1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Хавф намози қандай ўқилади?

15:00 / 15.06.2020 4954 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол: «Хавф намози» деганда қандай намоз назарда тутилади ва у қандай адо этилади? Иложи бўлса, шу ҳақда тушунтириш берсанглар.

Ғайрат

Фориш тумани


Намоз ўқишга жиддий хавф туғилиб турганда (масалан, душман бостириб келаётгани маълум бўлса ёки бирор табиий офатнинг хавфи бўлса), бундай пайтда ўқиладиган фарз намозлари «хавф намози» ҳисобланади. Агар хавф кучайиб кетса, имом жамоатни икки гуруҳга ажратади. Бир тоифа душман томонда турса, иккинчи тоифа имомга иқтидо қилади. Агар намоз икки ракатли бўлса, имом биринчи тоифа билан биринчи ракатни ўқийди, биринчи ракатнинг иккинчи саждасидан бошини кўтарганда орқадаги иқтидо қилган гуруҳ душман томонга бориб туради, душман томонидаги хавфга кўз-қулоқ бўлиб турган жамоат эса келиб, имомга иқтидо қилади. Имом улар билан иккинчи ракатни тугатиб, ташаҳҳудни ўқиб салом беради. Аммо имомга эргашувчилар салом беришмайди. Балки улар душмандан келадиган хатарга кўз-қулоқ бўлиш учун боришади. Аввалги жамоат эса келиб, қолган бир ракатни имомсиз қироат қилмай ўқишади. Чунки улар имомга аввалдан иқтидо қилганлик ҳукмида эдилар. Кейин ташаҳҳудни ўқишади ва салом беришади-да, яна душманнинг хавфи бор томонга бориб туришади. Сўнгра иккинчи гуруҳ келиб, қолган бир ракатларини қироат билан адо қилишади. Чунки улар имомга аввалги ракатда иқтидо қила олишмаган эди. Шунинг учун улар масбуқ ҳукмида бўлишади. Шундан сўнг ташаҳҳудни ўқиб, салом беришади.

Уч ёки тўрт ракатли намозда имом аввалги икки ракатни биринчи гуруҳ билан ўқийди, кейин икки ёки бир ракатни иккинчи гуруҳ билан адо қилади. Ҳар икки жамоат ҳам қолган ракатларни юқоридагидек жой алмаштириб ўқиб олади. Намоз ўқиб турган ҳолда жанг қилинса, намоз бузилади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳандақ ғазоти куни тўрт вақт намозни ўқий олмадилар. Агар урушиб туриб ҳам намозни ўқиш керак бўлганда, ҳаргиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни тарк қилмаган бўлар эдилар.

Агар хавф янада кучайиб кетса, отга минган ҳолда ёки пиёда қай томонга юзланиб бўлса ҳам, рукуъ ва саждаларни имо-ишора қилиб намоз ўқилади. Уруш бошланиб кетса, юқорида айтганимиздек, намоз бузилади. Хавф намози ўқилаётганда қурол-аслаҳаларни тақиб олиш мустаҳаб амалдир. Хавф намозини ҳар икки гуруҳ алоҳида имом билан навбат-навбат ўқиб олиши ҳам афзалдир. 


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг

«Мўминнинг меърожи» китобидан



Мавзуга оид мақолалар
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу жуда кўп яхши сифатларга эга эдилар, шу билан бирга, олий даражадаги зоҳид ҳам эдилар. У киши розияллоҳу анҳу молдунёга мутлақо ўч давоми...

7971 16:00 / 02.07.2019
Дам олиш жойлари ва сайргоҳлар одобларидан бири ҳаромдан сақланиш ва кўзни тийишдир.Зотан, шариатда ҳаром қилинган нарсаларнинг барчаси ҳамма учун ўта зарарли давоми...

6517 10:03 / 25.06.2020
Ҳазрати Алининг набираси Али ибн Ҳусайн Зайнулобидин одамлар таниб қолмаслиги учун тунда қиёфасини ўзгартириб, амакиваччасининг уйига келиб, сақада қилиб кетар давоми...

3265 10:10 / 03.11.2018
Абу Мусо Имрон ибн Мусо Турсусийдан ривоят қилинади .Фатҳ Мусилий икки ёш бола олдидан ўтиб қолди. Бирининг қўлида асал суртилган нон, бирида эса тузламали нон давоми...

3530 07:10 / 26.02.2019