тушунмайман.

Тўғон емирилиб, кўп одамлар кўчада қолишига сабаб бўлган кимсаларни жазолаш ўрнига айбни балиқларга тўнкайдиганларни тушунмайман.

Коррупцияни вақтида аниқлаб, порахўрларни жазолаш ўрнига жиноят содир бўлгандан анча вақт ўтиб, "Фалон миқдорда пул талон-тарож қилинган", "Зарур пулни қоплаш учун талбиркорлардан кўпроқ солиқ ундирилган" каби гапларни айтадиган тегишли органларни тушунмайман.

Газ захирасига эга бўлган халқнинг барчасига газ бермай, уни бошқа давлатларга сотиб, халқнинг таппи, ўтин, кўмир ёқишини томоша қилиб турадиган мутасаддиларни тушунмайман.

Каъба олдида хотинининг белидан ушлаб расмга тушадиган ва ўшандай расмларни саҳифасига жойлайдиганларни тушунмайман.

Турли баҳоналар билан солиқ ва жарималар жорий этиб, халқни шилиш йўлларини излайдиган халқ вакилларини тушунмайман.

Уйини, машинасини, йўғон билакларини, пулларини, ўтирган ресторанини, овқатини, соатини, узугини, кийимини, туфлисини расмга олиб, саҳифасига жойлайдиганларни тушунмайман.

Чақалоқлигида иштонига бажариб қўйганда жирканмай, малолланмай ювиб, тозалаган, касал бўлса, ухламаган ота-онасига бақириб, ўдағайлайдиган сўтакларни тушунмайман.

Тўйни дабдабали қилишда мусобақалашадиганларни тушунмайман;

Машинасини тез ҳайдаб, мусиқани ташқаридагилар эшитадиган даражада баланд қўйиб, ҳаммани ўзига қаратишга уринадиганларни тушунмайман;

Залга бориб, тош кўтариб, тор футболка кийиб, шишган билакларини ҳаммага кўрсатишга интиладиганларни тушунмайман;

Кўпчилик орасида кийимини, соатини, браслетини, машинасини фалон пулга олганини баланд овозда айтиб, айтганда ҳам гўё арзонга олгандек, ўзини ўша нархга нисбатан эътиборсиз тутиб гапирадиганларни тушунмайман;

Кийимидан мусулмонлик, ўзбеклик асари ҳеч кўринмайдиган аёл-қизлар жамоат жойларида «ҳамма мени кўрсин, эркакларнинг мазаси қочсин» дея юриб, юрганда ҳам худди ўзини жиноят содир этмаётгандек, сипо кийингандек тутадиган, ўз либосининг фалокатли эканига нисбатан «эътиборсиз қиз» режимини ёқиб оладиганларни тушунмайман.

Хотини тўртинчисига ҳам қиз туққанда, энсаси қотадиган, хотинига хўмраядиган жипириқларни, келинига кесатиқ гаплар гапирадиган қайноналарни тушунмайман.

Ўз юртида чиқадиган автоуловларни ўз халқига қиммат сотадиган монополистларни тушунмайман.

Қибла қайси томондалигини била туриб, танаси соғ, ўзи мусулмон бўла туриб, намоз ўқимайдиганларни умуман тушунмайман.

Юқоридаги келтирилган жумлаларни тушунишни истамайман, бироқ ушбу камчиликларни Аллоҳ таоло ислоҳ қилишини хоҳлайман.

Эй юртдошим! Агар сиз шундай ишлар билан машғул бўлиб, ўзингизни хурсанд қилиб, нафсингизни қондириб юрган бўлсангиз, Аллоҳ таолонинг ушбу Каломини қалбингизга ва бутун вужудингизга сингдириб, хотирангиздан ўчмайдиган қилиб олинг!

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُم بَيْنَكُم بِالْبَاطِلِ وَتُدْلُوا بِهَا إِلَى الْحُكَّامِ لِتَأْكُلُوا فَرِيقًا مِّنْ أَمْوَالِ النَّاسِ بِالْإِثْمِ وَأَنتُمْ تَعْلَمُونَ

«Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини гуноҳ ила ейишингиз учун уни ҳокимларга ташламанг» (Бақара сураси, 188-оят)

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ҳаромдан озиқланган ҳеч бир жасад жаннатга кирмайди».

Абу Яъло, Баззор ва бошқалар ривояти.

Агар ушбу мақолани ўқигач, қайсидир юртдошимиз ўзининг қилаётган ишларидан пушаймон бўлиб, Аллоҳ таолога тавба қилиб, ҳалол йўл билан пул топишга ўтса, биз ўзимизни мақсадимизга эришган деб ҳисоблаймиз.

Аллоҳ таоло ҳолимизни ислоҳ қилсин, жамиятимиздаги тушунарсиз нарсалар ислоҳ бўлиб, барчамиз У зот буюрганидек яшашимизни насиб этсин. Барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

Нозимжон Ҳошимжон

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ихлоснинг ҳақиқати Аллоҳ таолодан бошқа барча нарсадан халос бўлмоқ ndash қутулмоқдир.Ихлос ndash амални, гапсўзни ва ибодатни уларга хиралик етказадиган риё, давоми...

3437 09:00 / 25.09.2021
Ибодатларга лоқайд бўлмаслигимиз керак. Аёллар намозларини қолдирмасликлари лозим, эркаклар эса уйларида нафл намозлар ҳам ўқиб туришлари керак.Уйимизда давоми...

2218 15:00 / 29.11.2021
Зилзила, ер силкиниши Аллоҳ таолонинг белги, оятларидан бири бўлиб, бандаларга охиратни эслатиш, аламли азобдан огоҳлантириш ва уларга заифликларини сездириб давоми...

4272 22:19 / 21.03.2023
Подшоҳлардан бири иккита ажойиб бургутни ҳадя сифатида қабул қилиб олди. У бургутлар подшоҳнинг ҳаёти давомида кўрган энг чиройли қушлар эди. Подшоҳ ушбу давоми...

2496 17:00 / 28.07.2022