1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Ёрқинжон домланинг вафоти аср мусибатларидан биридир (ҳижрий 1398-1442)

14:00 / 18.06.2021 11998 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳижрий 1442 йил 6 зулқаъда чоршанба куни кечқурун аянчли ҳодиса сабабли шайх ва етук даъватчини йўқотган Туркистон, хусусан, Ўзбекистон халқига, Қўқон аҳолисига таъзия билдираман. Аллоҳ у кишини раҳматига олсин.

Халқ ва юртидаги ёшлар орасида таниқли бўлган Ёрқин ибн Убайд Фозил Ҳўқандий даъват қилиш, динни етказиш, одамларни яхшилик узра тўплаш бўйича тенгдошлари орасида ажойиб намуна эди.

Ёрқин домла ҳаётини ёшларга таълим бериш, уларни мўътадил, тўғри, холис Аллоҳ таолонинг розилигига олиб борадиган йўлга қайтаришга бағишлаган Ислом умматининг ёш олимлари ичида ноёб, дурдона шахс эди.

Ёрқин домла аввалги пайтданоқ деярли намунали исломий шахс бўлиб, кичиклардан олдин тўғридан-тўғри катталарнинг қалбларига кириб борди. Аллоҳ унга тил ширинлиги, иборадаги ёқимли хислатни, солиҳ амалларга тарғиб этиш, одобга чорлашда енгил услубни берган. Илм мажлисида малолланиш йўқ, гаплари ширин, ҳикоялари шавққа тўла, суҳбатида илм ва одоб кўзга ташланиб туради.

Ёрқин домла ўзини талаби илм ва сафар билан машғул қилар, Марказий Осиё, Ҳиндистон, Татаристон, Туркия, Миср қаерда бўлмасин, вақтидан унумли фойдаланар, уни беҳуда нарсаларга совурмасди, кимгадир фойдаси тегар, ўзи ҳам фойда олар, бошқаларга манфаати тегиб, ўзи ҳам улардан фойдаланарди. Кўплаб фанларни ўзлаштирган, тилларни пухта ўрганган бўлиб, нотиқлик, қавмга таъсир ўтказиш борасида Аллоҳ унга ато этган малака сабабли сўзласа, қалбларни эгаллаб, асир қилиб олар, одамларнинг эътиборини ўзига қаратарди. Унинг мавъизалари фойдаларга тўла эди. У бир ояти каримани зикр қилиб, уни тафсир китобларда келган маълумотлар билан тафсир қиларди, унга набавий ҳадисдан далил келтириб, шаръий мақсадни англатарди, мўътамат (яъни, ишончли, далилли) фиқҳий ҳукмни айтиб, сўнгра салафи солиҳларнинг хабарларини келтирар, сўнггидан ҳозирги замон уламоларининг аҳволлари, уларнинг илмий хулосаларини зикр қилиб, ақлларни ҳаракатга келтирадиган бирор қизиқ сўзни айтарди ва уни ажойиб осон услуб билан етказиб гапини тугатарди.

Мен у билан 2018 йилнинг август ойида Фарғона водийсида учрашдим. Танамиздан аввал руҳимиз учрашди. Гўё кўп йиллардан бери бир-биримизни яхши танийдигандек. У киши нақадар солиҳ ҳамроҳ эди. Ўзбекистоннинг бир қанча жойларига боришимда менга ҳамроҳ бўлди. Сўнг Қоҳирага кетди. У билан 2019 йилнинг январида кўришдим, кейинги учрашувимиз ҳам 2020 йилнинг январида Қоҳирада бўлди. Шайхларнинг илм мажлисларида, дарсларда, китоблар излашда, авлиё ва солиҳларни зиёрат қилишда, толиби илмлар билан танишишда, турли илм борасидаги ўзаро музокара, дарс асносида, баъзи мавзуларни чуқурроқ ўрганишда, айрим саҳифаларни таржима қилишда, тўла англанмаган масалаларни очадиган калит (маълумот)ларни қидиришда бирга юрган дамларимиз ёқимли онлар бўлган эди.

Вафот этадиган куни мен билан ижтимоий тармоқ орқали боғланиб, бирга излаган шайхимизнинг қабрини топганини хушхабар тарзида айтиб қолди. (Биз излаган шайх) Шайх Муҳаммад Закариё Бухорий Маданий раҳимаҳуллоҳнинг устози шайх Искандар Халифа эди. Ёрқин домла Қирғизистоннинг Бешбурҳон қишлоғидаги шу (Искандар Халифа)нинг қабрини зиёрат қилишга бориб, бир неча соатдан сўнг қайтаётганда йўлда юз берган автоҳалокат оқибатида Аллоҳ таолонинг қазои-қадари билан вафот этди. Аллоҳ уни раҳматига олсин.

Албатта, Ёрқин домланинг вафоти катта йўқотиш, таъсирли фалокат ва аср мусибатларидан биридир. Йўқ, биз ноёб истеъдодли шайх ва даъватчини йўқотганимиз учунгина бундай демаяпмиз, балки бундай таъсир доираси кенг Ислом шахсларининг Ислом уммати ичидан топилиши осонликча бўлмайди. Мавлойим азза ва жалладан у кишининг ўрнига яна яхшисини беришини сўрайман.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

Аллоҳ (сабрингизга яраша) ажрингизни кўпайтириб берсин!

Мансур Бухорий

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саудия Арабистони ўзбекларидан бўлган шайх Мансур Абдулбоқий Бухорий 1971 йил Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида туғилган. Унинг оиласи Андижондан 1927 йили давоми...

2557 13:30 / 19.08.2022
Ҳофиз, муҳаддис, илм талабида юрт кезган Абу Имрон Мусо ибн Қурайш ибн Нофеъ Тамимий Бухорий.Абу Нуъайм, Али ибн Айёш, Ҳимсий, Муслим ибн Иброҳим, Исҳоқ ибн Бакр ибн давоми...

2081 11:00 / 10.01.2021
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .У киши ансорийлардан бир аёлни куёвникига тушириб олиб бордилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Эй Оиша, давоми...

2551 19:02 / 01.10.2021
Зиёрат рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида ўзбек қориларидан бири бўлмиш Абдували қори Али қори ўғлининг уйларига ташриф буюрдик. Қори домланинг давоми...

12614 09:43 / 27.12.2017