1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аллоҳ меҳрибон зот (Аъзам Хўжанинг айтганлари)

17:00 / 09.03.2021 4454 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сафарда бир киши менга йўлдош бўлди. Ҳамроҳимнинг нимадандир кайфияти чоғлиги шундоқ кўриниб турарди. Ора-орада: «Ё Аллоҳ, ё Аллоҳ қудратингдан!» деб қўяр эди у. Ўрни келди дегунча менга ҳам дини ислом аҳкомларидан бир шингил-бир шингил сўйлаб қоларди. Мен унинг ичида бир гапи борлигини, нимадир демоқчи бўлаётганини сезиб турардим. Аста-аста гап гапга уланди. Зерикмадик. Суҳбатдошим анча киришимли ва сўзамол чиқиб қолди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтиб-ўтмай мен сомеъга айланиб, унинг ғаройиб ҳикоясига қулоқ тутдим: «...Ҳа, айтмоқчи, шу поччамиз ароқ сотишни ташлади, ундан келган фойдадан ҳам воз кечди. Унга Худо бошқа томондан, ҳалолидан берди. Жуда қисқа вақтда тикув цехини ишга туширди. Атрофидаги қўни-қўшни, қариндош-уруғ, ёру дўстларини иш билан таъминлади. Кийим-кечак тиктириб бозорга чиқарди. Ана, ҳозир сўнгги русумли машинани миниб юрибди... Хўш, энди ҳамма гап бу ёқда, ука... Биз кеннойингиз билан турмуш қурганимизга ўн уч йил бўлган эди. Аммо ўртада фарзанд йўқ. Фарзанд доғи бизни куйдириб, адо қилди. Бормаган дўхтиримиз қолмади. Тошкентдаги энг катталари уёқда турсин, Московдаги профессорларга ҳам мурожаат этдик. Ҳар иккаламиз ҳам даволандик. Бефойда. Эл-юртда номи чиққан азиз-авлиёлар қабрларига бориб, фарзанд тиладик. Фойда йўқ. Фолбинлар маслаҳати билан қўйлар сўйиб садақа қилдик. Бўлмади. Ноумид шайтон деганларидек, энди яна табиб излаб юрган кунларимизнинг бирида поччам йўлиқди. Аҳволимиздан хабарлари бор эди. «Эй, энг катта табиб, энг улуғ табиб Аллоҳнинг ўзи-ку! Дардни ҳам, шифони ҳам ўзи беради. Бормаган эшикларинг, кирмаган тешикларинг қолмади. Қани фойдаси?! Аллоҳни ҳеч эсладингларми ўзи? Эй, менга қара, сизлар ҳам мундоқ эр-хотин мусулмонларга ўхшаб, ғусл қилиб, таҳорат олиб, намозда, саждада, дуода Аллоҳдан астойдил сўранглар фарзандни. Беради, беради иншааллоҳ!» деди жиддийлик ва ишонч билан у.

Поччамдаги бу руҳий кайфият менга ҳам кўчди. Айниқса, охирги сўзларидан жуда қаттиқ таъсирландим. Ўйладим, ўйладим. Охири иймон калимасини қайта-қайта такрорлаб, улуғ Парвардигоримизнинг зиммамизга юклаб қўйган фарзини адо эта бошладик эр-хотин. Эй, ука бизга ҳам берди, берди Худойим! Худо хоҳласа, бир ойдан кейин ўн тўрт йил интизорлик билан кутилган меҳмонни қаршилаймиз. Беадад шукр».

«Ё Аллоҳ, ё Аллоҳ қудратингдан», дея мен ҳам беихтиёр Яратгувчининг меҳрибонлигига ҳамдлар айтдим.

Баҳодир Нурмуҳаммад

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муслим Абу Ҳассондан ривоят қилади quotМен Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга икки ўғлим вафот қилганини айтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан у иккови давоми...

5976 07:00 / 13.02.2019
Шайх ҳазратлари, менда битта савол бор эди, шунга ойдинлик киритиб беришингизни сўрайман. Кўпчилик одамлар Ийсо алайҳиссаломни насоролар ва яҳудийлар хочга давоми...

13287 19:00 / 01.01.2019
Қалб хотиржамлигисиз бахтсаодатга эришиш мушкул. Токи киши ғамқайғу, ташвиш ва ваҳимада юрар экан, нотинч қалби осойишталикни истайди. Жадаллашиб бораётган давоми...

9501 19:30 / 08.05.2019
Валид ибн Муслим айтади .Дўстларимнинг бири сўзлаб берди .Иброҳим ибн Адҳамнинг олдига бориб, унга салом бердик. У бошини кўтариб, .Аллоҳим, биздан нафратланма, давоми...

1648 08:31 / 12.05.2020