1445 йил 9 зулқаъда | 2024 йил 17 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Хоразмшоҳлар қисмати қандай кечган?

18:33 / 08.08.2020 2712 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол:

Тарих китобларда Мовароуннаҳр ерларида ўтмишда қудратли ва улкан Хоразмшоҳлар давлати бўлгани, у ниҳоятда гуллаб-яшнагани ҳақида ёзилган. Бу давлатнинг кейинги тақдири нима бўлган?

Аваз Оллоберганов

Хива

Хоразмшоҳлар ушбулар эди: Алоуддин Отсиз (1127 – 1156); Абул Фатҳ Ил-Арслон (1156 – 1172); Алоуддин Текеш (1172 – 1200); Алоуддин Муҳаммад (1200 – 1220); Жалолиддин Мангуберди (1220 – 1231).

Амударёнинг қуйи ўзанидаги кейинчалик Хива хонлиги пайдо бўлган ҳудудда жойлашган Хоразм суғорма деҳқончиликнинг фаровон ўлкаларидан саналарди. Саҳро ва чўллар уни ташқи оламдан узиб қўйган эди, бу ҳолат эса Хоразмга узоқ вақт мобайнида мустақил сиёсат юритиш имконини берди. Хоразм Ислом тарихида ҳижрий 93 йилдан, Қутайба ибн Муслим етакчилигидаги араб фотиҳлари кириб келганидан эътиборан тилга олина бошланди.

Ҳижрий тўртинчи асрда Амударёнинг сўл соҳилидаги Гурганж (Урганч) шаҳри катта иқтисодий ва сиёсий аҳамият касб этди. Ўша пайтда у Сибирь ва Русия жанубидан чўллар орқали келадиган карвон йўлларининг сўнги бекати эди. Маҳаллий Маъмунлар сулоласи ҳижрий 385 йили Африғийларни ағдариб, ўзига «хоразмшоҳлар» унвонини олди. Аммо Маъмунийлар ҳукмронлиги узоқ давом этмади ва Хоразм расман Сомонийлар қўл остида қолди. Ҳижрий 408 йили Маҳмуд Ғазнавий Хоразмни салтанатига қўшиб олишга қарор қилди ва Маъмунийлар ҳукмронлиги ниҳоясига етди. Тахминан, йигирма йилча Хоразмда ғазнавий ҳокимлар ҳукмронлик қилишди. Ҳижрий 432 йили Исмоил Хандон ибн Олтинтош ҳокимлик қилган вилоят ўғуз ҳукмдорларидан, Сирдарё соҳилидаги Жанда шаҳри ҳокими Шоҳ Малик қўлига ўтди, аммо ўша йилиёқ Шоҳ Маликни салжуқийлар ағдариб ташлашди ва Хоразмга ўз ҳокимларини тайинлай бошлашди.

Ҳижрий 470 йиллар атрофида Ануштегин Жарчой Хоразм ҳокими этиб тайинланди. У салжуқийлар султони Маликшоҳ саройида ҳаммомлар назоратчиси вазифасида эди. У салжуқийларнинг ғазнавийларга қарши урушида иштирок этди. Урушда олдинига салжуқийлар мағлубиятга учрашди, кейинчалик эса, зафар қозонишди. Бунда Ануштегиннинг хизмати катта эди. Султон Маликшоҳ миннатдорчилик рамзи сифатида унга Хоразм ҳукмронлигини топширди. Ануштегин Хивада вазифасини бажаришга киришди ва умри охиригача ҳокимлик қилди.

Ҳижрий 490 йили у вафот этганидан кейин ҳокимият қисқа муддатга турк волийларидан Экинчи ибн Қўчқор қўлига ўтди. Кейинроқ вилоят ҳокимлигига Ануштегиннинг ўғли Қутбиддин бош бўлди. У тадбирли киши эди, шу боис салжуқийлар султони Берка Яруқ уни Хоразм ҳокимлигида қолдириб, уни шоҳ унвони билан шарафлади. Хуросон устидан назорат салжуқийлардан Санжар қўлига ўтгач, у ҳам Қутбиддиннинг ваколатини тасдиқлади. Унинг ҳукмронлиги даврида Мовароуннаҳрда Самарқанд ҳокими мусулмон динига тўғри келмайдиган ёвузликларни қилди. Шунда у қўлга олиниб, қозилар маҳкамасига тортилди ва ўлим жазосига ҳукм қилинди.

Ҳижрий 521 йили Қутбиддин ўрнини унинг ўғли Отсиз эгаллади. У бошда отаси сиёсатини давом эттирди, кейинчалик эса салжуқийларга қарамликдан қутилишга интила бошлади. Султон Санжар уни тахтдан четлатди, аммо кўп ўтмай Отсиз Хоразм устидан ҳукмронликни қайта қўлга олди. Ҳукмронлигининг охирги йилларида у қудратли подшоҳга айланди, унинг ҳукмронлиги Форс ва Хузистондан ташқари мусулмон дунёсининг бутун шарқий ўлкаларига ёйилди. Отсиз вафотидан кейин ҳижрий 551 йили унинг ўғли Ил-Арслон ҳокимиятга келди. Унинг ҳукмронлиги даврида давлат чегаралари аста-секин кенгая борди, Хоразм осойишта ва гуллаб-яшнаган диёрга айланди. Хоразмшоҳлардан Ил-Арслон ҳижрий 567 йили вафот этди.

