1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Илм лаззати

11:07 / 18.08.2020 1541 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Илм таҳсилида қийинчиликнинг келиши табиий ҳол. Ана шу қийинчиликларни енгиб олганларгина муродга етадилар. Илм остонасида рўбару келган биринчи қийинчиликка енгилиб ортга чекиниш оқиллар иши эмас. «Бургага аччиқ қилиб кўрпани куйдирибди» деганларидек, сени ўқишга қабул қилишмаса, бирваракайга ўқишни ташлаб кетма, бошқа чорасини топ.

Агар сен учун бир университет эшиги ёпилса, ўнлаб илм олиш даргоҳларининг дарвозаси ланг очиқ. Тушкунликка тушма, ортга чекинма. «Ақлли одам нордон лимондан ширин шарбат тайёрлайди, нодон эса асални заҳарга айлантиради, бир мусибатни икки мусибат қилади». Илм олиш, изланиш, ижтиҳод ва кашфиёт, ихтиро, янгилик эшикларини ҳеч ким беркита олмайди. Ҳолбуки бундай уриниш бўлган ва ҳануз давом этмоқда. Ўз тарихини ўрганишдан тўсиш, диний таълимотдан тўсиш, фан-техника борасида фаолиятни ўстиришдан тўсиш ва ҳатто иқтисод ва тиббиётда олға силжитмаслик ҳаракатлари, ҳийла ва фириб ишлатиб халойиқни саводсизлантириш, инкор қилиб бўлмас ҳақиқат. Шундай бўлса ҳам илм-фан йўлини ҳеч ким тўса олмайди, фақатгина илм-фанга рағбат бўлса бас.

Илм ўрганиш учун катта лекция зали, микрофон, кўчма, осма ёки деворга ўрнатилган мустаҳкам доскалар шарт эмас. (Топилса жуда соз,топилмаса начора). Шундайин забардаст олимлар борки, уларнинг ҳар бири алоҳида катта бир дорилфунун. Сен уларни изла. Илмларини ол. Университетга кириб олиб ўзинг суймаган домла лекциясини мажбуран тинглаб энсанг қотиб ўтиргандан кўра, ҳар бир сўзи тилла суви билан ёзилажак холис олимлар даргоҳига бор. Кибрни синдириб, илм йўлида бироз хорликнинг аччиқ сувларидан ҳўпла, умр бўйи иззат шаробидан ичгайсан.

Ўзинг суйиб танлаган фаннинг чинакам эгаси бўл. Излан, кашфиётга интил, ўқи ва ўқит, ўрган ва ўргат. Ниятингни тўғрила, шунда машаққатлар роҳатга, илм йўлидаги азоб-уқубатлар лаззатга айланади.

Саййид Сиддиқ Ҳасан ал-Қаннужий, ал-Бухорий ўзларининг "الحطة" номли китобларининг 17-саҳифасида илм лаззати ҳақида сўзлаётиб улуғ имом, илми ва амали билан ҳануз одамларга раҳнамо бўлиб келаётган Абу Ҳанифа رحمة الله عليه сўзларини келтирадилар:

«Биз топаётган илм лаззатини подшоҳлар билиб қолса борми, улар бизга қарши қилич яланғочлаб уруш қилишдан тоймайдилар».

Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбоний дейдилар:

 "أين أبناء الملوك من هذه اللذة" 

"Подшоҳлар ўғли бу лаззатни қайдан ҳам топсин?!"

Ҳиссий лаззатлардан тотли бўлган маънавий лаззатни ҳам бир татиб кўр. Кимдир уйига диплом – бир парча қоғоз билан қайтса, сен илм-маърифат билан қайт.

Сен орзу қилган академик низомга асосланган ўқув юртларидаги аҳволга бир назар ташлайлик. Академик ўқув йили ва унинг зимнидан академик ўқув соатларини тақрибан чамалайлик.

Бир йилда ўн икки ой бўлса, шу ўн икки ойнинг тўққиз ойи таҳсил учун уч ойи таътил учун ажратилади. Ўқишга ажратилган тўққиз ойнинг ичида турли муносабатлар, байрамлар баҳонасида толиб илмларга қўшимча қисқа таътиллар берилади. Ўша қисқа таътиллар мажмуаси бир ой ёки ундан кўп бўлиши мумкин. Бундан ташқари ҳар ҳафтада толиби илмга икки кун ҳақли дам олиш куни берилади. Бу, бир ойда саккиз кун демакдир. Илм таҳсили учун ажратилган тўққиз ой ичида эса 64 кун ё ундан озроқ дам олиш куни бўлар экан. 64 кун икки ой демакдир.

Демак, уч ой ёзги таътил, бир ой турли муносабатлар баҳонасида бериладиган таътил, икки ой дам олиш кунлари йиғими.

Аллоҳ ҳақи, инсоф билан айтгин, йигитлик даврини илмга бағишлаган талабанинг илм таҳсили учун қанча вақти қоляпти?! Роппа-роса олти ой. У олти ойни ейиш-ичиш, ўйин-кулги, тартибсиз уйқу, ҳордиқ, пардоз-андоз, зиёрат, бозор кезиш, дўконма дўкон дайдиш ва назоратсиз, бекорчи йигитнинг бизга қоронғи зарурий ишларига тақсимлаб чиқ. «Иссиқ жон» деганларидек талабанинг бетоблик даврини ҳам бунга қўшиб қўй. Соғлигида қўлига китоб олмаган киши, бетоблигида китоб олармиди? Шулардан ортганини ўқишга бер. Натижада таҳсилга ажратилган тўрт йил икки йилга қисқаради, ана шу икки йилнинг бир йили ёки ундан ози соф ўқиш кунларига тўғри келади.

