1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Зайнабнинг муҳаббати (биринчи мақола)

17:00 / 02.11.2020 3158 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Зайнаб бинти Муҳаммад розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизларидир. Оталарига пайғамбарлик келишидан ўн йил аввал Маккада туғилганлар. Холасининг ўғли Абу Ос ибн Робеъ билан никоҳланганлар. Эри бошда мушрик бўлиб, икки марта мусулмонларга асир тушган ва Зайнабнинг илтимоси билан озод қилинган. Охири Абул Ос мусулмон ва муҳожир сифатида хотини ҳузурига, Мадинага боради. Эр-хотин бир йил бирга яшагач, Зайнаб розияллоҳу анҳо ҳижрий 8 йилда касалликдан вафот этдилар. Қуйида таниқли турк илоҳиёт профессори Адам Сарачнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизларига бағишланган «Гулнинг гуллари» асаридан Зайнаб ҳақидаги парчани эътиборингизга ҳавола этамиз.

Зайнаб Пайғамбаримизнинг энг катта қизлари, Қосимдан кейин туғилди. Зайнаб туғилганида Расули акрам ўттиз ёшда эдилар. Маккада дунёга келган Зайнаб ҳижратнинг саккизинчи санаси Мадинада вафот этди. Ўшанда ўттиз ёшда эди.

Зайнаб холаларининг ўғли Абул Осга турмушга чиқди. Абул Ос аввалига мушриклардан ажралмагани учун Бадр ғазотида мусулмонларнинг қўлига асир тушган, қутулгач, Зайнабни Мадинага юборишга сўз берган эди. Расули акрам оилаларини келтириш учун Ҳориса ўғли Зайдни юбордилар. Зайнабни Мадинага олиб борган Зайд бўлди. Зайнаб Мадинага кетди, бироқ завжи Абул Ос Маккада қолди.

Абул Ос бир сарийя асносида яна мусулмонларнинг қўлига асир тушди. Ва фақат ҳазрат Зайнаб ўртага тушгани учун қўйиб юборилди.

Маккага кириб келган карвонни доимгидай одамлар ўраб олди. Ҳаммаси одатдагидай кечаётганди. Фақат ушбу янги хабар тарқалгунча: «Абдуллоҳнинг етими Муҳаммадул Амин пайғамбар бўлди-и-и!». Одамлар бир зум қотиб қолдилар. Сўнг дарҳол уйларига шошилишди.

Абул Осни Зайнаб ҳовлида кутиб олди, аввалгидек қизаринқираб «Хуш келибсиз!» деди-да, қўлидагиларни олиб «Ичкарига марҳамат!» деди.

Абул Ос кайфи чоғ бўлиб уйга кирди. Тўйларидан бери шунақа: яхши кийимлар кийиб, хушбўйлар суриб, ширин сўзлар билан кутиб олади Зайнаб. Зотан, буни ота-онаси орасидаги муносабатлардан ўрганган. Ҳазрат Хадича каби йўл тутган эди.

Шу билан бирга, Зайнабда ўзгариш сезди Абул Ос. Маккада нелар бўлганини сўради. «Аввал кийимингизни алмаштириб, дам олинг», дея Зайнаб сочиқ келтирди. Ювиниб, кийимларини ўзгартирган Абул Ос овқатга ўтирди. Бир пас у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтиргач, Абул Ос сўради:

– Отанг пайғамбар бўлганмиш?

– Аллоҳ унга охирги пайғамбар вазифасини юклади.

Аёлига диққат билан тикилиб, кўнглидагини уқиб олмоқчи бўлган Абул Ос ундаги ўзгариш нимадан иборатлигини топди. Зайнабнинг юзлари ички нурдан ёришиб, кўзлари порлаб турарди.

Отасининг пайғамбар бўлгани, илк ваҳий келгани, онаси ва сингиллари Исломни қабул қилганларини бирма-бир ҳикоя қилиб, охирида секин деди:

– Мен ҳам мусулмон бўлдим!..

– Мусулмон бўлдинг?

– Ҳа.

– !..

– Ўзингиз ҳам биласиз, отам жуда тўғрисўз, ишончли одамлар. Бекорга гапирмайдилар. У кишининг ростгўйлигини бутун Макка аҳли билади. Онам, сингилларим, Абу Бакр, Алий, Зайдлар мусулмон бўлишди. Қариндошларингиздан Усмон ва Зубайрлар ҳам. Мен сизни ҳам Исломга олдин кирганлардан бири бўлишингизни истайман. Мен ишондим, сиз ҳам ишонасизми?..

