1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қурбон байрами Ислом уммати учун хос қилинган

20:30 / 24.07.2020 1557 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

وَقَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: أُمِرْتُ بِيَوْمِ الْأَضْحَى عِيدًا جَعَلَهُ اللهُ لِهَذِهِ الْأُمَّةِ، قَالَ رَجُلٌ: أَرَأَيْتَ إِنْ لَمْ أَجِدْ إِلَّا مَنِيحَةً أُنْثَى أَفَأُضَحِّي بِهَا؟ قَالَ: لَا، وَلَكِنْ تَأْخُذُ مِنْ شَعَرِكَ وَأَظْفَارِكَ، وَتَقُصُّ شَارِبَكَ وَتَحْلِقُ عَانَتَكَ، فَتِلْكَ تَمَامُ أُضْحِيَتِكَ عِنْدَ اللهِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қурбонлик кунини ийд қилишга амр қилиндим. Уни Аллоҳ бу уммат учун қилгандир», дедилар. Бир киши:

«Айтинг-чи, мен урғочи манийҳадан ўзга нарса топмасам, уни қурбонлик қиламанми?» деди. У зот:

«Йўқ! Лекин сочингни ва тирноқларингни оласан. Мўйлабингни қисқартирасан. Қовуғингни тозалайсан. Ана ўшалар Аллоҳнинг наздида сенинг қурбонлигингнинг тугал бўлганидир», дедилар».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаи киромларга Ислом таълимотларидан тушунтириш олиб борувчи суҳбатларидан бирида Қурбон байрами ҳақида, унинг мусулмон уммати ҳаётида тутган ўрни ҳақида сўз юритиб, қуйидагиларни айтдилар:

«Қурбонлик кунини ийд қилишга амр қилиндим. Уни Аллоҳ бу уммат учун қилгандир...»

Демак, Қурбонлик кунини байрам қилишни Аллоҳ таоло амр қилган экан. Одамлар ўзларича маслаҳат қилишиб, қарор қилмаган эканлар. Ҳаттоки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларининг фикрлари ёки қарорлари ҳам эмас, балки Аллоҳ таолонинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қилган амри экан. Аллоҳ таоло Ислом умматидан бошқа уммат учун бунга ўхшаш байрам қилмаган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу баёнотларни эшитган саҳобалардан бирлари рағбати қўзиб кетиб, савол берди:

«Айтинг-чи, мен урғочи манийҳадан ўзга нарса топмасам, уни қурбонлик қиламанми?...»

«Манийҳа» – биров томонидан соғиб, ичиб туриш учун берилган соғин ҳайвондир.

Афтидан, савол берувчи киши қурбонлик қилишга ўта қизиққан одамга ўхшайди. Имкони бўлса, бировнинг молидан бўлса ҳам, қурбонлик қилишни хоҳлайди. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан урғочи манийҳани бўлса ҳам қурбонлик қилиш ҳақида сўраб олмоқда. Агар у зот «Бўлади», десалар, бировнинг ўзига соғиб ичиб туриш учун берган соғин ҳайвонини қурбонлик қилиб юбормоқчи. Албатта, бировнинг мулкини қурбонлик қилиб бўлмайди. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саволга:

«Йўқ!» деб жавоб бердилар ва ортидан қурбонлик қилишга моддий имкони йўқ кишиларнинг кўнгилларини кўтарувчи ажойиб гап айтдилар:

«Лекин сочингни ва тирноқларингни оласан. Мўйлабингни қисқартирасан. Қовуғингни тозалайсан. Ана ўшалар Аллоҳнинг наздида сенинг қурбонлигингнинг тугал бўлганидир», дедилар».

Албатта, қурбонлик қилган кишилар ҳам ушбу шахсий тозаликка оид ишларни байрамдан олдин қиладилар. Аммо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айнан қурбонлик қила олмай, кўнгли ўксиган камбағал кишиларнинг кўнгилларини кўтариш учун уларнинг ушбу ҳамма учун лозим бўлган шахсий тозалик ишларини қурбонлик ўрнига ўтадиган даражага кўтардилар. Бу эса унча-бунча илми нафс мутахассисининг хаёлига ҳам келмайдиган ишдир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бунга ўхшаш масалаларни жуда ажойиб услуб билан ҳал қилганларига ҳамма тан беради.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Қурбон байрами кунини ийд қилиш Аллоҳ таолонинг амри эканлиги.

2. Қурбон байрами Ислом уммати учун хос қилинганлиги.

3. Биров соғиб, ичиб туриш учун берган ҳайвонни қурбонлик қилиш мумкин эмаслиги.

4. Эркак кишилар байрамга тайёргарлик қилиш жараёнида сочини олдириб ёки текислатиб, мўйлабини қисқартириб, тирноқларини ва ҳаром мўйларини олиши кераклиги.

5. Мазкур ишларни амалга ошириш қурбонлик қила олмайдиган камбағаллар учун қурбонлик қилган ўрнига ўтиши.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шу кунларда Интернет ва ижтимоий тармоқларда диний мавзуда тарқатилаётган фикрлар юртдошларимизни бефарқ қолдирмаяпти.Таъкидлаш жоизки, диний таълимот ўта давоми...

1766 16:05 / 26.12.2019
Мутааххир уламолар билан мутақаддим уламолар ўртасидаги фарқ тупроқдан токи юлдузга қадардирИккита мисол келтираман1. Имом, аллома, фақиҳ, мутакаллим, наҳв ва давоми...

1344 15:00 / 07.01.2022
Ҳар бир мўмин банда ҳаётгузаронлик қилиши учун Аллоҳ таоло яратган ҳалол нарсаларни яхшилаб ўрганиши, касбидаги, ишидаги муомалаларда, олдибердиларда, қайси давоми...

2074 21:30 / 03.08.2019
Аллоҳ азза ва жалла Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади.Ўзингиз яхши кўрган нарсадан инфоқ қилмагунингизча ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз. Ниманики инфоқ давоми...

1859 17:20 / 16.04.2020