Тўрт йилнинг ҳаммасини ўқишга бағишлаб, ўқув йилларидан, таътиллардан унумли фойдаланаётган талабалар йўқ эмас, бор, кўплаб топилади. Лекин шунинг муқобилида ўқув йилларининг ҳаммасини таътилга айлантириб юбориб, ўқишни битирар пайтда «Диплом» билан қайтаётганлар ҳам йўқ эмас. Ана шундайлар дин номидан гапирса, ана шундайлар табиб – шифокор, доктор номини олса, ана шундайлар қози-ю, ана шулар икки кишини тепасига раҳбар бўлса қиёматни кутишдан бўлак чора қолмайди. Ернинг устидан кўра, ости афзал бўлиб қолади.

Академик низомда ўқиш кунлари ўқиб, дам олиш кунлари дам олиб, таътилда ухлаб, ўйнаб-кулиб юриб, пировардида қуруқ назариябоз бўлиб чиққанлардан бири «куллиётга кирганда тавозули жоҳил эдим, куллиётни битирарда бетавозу, мутакаббир жоҳил бўлиб чиқдим», деб афсусланган экан.

Узоқ йиллар диний таълим олиб қишлоғига қайтган йигитдан жаноза намозига ўтиб беришини сўрашибди. Йигит умрида жаноза намози ўқимаган экан, жаноза қандай ўқилишини ҳам билмас экан. (Чоғи ўша куни дарсга келмаган, келган бўлсада қолипи дарсдаю, қалби дарс ташқарисида кезган) Ҳар нечук, йигит «Аллоҳу акбар» деб қулоқ қоқиб намозни бошлабди. Бир оздан сўнг яна «Аллоҳу акбар» деб рукуъга кетибди. Диний саводи йўқ авом халқ эса нима қиларини билмай ҳайрон... Ярми имомга эргашиб рукуъга эгилган, қолган ярми тик турган ҳолида қотиб қолган. Ана шунақаси ҳам бўлар экан...

Дўстинг куллиётга қабул бўлиб ичкарида эснаб ўтирса, сен куллиёт ташқарисида югуриб-елиб, уйқуни қочириб олимлар хузурига бориб ўқи. Остоналарида ўтир. Ажаб эмаски, Аллоҳ сендаги садоқатга мукофот ўлароқ илмингга, саъй-ҳаракатингга баракотлар берса. Ажаб эмаски, жаҳолатдаги қавмингни жаҳолатдан қутқарсанг. Саодатга ташна халқингга саодат олиб келишга сабабчи бўлсанг. Зеро, дўстинг афсусланиб надомат чекса, сен дўппингни осмонга отиб қувонарсан. Ана шундагина еру осмондагилар, ҳатто денгиздаги балиқлар ҳам сенга истиғфор айтишади.

Бир йилнинг ўн икки ойининг ҳаммасидан унумли фойдалан. Ўн икки ойнинг йигитлик кунларинг эканини унутма. Шахдам олдинга кетаётган сермаҳсул йигитлик давринг орқага қайтмаслигини ёдингдан кўтарма. Йигитликдан кейин бошқа бир давр келади, у даврдаги елиб югиришлар гўё ерга мустаҳкам қотирилган, жойидан жилмас велосипедни жон жаҳди билан ҳайдашдек гап.

Ибн Жавзий айтади: «Ёшлигини илмга сарфлаганлар, кексайганда иззат-икром мевасини йиғади».

Аҳмад ибн Ҳанбалдан сўрашди:

– Қачонгача илм ўрганамиз?

– Қабрга қўйилгунча,-жавоб бердилар имом.

Абу Райҳон Беруний охирги нафасларини олаётган ҳаётининг сўнги соатларида ёнларига аҳли илмлардан бири кириб келди, ҳол-аҳвол сўради. Шунда олим:

– Кеча фароиз илмидан момонинг насибаси ҳақида нима деб айтиб эдинг? – дейдилар.

– Тақсир, ҳозир ўрнимикин, бетобсиз...

– Ҳа, айни ўрни. Агар мен хато тушунган бўлсам ўлимим олдидан хатоимни тўғрилаб, Аллоҳ ҳузурига тавба билан борайин, агар сен хато қилаётган бўлсанг, ўлимим олдидан бир хатони тўғрилаб кетайин.

Йигит олим олдидан ҳовлига чиққанда, ичкаридан аёлларнинг йиғи товуши эшитилди.

Islom.uz портали таҳририяти

Мавзуга оид мақолалар
Қатода ҳақида Абу Мутиъ шундай деди .У Қуръонни етти кунда бир марта хатм қиларди. Рамазон ойи келса, ҳар уч кунда бир марта хатм қиларди. Охирги ўн кунлигида эса давоми...

1313 08:00 / 07.02.2021
Милодий еттинчи аср боши, олам жаҳолат ботқоғида ётган бир аҳвол эди...Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик вазифаси юкланишидан икки йил олдин, давоми...

3316 20:00 / 15.04.2020
Ибн Ваҳб Ибн Зайддан ривоят қилади quotАллоҳ таоло жаннат аҳлини бу дунёда қўрқувчи, маҳзун, кўп йиғлайдиган, мушфиқ, шунинг оқибатида охиратда неъматланган ва шод давоми...

3905 13:06 / 25.11.2018
Савол Исломда аёл киши қайси вақтда ажрашишга ҳақли Ёки фақатгина эри талоқ қилганидамиЖавоб Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.Исломда аёл киши хулуъ йўли билан давоми...

14125 16:30 / 16.02.2019