1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Наманганнинг Косонсой туманида «Эшонбобо» масжиди янгидан қурилмоқда

15:28 / 10.08.2021 3227 pdf Ўқиш режими + -

Наманган вилоятининг Косонсой туманида 150 йиллик кўҳна масжид ўрнига янгиси барпо этилмоқда. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар берди.

Туманнинг «Тагижар» маҳалласида жойлашган «Эшонбобо» масжиди кейинги йилларда нураб, бинога путур етишни бошлаганди. Қолаверса, бор-йўғи 120 кишига мўлжаллангани боис кейинги пайтларда намозхонлар ичкарига сиғмай, жаноза, жума ва ҳайит намозлари кўчада ҳам ўқилаётганди.

«Бу жойлар зах бўлгани сабабли масжидни баландликка, катта йўл ёқасига кўчиришга қарор қилинди. 2019 йил июль ойида қурилиш бошланди. Катта ҳомийларимиз йўқ, ҳашар йўли билан барпо этиляпти. Лойиҳаси ажойиб ва кўриниши ниҳоятда гўзал бўлгани учун ҳали битмасидан туриб Фарғона ва Андижон, Самарқанд ва Жиззахдан ҳам келиб кўриб кетишяпти», — дейди маҳалла оқсоқоли Хошимжон Охунов.

Ушбу масжидни лойиҳалаштирган Адҳамжон Умаров шу пайтгача республиканинг турли вилоятларида 150 дан ортиқ масжиднинг қурилишига бош-қош бўлган. Энди ўзи туғилиб-ўсган юрт олдидаги қарзни ўташ фурсати ҳам келди.

«Масжидимиз қурилишида динимизга оид сана ва рақамлар уйғун бўлиб боряпти. Бинонинг диаметри 30 метр — Қуръоннинг 30 порасига монанд. Асосий гумбазнинг баландлиги 27 метр, Қадр кечасини ёдимизга солади. Ёнидаги тўртта кичик гумбаз тўрт халифага ишора. Бўлажак миноранинг баландлиги пайғамбаримиз яшаб ўтган йилларга қиёсан 63 метр. Унга олиб чиқадиган зиналар эса Қуръон суралари сони билан бир хил — 114 та», — дейди Адҳамжон Умаров.

Умаровнинг айтишича, янги масжидга айвонлари билан қўшиб ҳисоблаганда 5 минг киши сиғади. Унинг асосий гумбази диаметри қарийб 15 метр бўлиб, титан қопламаси Россиянинг Краснодар ўлкасидан келтирилган. Қоплама қаерга ишлатилишидан хабар топган ўша ердаги тадбиркорлар йўл харажатлари ва божхона тўловларини ҳам зиммасига олишибди.

«Косонсой аҳли масжид қурилиши учун жуда катта ҳисса қўшяпти. Кимдир цемент, кимдир ёғоч ёки арматура. Ҳатто тўрт туп терагидан иккитасини бериб, нега ишлатмаяпсизлар дея хафа бўлаётганлар бор. Нақл қилинишича, масжид учун битта шам ёққан кишига то ўша шами ўчгунига қадар фаришталар истиғфор айтиб, ажри қиёматга қадар борар экан. Масжид 60-70 фоизга битиб қолди, Инша Аллоҳ, бир йил ичида кўчиб ўтамиз. Узоқ вақт мобайнида халқимизга хизмат қилсин. Ўзи камида 500 йилни ният қилиб қуриляпти бу бино», — дейди «Эшонбобо» жоме масжиди имом-хатиби Ибодулло Усмонов.

Маълумот учун, бугунги кунда Косонсой туманида 18 масжид фаолият олиб бормоқда. Улардан иккитаси мукаммал таъмирланяпти, учтаси, жумладан, «Эшонбобо» масжиди қайтадан бунёд этилмоқда.

Барчамиз ушбу масжид қурилишида кўмаклашайлик! 

Манба: daryo.uz

 

Мавзуга оид мақолалар
1. Масжиднинг умумий майдони 1 миллион кв.метрни ташкил этади.2. Масжид ҳудуди 2 миллион кишини сиғдиради3. Йилига 20 миллион зиёратчини қабул қилади.4. Тунукун 24 соат давоми...

10497 12:45 / 21.03.2022
Туркиянинг Сафранболу шаҳридаги марказий масжидда шаҳардаги қорилар тайёрлаш мактабининг 27 нафар битирувчисини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар давоми...

2353 10:00 / 26.06.2019
.Hilol Nashr, нашриётматбааси ва Islom.uz портали жамоаси Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси, устоз Яҳё домла Раззоқовга падари бузрукворлари Ҳабибулло ота давоми...

965 22:30 / 14 октябрь
Рамазон ойининг 27куни арафасида Маккадаги Масжидул Ҳаром ва Мадинадаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидлари намозхонлар билан тўлди. Ҳар йили давоми...

1999 14:00 / 30.04.2022
Аудиолар

213379 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132599 14:35 / 11.08.2021