1447 йил 9 шаъбон | 2026 йил 28 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Ота онага вафотидан сўнг яхшилик қилиш (иккинчи мақола)

11:00 / 05.12.2020 4497 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

2. Истиғфор айтиш.

Аллоҳ таолодан ота‑онасининг гуноҳини кечишини сўраб, истиғфор айтиш. Фарзанд ўтиб кетган ота‑онасига Аллоҳ таолодан мағфират сўраб турса, уларга вафотларидан кейин ҳам яхшилик қилиб турган бўлади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: تُرْفَعُ لِلْمَيِّتِ بَعْدَ مَوْتِهِ دَرَجَتُهُ، فَيَقُولُ: أَيْ رَبِّ، أَيُّ شَيْءٍ هَذِهِ؟ فَيُقَالَ: وَلَدُكَ اسْتَغْفَرَ لَكَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Маййит ўлганидан кейин унинг даражаси кўтарилади. Бас, у:

«Эй Роббим, бу нима?» – дейди.

«Боланг сенга истиғфор айтди», – дейилади».

Бухорий «Адаб»да ривоят қилган.

Албатта, инсоннинг ўзи вафотидан сўнг амал қилиш имконидан маҳрум бўлади. У ҳеч нарса қила олмайдиган, кутиб туришдан бошқа нарсага ярамайдиган ҳолга тушади.

Аммо, ўлганидан кейин бир кишининг даражаси кўтарилади. Бундан ўша банданинг ўзи ҳам ҳайрон. Қандай қилиб ўлимидан кейин унинг даражаси кўтарилиши мумкин? Бу ажабланиш уни Аллоҳ таолога савол беришга ундайди. У:

«Эй Роббим, бу нима?» – дейди».

Унинг ажабланиш ила берган бу саволининг жавобига:

«Боланг сенга истиғфор айтди», – дейилади».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг бу гапларидан боланинг истиғфори – мағфират сўраши туфайли унинг вафот этиб кетган ота‑онасининг охиратдаги даражаси кўтарилиши билиб олинади.

Шунинг учун ота‑онасининг ўлимидан кейин уларга яхшилик қилмоқчи, уларнинг ортидан савоб етказмоқчи ва охиратдаги мақомининг яхшиланиши, даражасининг кўтарилишини истаган фарзанд уларга мағфират сўраб, дуода бўлиши лозим.

Ўтиб кетган ота‑онасига мағфират сўрайдиганларнинг энг яхшиси намозхонлардир. Намозхон ҳар намозининг охирида, дуо қабул бўладиган бир мақомда, салом беришдан олдинги дуосида ота‑онасига мағфират сўрайди.

3. Ота‑онанинг аҳдига вафо қилиш.

Ота‑она ким биландир аҳд тузган бўлса, берган ваъдаси, мажбуриятлари бўлса – шуларнинг ҳаммасини ўрнига қўйиб, васиятларини бажариш ҳам ота‑онанинг орқасидан қилинадиган яхшиликлар қаторига кирар экан. Худди уларга тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлар экан.

– Ота‑онанинг аҳдига вафо қилишнинг бир тури уларнинг қарзини узишдир.

– Ота‑онанинг аҳдига вафо қилишнинг бир тури уларнинг назрини адо қилишдир.

– Ота‑онанинг аҳдига вафо қилишнинг бир тури уларнинг васиятларини бажаришдир.

(Давоми бор)

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тарбия ҳам отаоналарнинг бурчи ва фарзандларнинг ҳаққидир..Тарбия, сўзи арабча .робба, феълидан олинган бўлиб, ўстирди, зиёда қилди, риоясига олди, раҳбарлик қилди давоми...

15183 15:30 / 31.08.2021
.Талоқ, сўзи луғатда .моддий ва маънавий тугунни ечиш, маъносини англатади. Шаръий истилоҳда эса, махсус лафз ила никоҳни кетказиш ёки унинг ҳалоллигини нуқсонга давоми...

3355 11:00 / 11.08.2022
Валийлик уч хил бўлади1. Жонга валийлик.Бунга моли йўқ ёш бола мисол бўлади. Бунда валий унга таълим беради, одоб беради ва вояга етганда никоҳлаб, оилали қилиб давоми...

3079 19:40 / 14.02.2020
Оила қуриш чоғида умр йўлдошини танлаш борасида отаоналар ва болалар, валий ndash ишбошилар ва муваллолар ndash уларнинг қўл остидагилар орасида содир бўладиган давоми...

6739 10:00 / 24.01.2025