1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Раддия

Уламолар шаъни ва обрўсига эҳтиёт бўлайлик!

14:30 / 24.06.2021 3020 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кейинги вақтларда ижтимоий тармоқларда айтилаётган баъзи гап-сўзлар, тарқатилаётган айрим материаллар дин ҳақида қайғурадиган ҳар бир мусулмонни хавотирга солмоқда, дилига қайғу келтирмоқда. Кўпчилик гувоҳ бўлиб турибдики, биз дилни хира қиладиган, кўпчиликни ранжитган ишларни назарда тутмоқдамиз.

Хусусан, юртимизга таниқли, халқимиз ардоқлаган ва мусулмонларимиз эргашаётган уламоларни беҳурмат қиладиган, уларнинг камчиликларини оммага ошкор этувчи видеомонтажлар ҳақида мулоҳазаларимизни айтишга мажбур бўлмоқдамиз. Айниқса, беодоб кишиларнинг шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳдек олимни ҳам бу шаклда сохта кўринишда кўрсатиш одобсизликнинг ҳадди аълоси бўлди. Кўнглимизда бу ишни мусулмон қилмаса керак, балки диндан қўрқадиган, динга адоват кўзлари билан қарайдиган кимса содир қилган бўлса керак деган ўй ўтди. Чунки мусулмон мусулмоннинг обрўсини тўкмайди. Мусулмон мусулмоннинг шаъни, обрўсини ўзининг шаъни ва обрўси каби билади. Ўз номини қандай ҳимоя қилса, бошқа мусулмоннинг ҳам шарафини шу қадар ҳимоя қилади.

Агар бу ишни ўзини мусулмон деб атайдиган кишидан намоён бўлса, қандай муносабат билдиришимиз керак? Бу ўринда бизда савол туғилади.

Ислом олимларини беҳурмат қилаётган, уларга ҳуда-беҳуда нуқсонларни нисбат бераётган, уларнинг саҳван йўл қўйган хатоларини оммага жар солаётганлар бу ишни нима учун ва қандай мақсад билан қилмоқдалар?

Албатта, ҳеч бир мусулмон бу ишга динга ва аҳли Исломга қасди борлиги учун қўл урмайди. Бу иш илмсизлик ва жаҳолат, билмаслик ва ғафлат мевасидир. Бундай ножоиз ҳаракатлар диний илмни етишмаслиги, воқеа ва ҳолатларга дин мезони ва шариат шартлари билан эмас, ўз нафси, тасаввурлари, шахсий хулосалари асосида муносабатда бўлишнинг ҳосиласидир.

Келинг, сўзимиз давомида исломий биродарлик, мусулмоннинг айби ва унга бўлган муносабат, мусулмон олимларининг жамиятдаги мавқеи, уларга кўрсатиладиган эътимод ҳақида мулоҳаза юритсак.

Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасининг 10-оятида шундай марҳамат қилади:

إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

«Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз»

Бу ояти каримадан маълум бўлмоқдаки, биринчидан, мўминлар биродардирлар, араб тилидаги «ихватун» сўзи туғишган ака-ука демакдир. Иймон келтирганлар туғишган ака-укалар сингари яқин ва қадрдонлардир.

Иккинчидан, Аллоҳ таоло «Фа аслиҳу» дея ислоҳ қилишни буюрмоқда. Инсонларнинг орасида келишмовчилик, тушунмовчилик ва янглишлар содир бўлганда ислоҳга эҳтиёж туғилади. Демак, мўминларнинг айрим ҳолларда янглишлари, ўзаро ихтилофга боришлари кузатиладиган одатий ҳолдир. Бироқ бу ҳолатда бошқа мўминларнинг вазифаси дарҳол орани ислоҳ қилиш, тузатиш ҳисобланади. Аллоҳ таоло ўз бандаларининг табиатини яхши билгани учун уларда учрайдиган нуқсонни бартараф қилиш йўлларини ҳам кўрсатиб қўймоқда.

Учинчидан, Аллоҳ таоло «Аллоҳга тақво қилинг!», яъни «Аллоҳдан қўрқинг!» дея амр, эслатма беряпти. Демак, ўрталарида бироз тушунмовчилик юз берган мўминларнинг орасини ислоҳ қилиш, тортишиб қолганларнинг бу ислоҳга чин дилдан рози бўлиши, бир-бирларини кечириб, афв этишлари Аллоҳдан қўрқишнинг, тақвонинг белгисидир. Агар икки мусулмонни бошқа мусулмон яраштирмаса, орасини ўнглашга ҳаракат қилмаса ёки бундай хайрли ишга тортишиб қолганлар кўнмасалар, кибр қилсалар, бу Аллоҳга тақво қилиш эмас, балки Аллоҳдан қўрқмасликдир.