Ҳукмдор вафотидан кейин тахтга унинг норасида ўғли Султоншоҳ Муҳаммад ўтирди. Унинг онаси ўғли номидан мамлакатни бошқарди. Лекин ўша йилиёқ Муҳаммаднинг акаси Алоуддин Текеш Хоразмда ҳокимиятни қўлга олди. Ҳижрий 590 йили салжуқийларнинг Ироқдаги давлатини тугатди, сўнгги салжуқий султон Тўғрул Иккинчи ўлдирилди.

Ҳижрий 596 йили Текеш ўрнини унинг ўғли Алоуддин Муҳаммад эгаллади. 605 йили у Ҳиротни эгаллади ва ғурийлардан Ғиёсиддин Маҳмуд билан жанг қилди. Маҳмуд мағлубиятга учраб, ўлдирилди. Шундан кейин Муҳаммад Мовароуннаҳр шимолидаги Хатига бостириб бориб, маҳаллий қабилаларга қақшатғич зарба берди. 611 йили у Кирмон, Мижрон, Синдни эгаллади, 612 йили эса Ғазнани қўлга киритди.

Давлати чегараларини хийла кенгайтириб олган Алоуддин Муҳаммад Ислом оламида бир вақтлар салжуқийлар эгаллаган мартабага даъвогар эди. У халифа Насрдан алоҳида мақом талаб қилди, бироқ у Муҳаммаднинг талабини қондиришдан бош тортди. Шунда Муҳаммад мамлакатда аббосий халифа Наср номини хутбага қўшиб ўқишни тақиқлади, шиаликни қабул этганини эълон қилди ва Алий ибн Абу Толиб авлодларидан бирини халифа деб тан олди. Шундан кейин у халифа Насрга қарши юриш бошлади, бироқ Бағдодгача етиб боролмай, ортига қайтди.

Тарих китобларида айнан Алоуддин Муҳаммад олдинига мўғул савдогарларни, кейинроқ Чингизхон элчиларини ўлдиришга фармон бериб, мўғулларнинг бостириб киришига сабабчи бўлди дейилади. Шу сабабдан мўғуллар босқини бошланиб кетди ва бу нафақат хоразмшоҳлар давлати, балки бутун Ислом олами учун катта фожиага айланди. Алоуддин Муҳаммад мўғулларни тўхтатиб қололмади ва улар Хуросонга бостириб киришди. Хоразм шоҳи Каспий денгизидаги ороллардан бирига қочишга мажбур бўлди ва ҳижрий 617 йили ўша ерда вафот этди. Унинг ўғли ва меросхўри Жалолиддин Мангуберди ҳам у билан қочди, аммо орадан икки йил ўтиб Хоразмга қайтиб келди ва мўғуллар билан жанг қилди. Аммо мағлубиятга учради ва қолган-қутган аскарлари билан Ҳиндистонга қочди. Бу гал мўғуллар уни таъқиб қилишга тушди ва Жалолиддин аскарларидан кўпи Ҳинд дарёсида чўкиб кетди.

Кейинчалик Жалолиддин Мангуберди Хоразмга қайтиб, Гурганжни эгаллади. У барча мусулмон ҳукмдорларни мўғулларга қарши бирга жанг қилишга чорлади, аммо улар саркарда даъватига жавоб қилишмади. Шуни ҳам айтиб ўтиш керак, Жалолиддининг ўзи укаси Ғиёсиддин, аббосий халифа, Кирмон ҳокими ва туркманлар билан душманлик кайфиятида эди. Орадан кўп ўтмай, Жалолиддин яна мўғуллардан енгилди ва қочишга мажбур бўлди. У ҳижрий 629 йили Курдистонда бир деҳқон томонидан ўлдирилди.

 

Ойдин Ориф ўғли Ализода 

фалсафа фанлари доктори (Боку) 

«Ҳилол» журналининг  5(14) сонидан.

Мавзуга оид мақолалар
Муоза Адавийя Басрийя раҳимаҳаллоҳ ўзи эмизган фарзандларига ҳаром ейишдан четланишни буюрган эди. Абу Абдурраҳмон Сулламий айтади .Умму Асвадни ҳам Муоза давоми...

1677 08:00 / 10.01.2021
Эрхотин ўзаро алоқа қилганида эркакдан тахминан 200, 000000 икки юз миллион сперма ажралиб чиқади. Мантиқан олганда агар бу миқдор сперма бачадонда жойлашса 200,000000 давоми...

2545 10:00 / 26.03.2021
Умар розияллоҳу анҳу ҳар доим .Эй Аллоҳ, менга Сенинг йўлингда шаҳодат топишимни насиб этгин ва ўлимимни Расулингнинг шаҳрида қилгин, деб дуо қилардилар.Қизлари давоми...

2639 11:50 / 30.03.2021
Савол Кўзга оқ тушганидаги касалликка операция ёки томчилардан бошқа муолажалар топилмайдимиЖавоб Илмий қўлланма ва илмий назоратларда умумий уринишлар бор. давоми...

1682 11:01 / 18.09.2020
Аудиолар

121478 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42976 14:35 / 11.08.2021