1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уйда қолинг

Карантиндаги кашфиётлар ёки ҳеч нарса беҳикмат эмас...

11:01 / 19.07.2020 3529 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тўғрисини тан олиш керак-ки, тўрт ой оз фурсат эмас, карантин чекловлари-ю, касалликлар ҳақидаги ҳар кунлик маълумотлар ўз таъсирини ўтказмоқда. Баъзи кишилар тушкунликка тушиб қолган. Кимдир ишга шўнғиб кетган, боғдорчилик, деҳқончилик билан, ёки устачилик, ҳунармандчилик қилувчилар ҳам бор. 

Ҳеч нарса беҳикмат эмас, карантин вақтида китоб ўқиш учун етарлича вақт топилди. Китоб ўқишдан эринган одам ҳам бундай узоқ муддат чўзилаётган карантин даврида, ҳеч бўлмаганда 4-5 варақ мутоала қилади. Бизлар ҳам динимиз тарихи, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаётлари тўғрисидаги, оз бўлса-да, маълумотлардан воқиф бўлдик.

«- Дада, мен велосипедда бораман масжидга. Сиз қўшнилар билан борасиз-а?» – шундай деб, ўғлим хуфтон намозини ўқиш учун чиқиб кетди. Кўк Гумбаз жоме масжиди бизнинг уйимиздан чамаси 5-6 километр узоқликда.

Мен таҳорат олиб, қўшним Абдуҳолиқнинг уйи томонга йўл олдим. Унинг машинасида биз, қўшнилар билан бомдод ва хуфтон намозларига, жума ва ҳайит намозларига борар эдик. Яна бир қўшнимиз Собир ака бўлса, ҳар йили Рамазон ойида бизларни ўз машинасида таровеҳ намозларига олиб бориб келарди. Жума намозларида учрашиб қолиб, бир-бирларимизни қутлаб, ҳол-аҳвол сўрашиб, жума маърузасида эшитганларимизни ўртоқлашиб, уйга қайтар эдик.

Элбек исмли қўшни йигит бир куни, бизларнинг биргалашиб намозга боришимиздан хабар топиб, менга ҳам намозга борадиган йўловчилардан ҳамроҳ бўладиганлар йўқми, менинг машинамда орқа ўриндиқ бўш, 2-3 кишини олиб бораман, дебди. Мен, катта ўғлим Зафар ва қўшнимиз Эркин ака билан биргаликда Элбек билан бомдом ва хуфтон намозларига борадиган бўлдик. Ҳаво совуқ ёки ёмғирли кунларда Элбек бизларни ҳатто уйимиз ёнигача келтириб қўяр эди.

Айрим ҳолларда, бироз бетоблик ёки чарчоқ сабабли, масжидга бориш, ҳатто машинада ҳам малол келиб қолган вақтлар бўлган эди. Энди эса, эҳ, карантин бўлиб қолишини билганимизда, беш маҳал намозларга ҳам масжидга боришнинг имконини топсак бўларди-ёв, деймиз.

Ҳозир эса шуларни эслаб, Аллоҳ берган шунча неъматлар: масжидга бориш учун имконият, намозхон, холис ниятли қўшнилар, танимизнинг соғлиги, истаган пайтимизда ҳар қандай жойга пиёдами ёки машинада боришлар - буларнинг барчаси бир зумда иложсиз бўлиб қолиши мумкинлигини тушуниб қолдим. Ўз ишларимиз билан шаҳарда юриб, пешин ёки аср вақтлари қайси масжид яқинроқ бўлса, кириб, агар улгурсак жамоа билан ёки ўзимиз намозларни адо этиб, яна йўлимизда давом этар эдик.

Карантин сабабидан кўпчилигимиз уйда қолиб, вақтимизни оила даврасида ўтказишга тўғри келди. Биров бажонидил, бировлар малолланиб уйда қолишга мажбур бўлди. Айрим таниш-билишларимиз, ўз оила аъзоларининг ўзлари билмай, сезмай юрган баъзи бир феъл-атворларини, баъзи бир ноёб фазилатларини ҳам қайтадан кашф этганларини рўйи-рост тан олишди. «Қизим расм чизишга жуда қизиқар экан, жуда ҳам чиройли суратлар чизган. Қаранг, билмаган эканман... Набирамнинг тиши чиқибди. Қаранг, эътибор қилмаган эканман...

Ўтган асрнинг 40-50-йилларида ота-боболаримиз ўз тенгқурлари билан болалик чоғларида мактабга оёқ яланг боришар экан. Тўйиб овқат емаган экан. У даврларда одамлар нон йўқлигидан кунжара еб, шишиб ўлиб қолишар экан. Шундай замонлар ҳам бўлган экан-да...». Касбдошлардан, қўшнилардан, дўстлардан шунга ўхшаш гаплар қулоққа чалиниб қолади. Қизиқ-а, ўз ота-оналари, фарзандлари, ака-укаларини яқиндан билиб бошлашибди.

Машaаллоҳ. Бундай узоқ муддатли чеклов бўлмаганида, балки ўз жигарларимизни яқиндан танимасдан яшаб ўтиб кетар эканмизда. Аллоҳ сақласин. Ҳақиқатдан ҳам, туғишган оға-инилар, қариндошлар бегоналашиб, бир-бирлари билан худди ёт кишилардек муомалада бўлаётган эди, айримлар ўзича «замонавийлашиб», фақат иши тушган, корига ярайдиган одамлар билан опоқ-чапоқ бўлиб, яқинларининг аҳволидан бехабар эдилар.

Азизлар, биз билан ёнма-ён бирга яшаётган жигарбандларимизга эътиборли бўлайлик, бир-бирларимизни эшитишни ўрганайлик, қўни-қўшниларимиз билан аҳил яшайлик. Ахир Аллоҳ бизга берган неъматларнинг, қадрдонларимизнинг қадрига етиш учун, уларнинг шукрини адо этиш учун коронавирус инфекциясидек балою-офатларнинг келиши шартмикан?!

Бахриддинов Маҳориддин Ўткирович.

Қашқадарё вилояти Қарши тумани Узуннова қишлоғи

 

Мавзуга оид мақолалар
2021 йил июль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони кўпчиликни ташкил этмоқда.Шу кеча кундузда юртимизда ушбу касаллик билан давоми...

5845 14:00 / 31.07.2021
12. 261 ҳижрий йил У йилда Африкада, Шом ва Андалусия шаҳарларида шиддатли қимматчилик бўлди ва бошка шаҳарларда оммалашиб кетди. Унга кучли ўлат ва вабо уланиб давоми...

3319 17:05 / 16.07.2020
Инсон умри давомида кўп неъматларнинг қадрига етмайди. Бетоб бўлмагунимизча соғликнинг, нотинчлик бўлмагунича тинчликнинг, ўлим эшик қоқмагунича ҳаётнинг... давоми...

3716 15:08 / 02.10.2020
20. 406 ҳижрий йил Муҳаррам ойининг бошида сешанба куни суннийлар ва шиалар ўртасида фитна содир бўлди. Бу фитнани вазир Фахрул Малик ўзаро музокара қилиб, икки давоми...

3783 17:05 / 17.07.2020
Аудиолар

210982 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130241 14:35 / 11.08.2021