1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

ИЙДУЛ ФИТР ТАБРИГИ

03:38 / 24.05.2020 4015 pdf Ўқиш режими + -

Бандаларига Рамазон рўзасини тутишни фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! 

Умматларига Рамазон кечаларида қоим бўлишни суннат қилиб берган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин!

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Азиз юртдошлар, муҳтарам мўмин-мусулмон биродарлар!

Мўмин-мусулмонларнинг улуғ, гўзал байрами бўлмиш Ийдул Фитр – Рамазон ҳайити муносабати билан фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари номидаги жомеъ масжид жамоаси номидан, «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёти ҳамда Ислом.уз портали ижодий жамоаси номидан чин дилдан, самимий муборакбод этамиз!

Аллоҳ таолога беҳисоб шукрлар бўлсинки, бу йилги Рамазон ойини ҳам тоат-ибодатда, зикру тасбеҳда ўтказишни, зиммамизга фарз қилинган буюк ибодатни – рўза ибодатини адо этишни насиб қилди. Умид қиламизки, Роббимиз иймон-эътиқод билан, хулуси ният билан, ажру савоблардан умидвор бўлиб тутган рўзаларимизни, бу ойда қилинган барча солиҳ амалларимизни даргоҳида ҳусни қабул айлаб, уларга ваъда қилинган улуғ мукофотларни насиб қилади, иншааллоҳ! Зеро, Парвардигоримиз: «Одам боласининг барча амаллари ўзи учун, фақат рўза Мен учун, унинг мукофотини Ўзим бераман», деб марҳамат қилган.

Рамазон ойи ва рўза ибодати ҳар бир инсон учун улуғ синовдир, аммо бу йилги Рамазон синовларга бой бўлди: ҳамма уйда бўлгани учун рўза ибодатимизнинг энг файзли, энг шукуҳли қисми бўлган таровеҳ намозларини масжидларда ўқий олмадик, хатми Қуръонларга намозда сомеъ бўла олмадик. Шунингдек, табиий офатлар, тошқинлар туфайли минглаб юртдошларимиз бошига катта мусибат тушди, талафотлар етди, қурбонлар бўлди. Бироқ, ушбу синовлар туфайли Роббимизнинг яна бир ҳикмати бўй кўрсатиб, халқимиз ўзининг нақадар бағрикенг, жўмард, сахий эканини яна бир бор намойиш қилди: жабр чекканларга мисли кўрилмаган моддий ва маънавий ёрдамлар берилди, давлатимиз томонидан ҳам, фуқаролар томонидан ҳам меҳр-мурувват кўрсатилди.

Аллоҳ таоло рўза ибодатини фарз қилар экан, ундан кўзланган асосий мақсад – тақво эканини ояти каримада баён қилган. Бу йилги Рамазон барчамизда айнан тақво сифати шаклланиши учун қулай фурсат бўлди. Аввало кўзга кўринмас касаллик туфайли, қолаверса, мазкур офатлар туфайли ҳар бир инсон офиятнинг, тинчлик-хотиржамликнинг, саломатликнинг нақадар буюк неъмат эканини англаб етди. Иншааллоҳ, бу каби синовлар ана шундай беҳисоб неъматларни ато этган Аллоҳ таолога нисбатан тақво сифатининг шаклланишига хизмат қилади.

Алҳамдулиллаҳ, Рамазон ойининг шукуҳи, файз-баракаси билан мўмин-мусулмонларимиз бу синовлардан шараф билан ўтмоқдалар. Зеро, Аллоҳ таоло бу синовларга муқобил равишда жуда кўп хайр-баракотларни ҳам ато қилди. Бу йилги Рамазонда фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг кўп йиллик орзулари ушалди: карантин давомида ва Рамазон кунларида устозимизнинг буюк илмий мероси халқимизга тўлиқ тақдим қилиниб, барча китобларини электрон ва овозли шаклда бепул ўқиш ва тинглаш имконияти туғилди. Ўзбекистон телевидениесининг бир неча каналлари орқали шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг суҳбатлари эфирга узатилиши ҳам халқимиз орзиқиб кутган катта хурсандчилик бўлди. Алҳамдулиллаҳ, бу ажойиб имкониятлардан, кунма-кун эфирга узатиб турилган хатми Қуръонлардан нафақат юртимиздаги, балки бутун дунёдаги диндош, миллатдош, ватандошларимиз ҳам баҳраманд бўлдилар. Фурсатдан фойдаланиб, бу хайрли ишларга бош-қош бўлган барча азизларимизга, давлатимиз раҳбарига ва барча мутасаддиларга, барча ижодий ходимларга ўзимизнинг самимий миннатдорчилигимизни изҳор этиб, ҳақларига холис дуолар қилиб қоламиз: Аллоҳ таоло барчангизга хайрли ишларда бардавом бўлишни насиб қилиб, Ўзи мададкор бўлсин!

Ҳаётнинг ана шундай қувонч ва ташвишлари билан, ўзига хос эътикоф ҳолатида, устозимизнинг китобларини мутолаа қилиб, суҳбатларини тинглаб, хатми Қуръонлар қилиб, кундузлари соим, кечалари қоим ҳолатда бир ой ҳам ўтиб кетди. Мана, бугун Рамазон билан хайрлашиб, Ийдул Фитр байрамини нишонлаб турибмиз. Бунинг учун Парвардигоримиз Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога чексиз ҳамду саноларимиз бўлсин!

Ушбу байрам муносабати билан Аллоҳ таолога астойдил тавба қилиб, сидқидилдан дуо қилайлик: Роббимиз юртимизга, бутун дунёга тинчлик-хотиржамлик, офият берсин, бу офатдан тез кунларда фориғ қилсин, яна масжидларни тўлдириб ибодат қилишни насиб қилсин, тутган рўзаларимизни даргоҳида қабул қилсин, охиратда шафоатчи қилсин, барчамизга иймон ҳаловатини, тоат-ибодатнинг лаззатини насиб қилсин, азиз ватанимизни жаннатмакон қилсин, халқимизни Ўзининг розилигини топадиган халқлардан қилсин!

Ийдул Фитр – Рамазон ҳайити байрамингиз муборак бўлсин, азизлар!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Судан пойтахти Хартум шаҳридаги баъзи жоме масжидларда Қуръон билан маънан яқинлашиш анжумани ташкил этилди. Бу ҳақда ЭльНилин ахборот агентлиги хабар берди. давоми...

1688 15:00 / 15.01.2021
Россия муфтийлари Кенгаши раиси Равил Ғайнутдин Москвада 34 миллион нафар мусулмонлар истиқомат қилишини таъкидлади. Бу ҳақда gazeta.ru нашрига таяниб, Ўзбекистон давоми...

2071 12:05 / 26.09.2019
Бугун, 2021 йил 11 ноябрь куни Қашқадарё вилояти Қарши туманида ХI асрда яшаб ўтган улуғ мутафаккир олим, Абу Муин Насафий мақбарасини зиёрат қилиш мақсадида бир давоми...

1917 17:04 / 11.11.2021
Жаҳон туризм ташкилотининг маълум қилишича, 2020 йилга бориб дунёдаги сайёҳларнинг умумий сони тахминан 1 миллиард 200 миллион кишига етади. Шулардан, 800 миллион давоми...

2080 07:10 / 26.06.2019
Аудиолар

211011 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130271 14:35 / 11.08.2021