1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Саломимни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етказинглар

11:00 / 30.08.2021 2469 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Улуғ султон, Абул Фатҳ Маликшоҳ ибн султон Алп Арслон Муҳаммад ибн Чағирбек Салжуқий Туркий.

Оталаридан кейин ҳукмронлик қилганлар. Алп Арслоннинг кўрсатмаларига мувофиқ, вазир Низом олтмиш бешинчи йилда Маликшоҳга қарши фитна уюштирган. Маликшоҳга амакилари Кирмон подшоҳи Қорут қарши чиққан. Ҳамадон яқинида катта жанг бўлган. Амакилари енгилиб, асирга олинганда Маликшоҳ у кишини қаттиқ койиганлар. Шунда амакилари: “Вазирларинг мен билан ёзишма қилиб гиж-гижлашди”, – деб, улар ёзган мактубларни кўрсатган. Маликшоҳ уларни ўқиб бериш учун Низомулмулкка узатганлар. Низомулмулк хатларни оловга ташлаб юборган. Вазирлар сирлари фош бўлмаганидан суюниб, султонни улуғлаб, унинг итоатига киришган ва ўз садоқатларини билдиришган. Маликшоҳ амакиларини бўғиб ўлдиришга буюрганлар. У киши оталари султон Алп Арслон эгаллай олмаган юртларни эгаллаганлар. Мовароуннаҳр, Ҳаётила, Бобул абвоб, Рум, Жазира ва Шомнинг анча қисми шулар жумласидандир. Узунасига Кошғардан Қуддусгача, энига Қустантиниядан (Константинополь) Хазар мамлакати ва Ҳинд океанигача ҳукмронлик ўрнатганлар.

Ибн Халиконнинг нақл қилишларича, Маликшоҳ ов ва кўнгилхушликларни ёқтирадиган, иморат қурдиришга, ариқ ва ҳовуз қаздиришга, шаҳар атрофини девор билан ўратишга қизиқувчи, хушхулқ инсон бўлганлар. Бағдодда катта масжид қурдирганлар. Эгаллаган юртларида ўлпон ва хирожларни бекор қилганлар.

Макка йўлида анча-мунча ислоҳотларни амалга оширганлар. Айтишларича, у киши овлаган жониворларининг ҳисобини олиб борганлар. Овлаган йиртқичларининг сони ўн мингга яқин бўлган. “Мен ейилмайдиган жонзотларни ўлдиришдан қўрқаман”, – деб ўн минг динор садақа чиқарганлар.

Бир гал Ироқдан Узайб (Қодисиядан тўрт мил узоқликдаги жой номи) томонга овга чиқадилар. Кўп нарса овлайдилар. У ерда (480 йили) ваҳший ҳайвонларнинг туёқ ва шохларидан Қарун минорасини қурдирадилар. Ўша минорага чиқиб, ҳажга кетаётганларни кўриб, хаёлга чўмадилар. Қалблари юмшаб, минорадан тушиб, сажда қиладилар, юзларини тупроққа суртиб йиғлайдилар. Она тилларида: «Менинг саломимни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етказинглар. “Осий, қулликдан бўйин товлаган банда Абул Фатҳ сизнинг хизматингизда”, – денглар. Эй Аллоҳнинг Расули! Агар сизнинг равзангизда ўтиришга лойиқ бўлганимда, суҳбатингизга борардим. Лекин мен бунга муносиб эмасман», – деганларида, одамлар у кишига қўшилиб дод солиб йиғлайдилар, шоҳнинг ҳаққига дуо қиладилар.

У кишининг ҳукмронликлари даврида йўллар қароқчилардан тозаланган, нарх-наво арзонлашган.

Халифа Муқтадий биллаҳ Маликшоҳнинг қизига уйланганлар. Совчиликка шофеъийлар шайхи Абу Исҳоқ Шерозий борганлар. Тўй 480 йилда бўлган. Султон аскарларига шундай зиёфат уюштирилганки, унақасини ҳеч ким эшитмаган. Зиёфатга қирқ минг манн шакар келтирилган. Келинчак Жаъфар исмли ўғил туғиб берган.

