1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қандай қилиб мусулмон бўлдим? (иккинчи мақола)

09:00 / 19.04.2021 2827 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ваъда берганимдан сўнг устозим бундай деди:

– Ўғлим, сен менинг ҳузуримга келганингда мамлакатингнинг мусулмон диёрларга яқин ё узоқлигини, мусулмонлар билан жанг қилган ёки қилмаганларингни сўраган эдим. Бу саволларни Ислом билан oрaнгиздаги айрилиқ даражасини ўлчаш учун берган эдим. Билгинки, «Парақлит» мусулмонларнинг пайғамбари ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмидир. Унга Жаброил алайҳиссалом воситасида тўртинчи китоб – Қуръон нозил бўлган. Бу китобнинг у пайғамбари жалилга нозил бўлишини, динининг ҳақ дин эканини ва миллатининг Инжилда номи билдирилган ҳақ миллат бўлишини Жаброил алайҳиссалом хабар берган.

– Унда насронийлик ҳақида нима дейсиз? – деб устоздан сўрадим.

Бу гапимни эшитган устоз жуда жиддий тус олди ва бундай деди:

– Ўғлим, агар насронийлар Ийсо алайҳиссаломнинг динида бўлганларида, илоҳий динга қоим бўлишар эди. Чунки Ийсонинг ва бутун пайғамбарларнинг динлари Аллоҳнинг динидир.

– Ундай бўлса, бу ишда нажот топиш қандай бўлади?

– Мусулмон бўлиш билан.

– Мусулмон бўлган нажот топадими?

– Ҳа, мусулмон бўлган дунё ва охиратда нажот топади.

– Ҳазрат, энг фазилатли ва хайрли нарса нима бўлса, ақлли киши ўзи учун шуни танлайди. Сиз Ислом динининг фазилати ва юксак қийматини билганингиз ҳолда, нима учун мусулмон бўлмадингиз? Нима тўсқинлик қилди? – деб сўрадим.

– Ўғлим, Аллоҳ таоло Исломиятнинг фазилатини ва Ислом пайғамбарининг шарафини менга ёшлигимда эмас, ёшим анчага бориб қолганидан сўнг насиб этди. Бу хусусда биз учун ҳеч қандай узр йўқ. Балки илоҳий ҳужжат зиммамизда турибди. Агар сендек пайтимда Вожиб таоло мени ҳидоятга буюрганида, ҳар қандай нарсани тарк этиб, ҳақ динга тез кирардим. Дунёга муҳаббат ҳар гуноҳнинг боши ва тамалидир. Менинг насоролар ичида эришган иззат-ҳурматимни, обрўйимнинг катталигини ва давлатимни биласан. Агар менда мусулмонликка бир оз майл ва рағбат кўрилca, нaсoрoлар мени тинч қўйишмайди, дарҳол ўлдиришади. Фараз қилайлик, уларнинг қўлидан қутулиб, Ислом мамлакатларига илтижо қилдим. Мусулмонларга «Мен Ислом динини қабул қилдим, сизнинг ёнингизга келдим», десам, улар: «Ҳақ динга кириб фойда топибсан. Аллоҳнинг азобидан қутқарган бир динга кириш билан бизни миннат остида қолдирдим деб ўйлайсанми?» дейишади. Мен уларнинг тилини билмайман. Улар менинг ҳаққимни билишмайди. Тўқсон ёшли бир қария сифатида ёнларида қолиб, очимдан ўлиб кетаман. Аллоҳга шукрки, мен ҳазрати Ийсога юборилган диннинг бутун ҳақиқатларига ишонаман.

– Ҳазрат, мен Ислом диёрига кетсам ва мусулмон бўлсам, менга ёрдам бериб, далолат этасизми? – дедим. Устоз:

– Агар ақлинг бўлса ва қутулиш ниятида бўлсанг, ҳеч кечиктирма, кет. Дунё ва охират саодати сеникидир. Лекин, ўғлим, ўртамизда кечган бу сўзларни ҳозирча ҳеч ким билмайди. Суҳбатимизни сир сақлашинг лозим. Агар бу гаплардан ниманидир сездириб қўйсанг, насронийлар сени ўша заҳоти ўлдиришади, мен сени қутқариб қололмайман. Бу гапларни мендан эшитганингни айтишинг ҳам сенга фойда бермайди. Чунки мен жонимни сақлаб қолиш учун инкор қиламан. Менга қарши айтган сўзларингга улар қулоқ солишмайди, натижада ўзингга қийин қиласан. Хуллас, бу хусусда бирор нарсани билиб қолишса, мен сенинг қонингдан масъул эмасман, – деди.

– Бундай ҳолдан Аллоҳ сақласин, – деб устозга тасалли бердим.

