1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Закот

Фидя нима?

10:36 / 27 март 18941 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«У(рўза)ни қийналиб тутадиганлар зиммасида мискин таоми фидя бордир» ояти қари чол ва қари кампирга тегишли рухсатдир. Икковлари рўзани қийналиб тутурлар. Улар оғизларини очиб, ҳар бир кун ўрнига бир мискинга таом берурлар. Ҳомиладор ва эмизикли аёллар қўрқсалар, оғизларини очурлар ва таом берурлар»

Бухорий «Тафсир»да ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Бухорийнинг лафзида: 

«Ибн Аббос: 

«Бу оят мансух эмас, балки қари чол ва кампир учундир. Улар рўза тутишга қодир эмас. Бас, ҳар бир кун ўрнига бир мискинни таомлантирурлар», деди» дейилган.

Маълумки, Исломда инсонни тоқатидан ташқари ишга таклиф қилиш йўқ. Жумладан, рўза масаласида ҳам. Шу маънода Аллоҳ таоло ўта қариб қолганлари туфайли рўза тутса қийналиб қоладиган чол ва кампирларга рўза тутмасликка рухсат берган. 

Бу ҳақда Бақара сурасида оятлар келган. Биз ўрганаётган ривоятда улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ана шу ояти кариманинг ҳукмини тушунтириб бермоқдалар.

Мазкур оятга кўра, ўта қари чол-кампирларга рўза тутмасликка рухсат бор ва рўзаси тутилмаган ҳар бир кун эвазига бир мискинга таом беришлари мумкин.

Баъзи бир кишилар ўзлари соғ бўлсалар ҳам ёшлари катталиги туфайли рўза тутишга қийналадиган бўлиб қоладилар. Ана шундай кишилар ҳам рўза тутмасликлари мумкин. Рўзанинг ўрнига фидя берадилар.

«Фидя» сўзининг луғавий маъноси «фидо қилиш» бўлиб, шариатда маълум бир нарсанинг ўрнига мол сарфлаш фидя бериш деб аталади.

Қариликлари туфайли рўза тута олмайдиганлар учун фидя беришнинг жорий қилиниши бежиз эмас. Унда мискинларнинг манфаати билан бирга ўша рўза тута олмаган кишиларнинг ибодатни адо эта олмаганлари учун афсус-надоматларини енгиллатиш ҳам бор. 

Бу ривоятда қари чол ва кампирлар ҳукмига ҳомиладор ва эмизикли аёллар ҳам қўшилиши, агар улар ёш болаларининг соғлиғига зарар етишидан қўрқсалар, оғизларини очиб юришлари мумкинлиги ва кейин фидя беришлари кераклиги ҳақида ҳам сўз кетмоқда. 

Ҳомиладор ва эмизикли аёллар ўзлари ва болаларига зарар етишидан қўрқсалар, рўзани очиб юборишларига рухсат бор. Бунга ҳамма уламолар бир овоздан иттифоқ қилганлар. 

Аммо мазкур тоифадаги аёллар рўзанинг қазосини тутадими-йўқми, деган масалада хилоф бор.

Ҳанафий мазҳабида «Улар рўзанинг қазосини тутадилар», дейилган. Бу мазҳаб уламоларининг ўзларига яраша ҳужжат ва далиллари бор. Қари чол ва кампирларнинг фидя бериш билан кифояланишларига рухсат этилгани уларнинг кейинчалик ҳам рўза тута олмасликлари эътиборидандир. Чунки улар борган сари қариб, заифлашиб бораверадилар. Уларнинг кейинчалик ёшариб, рўза тутишларидан умид йўқ. 

Ҳомиладор ва эмизикли аёллар эса вақтинчалик беморга ўхшайдилар. Ҳомилани туғиб, болани кўкракдан ажратгандан сўнг яна рўзани тутиш имконига эга бўладилар. Бир йилда бир марта келадиган рўзани қазо қилиб тутиш осондир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . .Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Аббос Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан закотни вақти келишидан олдин бериш ҳақида давоми...

2386 12:00 / 04.05.2021
Ийд намозларини ўқиш дуруст ва вожиб бўлиши учун жума намозининг шартлари унда ҳам топилиши лозимдир. Фақат иккита амалда жума намозидаги шартларга хилоф давоми...

5082 05:00 / 14.01.2017
Фуқаҳоларимиз .Закот мусулмон, балоғатга етган, оқил, ҳур, махсус нисобга ва шартларга эга бўлган мол соҳибига фарз бўлади,, деганлар.Мусулмон, балоғатга етган, давоми...

4094 09:30 / 26.04.2021
БисмиллаҳирроҳманирроҳимЗакотни бизларга юборган динининг беш рукнидан бири қилиб белгилаган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинЗакот фарзини қандай адо этиш давоми...

5087 05:00 / 16.01.2017
Аудиолар

211071 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130332 14:35 / 11.08.2021