1445 йил 9 зулқаъда | 2024 йил 17 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Фарзандингиз Рамазон завқи ва қувончини ҳис қилсин!

17:10 / 06.05.2019 2052 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рамазон ойи рўзаси бошқа ибодатлардан кўра болаликнинг ҳаяжонли хотираларини уйғотиш билан қадрлидир. Ҳар қандай инсон тийнатида самимият ва софлик, беғуборлик ва соддалик яшайди. Ҳар бир жамият ўзига хос расм-русмлар, халқона удумлар билан бойитилган бўлса-да, рўза ибодати ва Рамазон ойининг муштарак хусусиятлари бутун мусулмон дунёсини бирлаштиради.

Катталаримизнинг “Оҳ, биз пайтимиздаги Рамазонлар!..” дея бошланувчи хотираларда рўза ва рамазоннинг болалик соғинчи бор. Чунки “Оҳ, биз пайтимиздаги Рамазонлар!” болаларча ҳаяжон билан ўтган ибодатларни ёдга солади.

Болага Рамазон ва рўзани ўргатиш тарбиявий-ахлоқий ҳаракат талаб қилмайди. Фақат бола Рамазон ва рўза ибодатини тушунадиган, қадрлайдиган муҳитда вояга етаётган бўлса бас. Бундай муҳитда бола ва рўза жуда осон топишади, тезда иноқлашади. Ҳаммамизнинг илк рўза, илк Рамазон, биринчи саҳарлик ва илк даъфа Ҳайит айёмини қаршилаганимиз билан боғлиқ гўзал хотираларимиз бор. Хотираларимизнинг муштараклиги эса болаларча завқ ва ҳаяжонда.

Кичик ёшдаги болаларни саҳарликда уйғотиб, дастурхонга даъват этиш ўринли. Катталар билан бирга ният қилиб, саҳарлик қилсинлар. Ундан кейин эса қорни очиққанида гўё ифторлик учун дастурхон ҳозирлагандек, болани тансиқ неъматлар билан таомлантириш дуруст. Ифторлик пайтида ҳам болага худди рўзадордек илтифот кўрсатиш унинг қалбида таъсирини кучайтиради. Кичик ёшдаги болакайлар учун бундай рўза ҳақиқий рўза ибодатига йўллаш учун муваффақиятли дастур бўла олади. Кун бўйи рўза тутиш учун энг қулай пайт Рамазоннинг биринчи куни. Биринчи кун гўзал ҳолатда рўза тута олса, Қадр кечаси куни ҳам завқ билан рўза тута олади. Ёши ва иммунитетига кўра рўза тутишга қийналмаса, демак, болажонингиз рўза ибодатини адо этишга қодир бўлибди. Рамазон ва рўза завқини болажонларга ҳис эттириш учун, уйингизни чиройли ясатинг. Ифторлик дастурхони учун тайёрланган таомларни болалар завқланадиган шаклларда безатинг. Масжидлар зиёратига олиб боринг.

Ўттиз кунни байрамдек ўтказиб, Ҳайит айёми учун болажонингиз билан бирга тайёргарлик кўринг. Опа-акалари, бобо-бувиси, дадаси ва сизга ўз қўллари билан ҳадялар тайёрлашига ёрдам беринг. Фарзандингиз муборак ой ичида ибодат, эзгулик, меҳр-муҳаббат ва байрам, хушнудлик, ўйин-кулгу шунингдек, бир олам маърифий-ижтимоий муносабатларни ўргансин.

Кўпчилигимизнинг Муборак Рамазон ойи билан боғлиқ амалларимиз бор. Кимдир Рамазон ойида болалари билан бирга қишлоқдаги ота-онасининг зиёратида бўлиб, бир ой давомида қиблагоҳларининг хизматида, икки ҳисса ибодат билан машғул бўлади. Бу билан ота-онасининг кўнглини олади ва болаларига ота-онага хизмат қилиш буюк ибодат эканини амали билан уқтиради.

Кимлардир болалар шифохоналари, тарбия муассасаларига эҳсон қилади. Булар катта ишлар бўлиб, инсондан вақт ва харажат талаб этади. Аммо Рамазон ойида фарзандимиз билан биргаликда, бажаришимиз лозим бўлган савобли ишлар ортиқча вақт, сарф-харажат талаб қилмайди.

Уйда болалар учун ифторлик ташкиллаштиришингиз ҳам чиройли амал. Бу ифторликда болалар, қариндош-уруғ, қўшниларнинг фарзанди ва дилбандингизнинг тенгдош ўртоқларини меҳмон қиласиз.

Ифтордан кейин бутун оила жам бўлиб Қуръон, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларидан, саҳобаларнинг умр йўлларидан қиссалар ўқинг. Қуръон тиловат қилишни биладиган болаларингиз бўлса, уларнинг овозини тингланг. Мажбурловчи ва бездирувчи насиҳатгўй бўлманг. Самимий бўлинг ва меҳрингизни борича кўрсатинг. Муносиб одобу тавозеъ билан рўза ибодатингизни адо этинг. Рамазон ойини гўзал ва хушнудлик билан ўтказинг. Имкони борича, ушбу муборак ойда оилангиз билан бирга бўлинг.


Таржимон
Умида Адизова
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳажжож Тоийдан ривоят қилинади .Сулаймон ибн Абдулмалик ҳаж қилди. Хизматкори ҳам у билан бирга отланиб .Эй мўминларнинг амири, менга нима хизмат,, деди. Сулаймон давоми...

2814 08:00 / 14.04.2019
Инсон зоти ҳаёт сўқмоқларидан юриб борар экан, чарчаши, асабийлашиши, ҳориши турган гап. Бундай чарчоқларни кундалик дам олиш ила чиқариб бориши ҳам оддий ҳолатга давоми...

4705 10:07 / 24.06.2020
Аҳли сунна ва жамоа мазҳабини маҳкам тутмоғимиз лозим. Ўшанда Аллоҳ таолонинг .Оли Имрон, сурасида нозил қилган қуйидаги оятларига амал қилароқ Аллоҳ таолони давоми...

2856 21:09 / 20.11.2018
. .Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жумани қуёш оққан пайтда ўқир эдилар,.Абу Довуд ривоят қилган. . давоми...

1542 10:40 / 09.08.2019
Аудиолар

121479 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42977 14:35 / 11.08.2021