1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ёруғлик дини – Исломга чақираман! (биринчи мақола)

10:30 / 03.04.2021 2515 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаммад Али (Кассиус Марселлус Клэй) (1942 йил, АҚШ) – боксчи, йигирма йил давомида (1960 – 1981) профессионал бокс билан шуғулланган, 61 жанг ўтказиб, 56 тасида ғалабага эришган, 37 тасида рақибини нокаутга учратиб, олдиндан ғолиб бўлган. Спортнинг шу тури бўйича жаҳон ва олимпиада ўйинлари чемпиони. 1964 йили Ислом динига кириб, Муҳаммад Али исмини танлаган. 1978 йили у Совет Иттифоқига, шу жумладан, Ўзбекистонга ҳам келган. Қирқ икки ёшида Паркинсон касаллигига чалиниб, 2016 йил 3 июнда вафот этди.

Унинг насаби Африкадан АҚШга олиб келинган қоратанли қулларга бориб тақалади, дейишади. Аммо боксчининг онаси Одесса Грейди Клэйнинг тадқиқотларига кўра, унинг оиланинг олис аждодларидан ҳатто АҚШ президентлари Гаррисон, Тайлер, Тейлор, Харрисонлар ҳам чиққан.

Ёш Кассиус 12 ёшидан бошлаб бокс билан шуғуллана бошлаган. Бунинг жиддий сабаби бор эди: ўзи университет полини ювиб, ишлаб топган пулига олган велосипедини ўғирлаб кетишади. Ўсмир полицияга мурожаат қилиб, ўғрини тутиб олса, дўппослашини айтади. Тартиб посбони эса бунинг ўрнига бокс билан шуғулланишни маслаҳат беради. Икки ҳафтадан кейин Кассиус спорт залига кириб келади.

Боксчилик фаолиятининг бошиданоқ Клэй профессионал ринг ҳақида орзу қила бошлади. Тренерлари уни 1960 йил Олимпиадасигача сабр қилиб туришга кўндиришди. Олимпиада ўйинларида ўн саккиз ёшли Кассиус оғир вазнли боксчилар орасида энг ёш спортчи эди, аммо мусобақа пировардида тажрибали поляк бокчи Збигнев Петшиковскийни мағлуб этиб, турнир ғолиби бўлишга эришди.

Профессионал боксчи сифатида Кассиус ўзининг биринчи жангини 1960 йил 29 октябрида ўтказди. Унинг рақиби Танни Хансекер эди. Олти роунд давомида рақибларнинг биронтаси жангни муддатидан олдин тугата олмади ва ҳакамлар қарорига кўра Клэй ғолиб деб топилди. Ўшанда Хансекер «Бугун бўлажак чемпион билан жанг қилдим», деган эди.

1967 йил апрелида Муҳаммад Али рингда уч миллион доллардан ошиқ пул ишлаганига қарамай, унинг судлов идоралари билан муаммоси чиқиб қолди. Вьетнам урушининг энг қизғин палласида ушбу урушда адолатсизликка йўл қўйилган деб ҳисоблаган боксчи ҳарбий хизматдан бош товлагани учун судга тортилди. Чунки бундан уч йил муқаддам Кассиус Ислом динини қабул қилиб, исмини Муҳаммад Алига ўзгартирган, эътиқодига кўра айбсиз одамларни ўлдиришдан воз кечганди. Спортчини профессионал боксчи лицензиясидан ва жаҳон чемпиони унвонларидан маҳрум қилишди, уч йилгача у севган ишидан тамоман ажради. Бу пайтда у гамбургерлар рекламаси билан шуғулланди, ўзи ҳақида китоб ёзди, ҳатто театрда ҳам ўйнади.