Маликшоҳ Бағдодга икки марта ташриф буюрганлар. Ҳалабга ҳам борганлар. Ўша пайтда халифа Муқтадий биллаҳнинг номидан бошқа нарса қолмаганди. Маликшоҳ Бағдодга учинчи марта келганларида касал эдилар. Халифа Муқтадий давлат ишларини ўғли Мустазҳирга топширганди. Маликшоҳ халифадан Мустазҳирни ишдан четлаштириб, давлат бошқарувини қизларининг ўғли Жаъфарга топширишга ва Жаъфарни Бағдодда қолдириб, оилалари билан Басрага кўчиб ўтишга рухсат сўрайдилар. Бу истак Халифага оғир ботиб, ҳайрон бўлиб, тайёргарлик кўриш учун ўн кун муҳлат сўрайди. Ўн кун якка ўзи холи қолиб, рўза тутади ва тупроқ устига ўтириб, Яратганга тавба-тазарру қилади. Бу орада султон Маликшоҳнинг касали кучайиб, 485 йил шаввол ойида 39 ёшда вафот этади.

Айтишларича, у киши учун тайёрланган сиркага заҳар қўшилган экан. Бундан бир неча кун олдин вазирлари Низомулмулк ҳам ўлдирилган эди. Бағдодда султон Маликшоҳнинг жанозаларига ҳеч ким келмайди. У киши учун таъзия очилмайди. Тобутлари Исфаҳонга олиб кетилиб, у ердаги катта бир мадрасага дафн этилади.

Халифа Мустазҳир биллаҳ Маликшоҳнинг кейинги қизи Хотунга уйланади. У кишидан кейин фарзандлари кўп йиллар мансаб талашишади. Уларнинг орасида охирида вафот этган фарзандлари Хуросон соҳиби Санжар оталаридан кейин етмиш йилга яқин яшаган.

Маликшоҳ катта қўшинга эга бўлса-да, уловлари кам эди. 482 йилда Амударёдан Мовароуннаҳр томонга кечиб ўтиб, Бухоро ва Самарқандни эгаллаганлар. Кошғаргача бўлган турк ерларига юриш қилганлар. Бу юртларнинг ҳукмдорлари у кишига итоат этиб, хизматларида ҳозир бўлишган.

Муайяд ўзларининг “Тарих” китобларида шундай ёзганлар: “Маликшоҳ чирой ва хулқда инсонларнинг гўзалларидан эди. Хитойдан Шомгача, Румдан Ямангача у кишининг номларига хутба ўқиларди. Ҳалабни ҳам ишғол қилдилар. Дунё у кишига бўйсунганди”.

«Машҳур даҳолар сийрати» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад ибн Мункадир раҳимаҳуллоҳнинг иниларининг вафотиМуҳаммад ибн Мункадир ибн Абдуллоҳнинг кунялари Абу Абдуллоҳ ишончли, фозил, ровий ҳисобланиб, улуғ давоми...

2087 09:00 / 23.12.2022
Беназир имом, ҳофиз Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Ҳасан ибн Али ибн Рустам Бухорий Калободий. 323 йилда таваллуд топганлар.Калобод ndash Бухоро давоми...

2191 13:30 / 13.06.2021
Шайх Фарийд Божий Тунисий Дамашқдаги .АлФатҳул Исламий, маъҳадида дарс бераётган пайтлари эди. Бир куни тушларида шайхлари Абдулҳодий Харсани кўрдилар ва у давоми...

3208 13:00 / 26.12.2021
Имом Абу Довуднинг исми Сулаймон ибн Ашъас ибн Исҳоқ Аздий Сижистонийдир. Бу зот ҳадис илмининг ҳофизларидан, Сунанrdquoнинг соҳибидир. Сижистон Хуросоннинг давоми...

8003 22:17 / 27.04.2017
Аудиолар

211032 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

10430 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130292 14:35 / 11.08.2021