Абул Ос бир он нима дейишни билмай, аёлига боқди. Нурли юзидаги порлоқ кўзлари икки йўл каби «кўнглимга киринг, ичкарига» деяётгандек эди.

Бундай даъватга қарши туриб бўлармиди?

«Мен ишондим, сиз ҳам ишонасизми?»

Ишониш!..

Бу қанақа туйғу экан ўзи? Хотиржам нигоҳ билан Зайнабга боқди. Унинг «Албатта, ишонаман! Сенинг отангга ишонмай бўладими?» дейишини кутаётган аёл кўзларига ғарқ бўлди. Кутилаётган жавобни бера олмаганидан ўнғайсизланиб, бошини эгди.

Зайнаб ғалати бўлиб кетди. Кўнглидаги ғалаён бўронга айланиб, кўзларидан ёш томчилай бошлади.

Абул Осс бундан яна-да ўнғайсизланди. Зайнабни ҳеч қачон хафа қилмаган, қилмоқчи ҳам эмасди. Эзгин, маъюс ҳолда ташқарига чиқиб кетди.

Турли хаёллар оғушида қолган Зайнаб эшик очилишидан ўзига келди. Эри уйга қайтганди.

– Каъбада отангни кўрдим. Мени ҳам Исломга даъват этди, – дея жим қолди-да, бошини хам қилди.

Зайнаб хўжайинининг ичкарига кириши, бирор нарса дейишини кутиб турди. Шундай интиқ бўлдики, ҳаяжондан тиззалари тиззаларига тегиб титради. Умид билан боқди…

Севиш… Севилиш… Севгига лойиқ бўлиш…

Севган севгилисининг йўлидан юради. Унинг севганларини ҳам севади.

Бу ёлғон дунёда севгидан – ишқдан кучлироқ нима бор?

Тушунганлар ва севганлар учун ишқ энг буюк қувватдир.

Ишқ-муҳаббат енга олмайдиган бирор нарса борми?

Абул Ос бундай деди:

– Худо ҳаққи, отангни ёмон ҳисобламайман. У бекорга «Муҳаммадул Амин» деб аталмайди-ку. Бемалол ишониш мумкин бўлган одам. Ҳатто ҳазиллашиб ҳам ёлғон гапирмайди. Зайнабим, сен билан ҳамфикр эканимни, барча яхши нарсаларни сен билан баҳам кўришимни биласан.

Зайнаб эри «Мусулмон бўламан!» деяётгандек қувониб кетди. «Сен билан ҳамфикрман» дегани шунга ишора эмасми, ахир? «Иймон келтираман», деса бўлди-да.

– Лекин мен «Хотини учунгина қавмини тарк этиб, оталарининг динини инкор этди» дейишларини истамайман!

Эшикнинг олдигача келган одам ичкарига кирмай, остонадан қайтди. Ранжиган Зайнаб «Яратгандан сизга ҳидоят тилайман!» дея унинг юзига маҳзун боқди.

– Сен тўғри иш қиляпсан, Зайнаб. Сен унинг қизисан. Мени тушун, кечир…

Гул атрофида парвона булбул каби эди Абул Ос. Гулининг синиши, сарғайиб-сўлишига тоқат қила олмасди. Аммо ота динидан ҳам қайтолмасди. Бу динга ишқ билан кириларди. Ҳамма гап асл севгини топиш, севиш ва севилишда эди. Шундан сўнг одам тўғри йўлга тушарди. Жон берарди у учун…

(Давоми бор)

Туркчадан таржима

«Ҳилол» журналининг 10(19) сонидан

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига хос ҳикмат ила иш тутдилар. У зот урушда катта мусибатга учраган аслзода аёлнинг, яъни София бинти Ҳуяй розияллоҳу давоми...

2344 09:30 / 06.11.2019
биринчи мақолаСаййидаи Осиё розияллоҳу анҳо Фиръавннинг аёли бўлиб, Аллоҳга, Мусонинг расуллигига иймон келтирганлар. Фиръавннинг динидан қайтганлар, унинг зулм давоми...

2594 19:30 / 10.02.2021
биринчи мақолаМаймуна бинти Ҳорис онамиз нубувват хонадони аёллари қаторига сўнгги дурдона бўлиб қўшилишлари у кишининг ўз уринишларини тақдирлаш маъносида давоми...

3499 18:30 / 19.02.2020
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ёки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа завжаи мутоҳҳаралари ҳақида сўз юрита туриб, кундошлик ҳақида гапирмай давоми...

5384 14:03 / 19.12.2018