1447 йил 4 шаъбон | 2026 йил 23 январь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Ким илм йўлини тутса

09:19 / 16.06.2021 2818 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан ўтирганларида уларни илмга тарғиб қилиб шундай дедилар:

«Ким илм талаб қилиш йўлига кирса Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини осон қилиб қўяди. Фаришталар толиби илмдан рози бўлиб унга қанотларини тўшаб туришади. Олимга самолардаги ва ердаги барча нарсалар, ҳатто денгиздаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан афзаллиги ойнинг бошқа юлдузлардан афзаллигига ўхшайди. Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ёки дирҳам мерос қолдиришмайди. Улар илмни мерос қолдиришади. Ким уни олса, демак тўлиқ насибани олибди!».

Илм талаб қилиш ҳақида келган қиссаларнинг энг ажойибларидан бири Андалус имоми Бақий ибн Махлад қиссасидир. У илм талабида Қуртубадан Мағриб (Марокаш)га сафар қилди. Сўнгра, имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳдан илм олиш учун Мағрибдан Бағдодга пиёда сафар қилди. Бағдодга етиб келгач кўрдики, Аббосий халифа Восиқ Биллоҳ имом Аҳмадга мўътазилаларнинг машҳур фитнаси бўлмиш Қуръоннинг махлуқ ёки махлуқ эмаслиги масаласида ғазаб қилиб уй қамоғига ҳукм қилган экан. Имом Аҳмад Қуръоннинг махлуқ эканлигига унамаган эдилар. Халифа имомнинг жамоат ва жума намозларига чиқишларини, ҳадис ўргатишларини ман қилиб қўйди.

Бақий ибн Махлад буни билгач ноумид бўлмасдан имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳнинг уйларига борди ва эшикларини тақиллатди. Имом эшикни очдилар. Бақий имомга қараб деди:

- Мен узоқ юртдан сиздан ҳадис ўрганиш учун келдим.

Имом сўрадилар:

- Қаердан? Мағрибданми?

Бақий деди:

- Андалуснинг Қуртубасидан.

Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ дедилар:

- Қуртуба узоқ диёр. Аммо сен мени халифа дарсдан ман қилиб қўйганини биласан-ку!

Бақий ибн Махлад имом Аҳмадга деди:

- Ундай бўлса ҳийла қиламиз. Мен ҳар куни сизнинг олдингизга тиланчи кийимида келаман. Эшигингизни тақиллатаман. Сиз мени уйга киритасиз ва ҳадис айтасиз. Мен эса ёдлаб оламан.

Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳга унинг гапи маъқул келди. Аммо ҳеч қаерда ҳадис ҳақида сўзламаслигини шарт қилиб қўйдилар. Чунки у ҳадисдан гапирса ишлари ошкор бўлиб қолиши мумкин эди. Бақий ибн Махлад шартни қабул қилди. У ҳар куни эски ва жулдур кийимда келиб эшикни тақиллатар, «мискинга ёрдам қилинг», дер эди. Имом Аҳмад эшикни очар ва уни даҳлизга олиб кирар, унга ҳадис айтар эдилар. Шунақа қилиб улар имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳнинг «Муснад»ларини тугатишди. У имомдан жуда катта манфаат олди. Сўнгра Андалусга қайтди. У ерда уламолар шайхига айланди.

Олдингиларнинг илм йўлидаги машаққатлари ҳақида келган қиссаларни ўқиб ажабланасан.

Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ биттагина ҳадис учун бир шаҳардан бошқа шаҳарга сафар қилганлар. Имом Розий илм учун ялангоёқ йўлга чиққан эдилар. Бу сафарлари ҳақида шундай дейдилар:

«Ҳадис талабида йилнинг аввалида йўлга чиқдим. Юрган қадамимни санадим. Минг фарсахдан ошиб кетди».

Бир фарсах тўрт километр бўлади. Яъни, у киши илм талаб қилиб тўрт минг километр йўл босганлар.

Бугун илм йўлидаги ҳимматлар жон бериш арафасида десак ҳам бўлаверади. Ёнимиздаги маҳаллада «Саҳиҳул Бухорий»дан дарс бўлади. Аммо уни узоқ ҳисоблаймиз. Бир маҳаллада Қуръон ўқитиладиган жойлар ёпилса бошқа маҳалладаги жойни узоқ ҳисоблаймиз. Расулуллоҳнинг меросларини олишда хижолат бўларли даражада дангасалик қиламиз!

Абдулқодир Полвонов

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳиймАллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, юртимиз ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан тараққий этиб боряпти. Бир томондан давоми...

5661 22:12 / 23.11.2017
4782. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Одамлар кумуш ва тилла маъданлари каби маъдандирлар. Жоҳилиятда яхши давоми...

5626 18:31 / 25.10.2017
Муборакфурий роҳимаҳуллоҳ ўзининг .Сийратул имамил Бухорий, номли китобида келтиради.Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ бир кемага миндилар. Ёнларида минг динор пул бор давоми...

2848 11:00 / 21.10.2021
Ҳайвонот боғини томоша қилиб юрган меҳмонлардан бири филнинг оёғига боғланган кичкина ипга аҳамият бериб қолди. Шундай катта ҳайвонни кичкина ип тутиб турсая давоми...

2410 14:29 / 12.05.2025