Йўл тайёргарлигини кўриб, устоз билан видолашдим. У менга хайрли дуо қилиб, йўл харажатларим учун элликта олтин совға қилди. Мен у ердан денгиз йўли орқали ўзимнинг мамлакатим Майоркага келдим. Олти ой яшагач, Сижилияга ўтдим. Мусулмон мамлакатларига кетадиган кемани кутиб, беш ой у ерда қолдим. Тунисга кетадиган кема келгач, уни кираладим. Оқшом пайти сузиб кетдик. Аллоҳнинг ёрдами билан эртаси кун пешин вақти Тунис бандаргоҳига етиб келдик. Менинг келганимдан хабар топган насоролар йиғилиб, мени уйларига олиб кетишди. Тўрт ойгача уларнинг меҳмони бўлдим. Бир куни насоролардан ҳукумат доирасида тилимизни биладиган бирон киши бор-йўқлигини сўрадим. У пайтлар Тунис беки Абул Аббос Аҳмад исмли бир зот эди. Унинг Юсуф ат-Табиб исмли хусусий табибининг насоро тилини билишини айтишди. Бу гапни эшитиб беҳад севиндим ва дарҳол табибнинг қаерда яшашини сўрадим. Мени унинг уйига олиб боришди. Табибга аҳволимни арз этиб, мусулмон бўлиш учун келганимни айтдим. Бу хайрли иш унинг воситасида амалга ошиши табибни жуда қувонтирди. Отига миниб, мени саройга олиб келди. Абул Аббос Аҳмаднинг ҳузурига кириб, мен ҳақимда гапириб берди ва мени қабул қилиши учун изн олди. Ичкарига кирдим.

Абул Аббос ҳазратлари олдин менинг неча ёшда эканимни сўради. Айтганимдан сўнг:

– Хуш келдингиз. Жуда яхши... мусулмон бўлинг. Аллоҳ муборак айласин, – деди.

Шунда мен таржимонлик қилаётган табибга:

– Марҳамат қилиб жанобга айтсангиз, бир киши динини тарк этса, у ҳақида кўп иғволар бўлади. Шунинг учун бир илтимосим бор, бу ерда яшайдиган насороларнинг улуғлари чақирилсин ва улардан мен ҳақимда сўралсин. Уларнинг гувоҳликларидан сўнг мусулмон бўлсам, – дедим.

Илтимосимни эшитган Абул Аббос таржимон воситасида:

– Сен Абдуллоҳ ибн Саломнинг иймон ила мушарраф бўлган пайтида ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан талаб этганидек бир илтимосни сўрадинг, – деди ва Тунисдаги бир қанча насоро тужжорларга ва уларнинг улуғларига хабар юборди. Мен эса мажлисга яқин бир хонага кириб турдим. Насоро вакиллари йиғилишгач, Абул Аббос улардан сўради:

– Денгизнинг у ёғидан келган янги роҳиб ҳақида фикрингиз қандай?

– Динимизнинг жуда улуғ олими. Буюкларимиз илмда ундан юксак даражада ҳеч кимни кўрмаганларини таслим ва тасдиқ этишган, – деб жавоб қилишди улар.

Шунда Абул Аббос:

– Агар бу одам мусулмон бўлса, нима дейсизлар? – деди.

Ҳаммаси бирдан:

– Аллоҳ сақласин! – дейишди. – Бу одам ҳеч қачон бу ишни қилмайди!

Абул Аббос ҳазратлари уларнинг шу гапидан сўнг, мени чақиртирди. Мен барчанинг олдида шаҳодат келтирдим. Йиғилганлар ҳайрат ва даҳшат ичида қолишди ва бундай дейишди:

– Бу одамни мусулмон бўлишга мажбур қилган нарса уйланиш орзусидир. Чунки бизда роҳиб уйланмайди.

Сўнг ғам-қайғу ичида чиқиб кетишди. Абул Аббос ҳазратлари менга кунда бир чорак динор маош белгилаб, меҳмонхонага жойлаштирди. Ҳожи Муҳаммад ас-Сафарнинг қизига уйлантирди ва тўйимдан олдин юз олтин, бир сидирға кийим-бош эҳсон этди. Бу пулларга тўй қилдим. Завжамдан бир ўғил кўрдим. Толеи баланд бўлсин, деб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларини қўйдим.

(Тамом)

«Туҳфатул ариб фир-радди ъала аҳлис-салиб»

асари асосида тайёрланди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Луқмон исмли ҳабаш қул бор эди. Хожаси унга қўй сўйишни буюрди. Луқмон қўйни сўйди. Хожаси .Қўйнинг энг яхши иккита гўштини олиб кел,, деди. Луқмон қўйнинг юраги давоми...

2467 07:30 / 08.04.2019
.Тақсит, сўзи луғатда бўлиббўлиб тўлаш маъносида бўлиб, шаръий истилоҳда савдо молини нақд қилиб, баҳосини насия қилишга айтилади. Бунда савдо молининг баҳоси давоми...

3129 20:00 / 06.08.2019
12бобФақиҳ Абу Лайс раҳимаҳуллоҳ айтадилар Инсон илм ўрганиши билганига қаноатланиб қолмаслиги керак. Чунки Аллоҳ таоло дейди.Айтинг биладиган зотлар билан давоми...

1047 19:00 / 25.10.2020
ҳаётий ҳикояКампир оҳиста қадам ташлаб ўз хонасидан чиқди. Меҳмонхонадан келини ва набирасининг товуши эшитилиб турарди.ndash Ўғлим, дастурхон ёздим, шўрва суздим, давоми...

11834 19:10 / 17.01.2019