Унинг Ислом билан шарафланиши тарихи ҳар қандай мусулмон киши учун ҳам ибратлидир. Оғир вазнда жаҳон чемпионлиги учун машҳур боксчи Сонни Листон билан 1964 йилги жанг олдидан у укаси билан Аллоҳга ибодат қилиб, зафар тилади. Ўша жангда ғалабага эришганидан сўнг ўзининг мусулмон бўлганини расман эълон қилди ва «Ислом миллати»га аъзо бўлди. Шундан кейинги суҳбатларидан бирида «Ҳаётда бирор армонингиз борми?» деган саволга у «Ҳа, албатта, агар менга имконият берилганида ўн ёшимда Исломни қабул қилган бўлардим», деган эди.

1959 йили Клэй биринчи марта «Ислом миллати» етакчиси Элайжи Муҳаммаднинг сўзларини эшитди. Ўша пайтда бу ташкилот қоратанли одамлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан шуғулланар, иқтисодий ва диний ҳурликка даъват қиларди. Орадан бир йил ўтгач, у Майамида машқ қилаётиб Абдул Раҳмон билан танишди. Алининг эслашича, Элайжи Муҳаммаднинг бу издоши боксчини ўзининг масжидда бўладиган «Аждодларимиз тарихи» мавзуидаги суҳбатини эшитишга таклиф қилади. Улар маҳаллий масжидга биргаликда боришади. Бу ташриф ёш йигитчага қаттиқ таъсир қилади: «Майамидаги мусулмон ибодатхонасига кирар эканман, ҳаётимда илк марта руҳий фароғатни ҳис этдим», дейди боксчи. Шундан кейин Клэй «Муҳаммад айтади» газетасини мунтазам ўқий бошлайди, ҳаёт ҳақида, инсоннинг дунёдаги ўрни тўғрисида тез-тез фикрлайдиган бўлади.

Муҳаммад Али янги мусулмон бўлган кезларини бундай хотирлайди: «Ҳаётимда ажойиб воқеалар кўп бўлган. Аммо ҳаж қилаётганимда Арафот тоғида туриб ҳис этган туйғуларимни ҳеч бир нарсага тенглаштира олмайман. Мен бу ерда тасвирлаб бўлмайдиган бир руҳий муҳит оғушида эдим, атрофимда бир ярим миллион мусулмон Аллоҳга ёлбориб, гуноҳлари кечирилишини ва Унинг мағфиратини сўраб, илтижо қилар эди. Жуда ҳаяжонли лаҳзалар эди: териси турли рангдаги, ўзи ҳар хил миллатга мансуб кишиларнинг, подшоҳлар, давлат раҳбарлари, оддий халқ вакилларининг ҳар қандай виқор ва устунликни четга суриб ташлаган ҳолда икки парча оқ латтага ўралиб, Аллоҳга ибодат қилаётганларини кузатиш ҳақиқатан ҳар қандай одамни ҳаяжонга соларди. Буларнинг ҳаммаси Ислом эълон қилган тенглик ва биродарлик ғоясининг амалдаги инъикоси эди».

(Давоми бор)

Маҳмуд Маъмуржон ўғли.

«Ҳилол» журналининг 3(24) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Вақт шунчалик қиммат ва бебаҳо бўлишига қарамай, кўпчилик инсонлар унинг бу қийматини ҳис этмайдилар, натижада ундан фойдаланиб қолиш учун эмас, балки уни зое давоми...

4135 09:03 / 24.05.2021
Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ давоми...

3400 08:45 / 11.02.2019
.Онамни йўқотгач, қалб шодлигидан маҳрум бўлганман. Фурсат қўлдан кетмай туриб, оналарингиз билан яшаш бахтидан баҳраманд бўлинглар...,.Ҳаётимнинг дастлабки давоми...

1614 15:09 / 11.11.2020
Албатта, мусулмон инсон ҳар бир нарсада бўлгани каби, интернетдан фойдаланишда ҳам фақат яхшиликни, шариатда рухсат берилган нарсаларга мувофиқ иш қилишни ният давоми...

3161 09:10 / 26.08.2019
Аудиолар

211032 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130292 14:35 / 11.08.2021