Тўртинчидан, мўминлар Аллоҳга тақво қилсаларгина, Аллоҳнинг раҳматига эришадилар. Шунинг учун Аллоҳ «Ла аълла кум турҳамун», яъни шояд раҳм қилинсангиз деб айтяпти. Бундан шундай хулоса чиқадики, мўминлар ўзаро тортишиб қолсалар, уларнинг устидан Аллоҳнинг раҳмати кўтарилади. Мўминлар бир-бирларига раҳм қилмасалар, ўзаро қилпичоқ бўлиб, адоватлашсалар, Аллоҳ уларга раҳм қилмайди, балки ғазаб қилади. Демак, дарҳол уларнинг орасини тузатиш, ислоҳ қилиш, яраштириш шарт, шундан сўнг Аллоҳ уларга раҳм қилиши, раҳматини ёғдириши мумкин.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг «Адаб ал-муфрад» ҳадислари тўпламини «Одоблар хазинаси» номи билан ўзбек тилига шарҳлаган ҳолда таржима қилган. Мазкур китобда қуйидаги ҳадис бор:

عَنْ أَبِي الْهَيْثَمِ رِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَ قَوْمٌ إِلَى عُقْبَةَ بْنِ عَامِرٍ فَقَالُوا: إِنَّ لَنَا جِيْرَانًا يَشْرَبُونَ وَيَفْعَلُونَ، أَفَنَرْفَعُهُمْ إِلَى الْإِمَامِ؟ قَالَ: لَا، سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «مَنْ رَأَى مِنْ مُسْلِمٍ عَوْرَةً فَسَتَرَهَا، كَانَ كَمَنْ أَحْيَا مَوْءُودَةً مِنْ قَبْرِهَا».

Абул Ҳайсамдан ривоят қилинади:

«Уқба ибн Омирнинг олдига бир қавм келиб:

«Бизнинг қўшниларимиз ичишади, у қилишади, бу қилишади, шуни бориб, имомга айтсакмикан?» – дейишди.

«Йўқ! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким бир мусулмоннинг айбини кўрса ва уни беркитса, худди тириклай кўмилган қизни қабрдан чиқариб, қутқариб олгандек бўлади»– деганларини эшитганман», – деди».

Ушбу ҳадис Абул Ҳайсам раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган. У киши эса Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳунинг ҳаётида бўлган, у киши айтган ҳадисни бизга етказмоқда. Яъни, Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳунинг олдига бир қавм – бир жамоа келди. Улар ўз қўшниларидан шикоят қилишди. Қўшнилари ичаркан ва турли номақбул амаллар қилишар экан. Шуни имомга бориб айтсакмикин, шикоят қилсакмикин деб сўрашди. Имомдан мурод – ўша вақтдаги халифа ёки Ислом амиридир. Аммо Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу: «Йўқ, айтманглар», – дедилар. Нима учун? Ҳадис шарҳида айтиладики, «...айбдорлар бу ишни яшириб қилишган. Яшириб қилса, демак, бир гап бор, демак, бир марта қилган бўлиши мумкин, кейин қилмаслигига умид бор. Лекин ошкора қилса, бу иш масъул одамга албатта етказилади. Мисол учун, биров кўчада ошкора маст бўлиб юрибди. Буни айтмай бўлмайди. Лекин уйида бекиниб, яширинча ичаётган кишини кўрган одам бу ҳақда ҳаммага жар солмаслиги, аксинча, буни яшириб, «Мен нотўғри кўрган бўлайин, бу иш яхши бўлиб кетсин» қабилида Аллоҳ таолога дуо қилиши керак экан. Иншааллоҳ, шунда ҳаммаси яхши бўлиб кетади».

Демак, бир мусулмоннинг айбини беркитиш билан мўмин киши «худди тириклай кўмилган қизни қабрдан чиқариб, қутқариб олгандек бўлади».

Хулоса шуки, мусулмонлар бир-бирларининг айбларини айтишга, бир-бирларини шарманда қилишга шошилмасинлар. 

Бугун биз ўз ҳолимизга боқайлик, ўзаро тортишишга ружу қўйдик, бир-биримизнинг пинҳон ва ошкор айбларимизни излаб топиб, одамларга тарқатмоқдамиз, орамизни ислоҳ қилиш ҳақида қайғурмаймиз, бу ҳақда ўйламаяпмиз, аксинча, айрим хатти-ҳаракатларимиз ўртадаги келишмовчиликни алангалатиб, уни адоватга айлантириш мақсади бордек тасаввур уйғотмоқда. Айниқса, мусулмон олимларининг вафотидан хурсанд бўлиш, бу хурсандчиликни изҳор қилишдек ёмон кўрилган амаллар мутлақо холислик эмас, балки душманликни ёдга солади.

Бу масаланинг бир томони, яна бир жиҳати шуки, агар мусулмон биродаримизда ёки олимларда бирор камчилик кўринса, қандай йўл тутишимиз керак? Бу ҳолда унинг шахсан ўзи билан юзма-юз кўришиб, насиҳат қилиш мақсадга мувофиқдир.

