1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Яхши ишларни кичик ҳисоблама!

16:30 / 31.08.2021 2933 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Салим ибн Жобир (Жобир ибн Салим ҳам дейилади) Ҳажимий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб деди:

— Эй Аллоҳнинг Расули! Менга насиҳат қилинг!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳдан қўрқ! Гарчи идишингдаги сувни биродарингга бўшатиб бериш ёки унга гапирганингда очиқ юзли бўлиш бўлсада, яхши ишларни ҳеч қачон кичик дема! Изорингни осилтириб юришдан сақлан. У кибрдандир. Аллоҳ уни севмайди. Агар бир киши сени сенда биладиган айби билан айбласа сен уни ундаги айб билан айблама. Уни тек қўй. Гуноҳи ўзига, ажри сенга бўлади. Ҳеч кимни сўкма!

Ибн Жобир розияллоҳу анҳу айтади:

«Шундан сўнг инсонни ҳам, бошқа нарсани ҳам сўкмадим».

Яхшиликни ҳеч қачон кичик дема. Қайси иш бизни жаннатга олиб киришини билмаймиз.

Мушук ўтиб кетиши учун машинангни тўхтатишинг ҳам яхшилик.

Бир қарияни йўлдан ўтказиб қўйишинг ҳам яхшилик.

Ногирон кишининг аравачасини судрашинг ҳам яхшилик.

Ишлаб турган кишига бир пиёла сув беришинг ҳам яхшилик.

Ёши катта инсоннинг юкини енгиллатишинг ҳам яхшилик.

Эр-хотин орасини ислоҳ қилишинг яхшилик.

Аёлингни эркалатишинг ҳам яхшилик.

Фарзандларингни кечиришинг ҳам яхшилик.

Қўшнингга бирор нарса ҳадя қилишинг ҳам яхшилик.

Беморнинг дори-дармонига ёрдам бериб юборишинг ҳам яхшилик.

Яхшиликнинг интиҳоси йўқ. Аллоҳга олиб борадиган йўллар инсониятнинг нафаси миқдорида кўпдир. Олдида шунча йўл бўла туриб тўхтаб қолган киши қанчалар бахтсиз!

Ўзингизга «Яхшилик қилганга яхшилик қил, ёмонлик қилганга ёмонлик қил» деган тарозу ясаб олманг. Агар биз ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтарсак, ёмонлик қачон тугайди?!

Дунёда бир хулқ бор. Унинг номи «Ўзини баланд тутмоқ (бу кибр эмас)». Ҳеч кимга сени ўзининг ахлоқи даражасига туширишига йўл қўйма. Ҳар бир жанжалга қўшилма. Олдингда содир бўлган ҳар қандай урушга аралашаверма. Бугунги уруш-жанжалларнинг кўпчилиги арзимасдир. Унда гарчи ғолиб бўлсангда ғолиблик нашидасини ҳис қила олмайсан. Аммо мағлуб бўлсанг, мағлубият аламини тортасан. Ахлоқидан воз кечган кишига тенг келиш учун ахлоқимиздан воз кечсак ундан нима фарқимиз қолади?!

Оқил инсон фақатгина жаннатни ўз баҳоси деб билади. Йўли жаннатга олиб бормайдиган масалани у нима бўлса ҳам тарк қил. Натижа қанақа бўлмасин сен сен ғолиб бўласан. Авф қилиш билан Аллоҳ инсоннинг фақат иззатини зиёда қилади.

Кунлар айланиб ҳақ соҳиби албатта ғолиб бўлади. Ботил эгаси эса мағлуб бўлади. Бу Аллоҳнинг инсонлар ичидаги жорий қонунидир.

Юсуф алайҳиссаломни арзимас пулга сотиб юборган қўллар вақт ўтиб у зотдан садақа сўраб, у зот алайҳиссаломга узатилди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни «сеҳргар», «шоир», «ёлғончи», «мажнун» деб ҳақорат қилганлар охирида Макка фатҳи куни у зотга: «Сен олийжаноб инсонсан, олийжаноб инсоннинг ўғлисан!», дейишган эди.

Абдулқодир Полвонов

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Зиноддан ривоят қилинади .Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу муҳтазор жон таслим қилиш ҳолатга тушгач, йиғлаб туриб, шундай деди .Шунча жангларда қатнашдим. давоми...

2282 08:00 / 06.11.2019
28. Эътикоф фазилати. Рамазонга оид энг кўзга кўринган ибодатлардан бири масжидда эътикоф ўтиришдир.Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади давоми...

1739 17:00 / 06.05.2020
Маҳмун Курдийдан ривоят қилинади .Урва Баззор вафот этгач, тушимда уни кўрдим. У .Фалончи мешкобдан бир дирҳам қарзим бор, уйимдаги кичкина дарчанинг ичида давоми...

2194 09:10 / 13.10.2019
I боб Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтадилар .Билгилки, ҳар бир муслим ва муслимага дин ишларида муҳтож бўладиган таҳорат, намоз ва шариатнинг бошқа давоми...

7737 17:35 / 06.03.2019
Аудиолар

213425 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132639 14:35 / 11.08.2021