1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Эй уммат қиёмат яқин... (биринчи мақола)

19:27 / 02.06.2020 3488 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қиёмат қачон бўлишини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч бир зот билмайди. Бу улкан ҳақиқат Қуръони каримда кўп марта таъкидланган. Жумладан Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида: «Сендан соат (қиёмат) қачон собит бўлиши ҳақида сўрарлар. Сен: «Унинг илми фақат Роббим ҳузуридадир. Уни фақат Ўзигина зоҳир қиладир. У осмонлару ерда оғир иш бўлади. Сизларга фақат тўсатдан келадир», деб айт. Худди сен уни билишинг керакдек, сендан сўрарлар. Сен: «Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Лекин кўп одамлар билмаслар», деб айт», деган.

Ўлимни, охират кунини, ул кун ҳар бир одам бу дунёдаги қилмишлари юзасидан сўроқ-савол қилинишини ўйлаш ҳар қандай шаккок, кофирни ҳам ўйлантириб қўяди. Шундай лаҳзаларда улар охират ҳақида савол бера бошлайдилар. Баъзи ҳолларда қиёмат бўлишига шак келтирганларидан, ўз фикрларини тасдиқлаш, қиёмат бўлади, деган ақидадагиларни ожиз қолдириш учун сўрайдилар. Баъзи вақтларда синаш учун сўрайдилар ва ҳоказо.

Қурайш мушриклари ҳам вақти-вақти билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қиёмат ҳақида, айниқса, унинг қачон собит бўлиши ва келиши ҳақида сўрар эдилар.

«Сендан соат (қиёмат) қачон собит бўлиши ҳақида сўрарлар».

Яъни, бўладиган бўлса, қачон бўлишини айтиб бер, деб даъво қилардилар. Бу саволдан, қачон бўлишини айтиб бера олмасанг, қандай Пайғамбарсан, шуни ҳам билмайсанми, деган ғаразгўйликнинг ҳиди келади. Аслида, қиёмат Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билиши мумкин бўлмаган ҳодисадир. Унинг қачон рўй беришини фақат Аллоҳнинг Ўзигина билади. Лекин мушриклар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни синаш, ул зотни хижолат қилиш учун, қиёмат қачон бўлади, деб сўроқ қиладилар. Агар ҳар бир сўзни Аллоҳдан қабул қилиб оладиган ҳақиқий Пайғамбар бўлмаса, бунга турли жавоблар бериш мумкин. Хусусан, Пайғамбарликни даъво қилувчи табиатан телба ва бузуқлар одамлар эътиборини жалб қилиш учун уларнинг қиёматга нисбатан бўлган эҳтиросли қизиқишидан фойдаланишга ҳаракат қилишлари кейингУнинг ҳақида билганим шу: Қиёмат осмонлар ва ер қанча улкан бўлмасин, уларга ҳам оғир келадиган даражада улуғ ҳодисадир. Шунинг учун ўша кунга тайёрланиш керак.

«Сизларга фақат тўсатдан келадир».

Билмай қоласизлар. Аввал эълон қилиб, вақтини тайинлаб келмайди. У содир бўлмасдан бир оз олдин ўзини ўнглаб, у ер-бу ерини тозалаб, ҳеч нарсани кўрмагандек мўмин-қобил бўлиб туришга имкон йўқ. Унинг келишига доим тайёр туриш керак. Унинг қачон содир бўлишини сўраб юришдан самара йўқ. Бунинг устига, бу саволга жавоб берадиган зотнинг ўзи йўқ. Мушрикларнинг саволи эса ноўрин.

«Худди сен уни билишинг керакдек, сендан сўрарлар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг дахллари йўқ нарсаларни Аллоҳдан сўрамайдилар.

«Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Лекин кўп одамлар билмаслар», деб айт.

Қиёматнинг қачон бўлиш илми Аллоҳнинг Ўзига хос илмидир. Уни ҳеч кимга, ҳатто Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам билдирмаган. У зот фақат қиёматнинг қачон бўлишинигина эмас, бошқа ғайб илмларини ҳам билмайдилар. Бу билмасликлари эса айб эмас.

Шунингдек, Аллоҳ таоло «Аҳзоб» сурасида: «Одамлар сендан соат (қиёмат) ҳақида сўрарлар. Сен: «Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир», деб айт. Недан билурсан, эҳтимол ўша соат яқиндир», деган.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни қиёмат соати билан қўрқитар, бу дунёда қилган ишларининг жазосини қиёматда тортишларини қайта-қайта такрорлар эдилар. Қуръони Каримда ҳам қиёмат ва унинг васфи, ундаги даҳшатлар ҳақида кўплаб оятлар келгани маълум. Кофирлар доимо, қиёмат қачон бўлади, деб сўрар эдилар. Улар қиёмат қоим бўлишига шак-шубҳа қилганлари учун ҳам у ҳақда кўп сўрардилар. Қани, бўлса, бўлмайдими? деб шошилар эдилар. Лекин қиёматнинг илми Аллоҳ таолонинг Ўзига хосдир. Аллоҳ таоло унинг қачон бўлишини бошқага билдиришни истамади. Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам, фаришталарга ҳам бу илмдан хабар бергани йўқ. Шу билан бирга, ояти каримада қиёмат қачон қоим бўлишини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билишининг, бошқаларга билдирилмаганининг ҳикматларидан бири ҳам баён қилинади:

«Недан билурсан, эҳтимол ўша соат яқиндир».

Қиёмат соати яқиндир, сен буни билмайсан, сендан бошқа ҳам билмайди. Шунинг учун ҳамма доимо ҳушёр бўлиб, тайёргарлигини кўриб туради. Ҳозир ёки эртага қиёмат қоим бўлиб қолса, нима қиламан, деб яхши ишларни кўпроқ қилади, ёмонликдан қочади.

(Давоми бор)

Islom.uz портали таҳририяти


Мавзуга оид мақолалар
Луқмон исмли ҳабаш қул бор эди. Хожаси унга қўй сўйишни буюрди. Луқмон қўйни сўйди. Хожаси .Қўйнинг энг яхши иккита гўштини олиб кел,, деди. Луқмон қўйнинг юраги давоми...

2961 07:30 / 08.04.2019
Абу Бакр розияллоҳу анҳу дейдиларТабассум ndash ишонч калити, ҳадянинг чироғи.Инсоннинг сўзи ақлининг баёни, фазилатининг таржимонидир.Инсоннинг фазилати унинг давоми...

3308 07:00 / 09.01.2019
Ҳозирги кунда жамиятимизда турли хил расмрусмлар қаердадир кенг, қаердадир тор доираларда тарқалди. Улардан бири тўёнадир. Бу ҳам хозирга кунда расмиятчиликка давоми...

3699 09:48 / 04.09.2019
Ҳажжождан ривоят қилинади .Шуъба эшагини миниб кетаётган эди, Сулаймон ибн Муғирани учратиб қолди. У Шуъбага муҳтожлигидан шикоят қилди. Шуъба эса .Аллоҳга давоми...

2213 09:02 / 21.03.2020
Аудиолар

211087 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130344 14:35 / 11.08.2021