روى الإمام مسلم رحمه الله في "صحيحه

 عَنْ تَمِيمٍ الدَّارِيِّ رضي الله عنه : " أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ :( الدِّينُ النَّصِيحَةُ ) قُلْنَا لِمَنْ ؟ ، قال : ( لِلَّهِ وَلِكِتَابِهِ وَلِرَسُولِهِ وَلِأَئِمَّةِ الْمُسْلِمِينَ وَعَامَّتِهِمْ ) " .

Имом Муслим ўзининг «Саҳиҳ»ида ривоят қилади:

Тамийм ад-Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, дин насиҳатдир», – дедилар.

«Ким учун, эй Аллоҳнинг Расули?» – деб сўрадик.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ учун, У Зотнинг Китоби учун, У Зотнинг Расули учун ва мусулмонларнинг имомлари ҳамда оммалари учун», – дедилар.

Насиҳат рост сўзлаган ҳолда ҳақни етказишдир.

Диннинг Аллоҳ учун насиҳатлиги Аллоҳга иймон келтириш ва унга итоат қилиш, бошқаларни ҳам шунга чорлашдир.

Диннинг Аллоҳнинг Китоби – Қуръон учун насиҳат эканлиги Қуръонни ўқиш, тадаббур қилиш ва унга амал этмоқ ва бошқаларни ҳам шунга чақиришдир

Диннинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун насиҳат экани суннатга эргашмоқ ҳамда бошқаларни шунга даъват этмоқдир.

Диннинг мусулмонларнинг имомлари учун насиҳат эканлиги мусулмон имомлари (хусусан, раҳбарлари)га насиҳат қилиш, адолатга чақириш, уларга бўйсуниш, бошқаларни шунга чорлашдир. Хато ва саҳвга йўл қўйсалар, уларнинг ўзларига бу ҳолдан хабар беришдир.

Диннинг омма учун насиҳатлиги оммани яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришдир.

Шунингдек, инсон ўзига насиҳат қилиши шарт. Мусулмонлар бир-бирларини масхаралашлари, обрўларини тўкишлари, овозларини баланд кўтариб, фожирлик қилиб жанжаллашишлари насиҳат ҳисобланмайди. Аксинча, ҳусни хулқ, гўзал сўз ва чиройли амал энг фойдали насиҳатдир.

Муаммонинг яна бир жиҳати – ҳар ким ўз вазифасини англаши, шунга мувофиқ ҳаракат қилишидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар иш эгасининг қўлидан бошқага ўтса, қиёматни кутавер», – деганлар.

Бу ҳадиснинг матни каттароқ, биз ундан иқтибос келтирдик, уни имом Бухорий ва имом Муслимлар ривоят қилишган.

Насиҳат қилувчи насиҳат қилмаса, яъни бу иш бошқанинг қўлига топширилса, бошқа инсон ўзи муносиб бўлмаган ишга даъво қилса, бу қиёматнинг аломатларидан ҳисобланар экан.

Хулоса, ҳар биримиз динимизга тўкис амал қилиш истагида эканмиз, мусулмонлар шаъни ҳақида қайғурмоғимиз лозим. Мусулмон биродарларимизнинг айбу нуқсонларини излашдан тийилайлик. Уларнинг айбу нуқсонларини оммага жар солишдан ҳаё қилишимиз мақсадга мувофиқдир. Агар мусулмонда йўқ нуқсонни гапирсак, туҳмат, бор айбни ортидан гапирсак, албатта, ғийбатдир. Бу ишларнинг барчасидан қайтарилганмиз. Токи бирлигимизга путур етмасин. Аллоҳнинг раҳматидан мосуво бўлмайлик.

Абдул Ҳамид Маликов,

Пискент туман бош имом хатиби

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳимМуқаддима олдидан кириш сўзиУшбу китоб салафийларнинг раьйлари ва уларни машҳур қилган мафкуралари хусусидаги бирор мунозарани ўз давоми...

2832 05:00 / 13.03.2017
13савол. Қуръонда бемаъни хато бор сизнинг Муҳаммадингиз Исонинг онаси Авлиё Мариямни Мусонинг иниси бўлган Хоруннинг синглиси деб ҳисоблайди. Қандай қилиб сиз давоми...

3478 20:42 / 22.04.2017
Ҳозирги пайтда дунёда кечаётган воқеаларни холис кузатиб турган ҳар қандай мусулмон ўзига шундай саволларни бериши табиий .Мусулмонлар намунча бунчалик кўп давоми...

3225 16:00 / 30.11.2022
12 савол. Исломда аёлга муносабат қўрқинчли у эрининг сўзсиз қули, уни уриши мумкин, у эридан берухсат бир қадам қўйиши мумкин эмас, қамоқда ўтириши ва агар давоми...

3078 20:41 / 22.04.2017
Аудиолар

118750 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40709 14:35 / 11.08.2021