1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Рамазоннинг охирги ўн кечаси

17:00 / 18.05.2020 1931 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон (охирги) ўнлик кирса, белни маҳкам боғлаб, кечани тирилтирар ва аҳлларини уйғотар эдилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Термизийнинг лафзида:

«Охирги ўнликда ундан бошқада қилмаган ижтиҳодни қилар эдилар», дейилган.

Шарҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазоннинг охирги ўн кечасида белни маҳкам боғлаб, тунни бедор ўтказишлари, аҳли аёлларини ҳам уйғотиб, ибодатга чорлашлари, ўша кечаларнинг фазли улуғлигидан, уларнинг ичида Қадр кечаси борлигидандир.

Биз ҳам севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб, мазкур кечаларда астойдил бўлиб, бедорлик билан ибодат қилишимиз, аҳли аёл ва атбоъларимизни ҳам Рамазоннинг охирги ўн кечасининг ибодатига чорлаб, уларни ҳам хайру барака ва савобдан баҳраманд бўлишга даъват қилишимиз лозим.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунида эътикоф ўтирар эдилар ва:

«Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўнлигидан изланглар», дер эдилар».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Пайғамбар алайҳиссаломнинг мазкур ўн кунликда эътикоф ўтиришлари уларда Қадр кечаси борлиги учундир. Чунки ўн кечаю кундуз узлуксиз масжидда эътикоф ўтирган одам Қадр кечасини топиши муқаррар.

Шунинг учун ҳам ҳозирда аҳли солиҳ кишилар доимо Рамазони шарифнинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтиришга ҳаракат қиладилар. Ҳар бир имкони бор киши бу ишни қилса, жуда ҳам яхши бўлади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан баъзилари тушларида Қадр кечасининг охирги етти (кеча)да эканлигини кўрдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Тушингиз охирги етти кечага мувофиқ келаётганини кўрмоқдаман. Ким у(кеча)ни излайдиган бўлса, уни охирги етти (кеча)да изласин», дедилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Мўмин кишининг туши ваҳий кабидир. Азоннинг саҳобалар кўрган тушлари сабабли шариатга киритилганини аввал ўрганиб ўтган эдик. Мана энди саҳобаи киромларнинг тушлари Қадр кечасини аниқлашга ёрдам бермоқда. Аввалги ҳадисларда айтилган ўн кеча етти кечага қисқартирилиб, Қадр кечасини ана шу етти кечадан излашга тарғиб қилинмоқда.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн (кечаси)нинг тоқ (кеча)ларида изланглар», дедилар».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифга биноан, Қадр кечасини Рамазони шарифнинг йигирма биринчи, йигирма учинчи, йигирма бешинчи, йигирма еттинчи ва йигирма тўққизинчи кечаларида излаш керак бўлади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад ибн Абулфараж айтади Рамазон ойида менга таом тайёрлайдиган хизматкор керак бўлиб қолди. Бозорда ранги сўлғин, озғин ва нимжон бир жорияни кўрдим. Унга давоми...

3558 07:00 / 13.12.2018
Савол Ҳозир дунёда қанча мусулмон бор Бундай савол бераётганимнинг сабаби шуки, турли манбаларда бу ҳақда ҳар хил маълумот берилган экан бир ярим миллиарддан 1,8 давоми...

12812 17:24 / 03.08.2020
Бир мутакаббир золим хизматкорига фалончи аёлни келтиришни буюрди. Унинг мақсади бечора аёлни азоблаб, устидан кулиш эди. Аёлни олиб келишди. Золим бу аёлни ерда давоми...

3116 07:00 / 29.01.2019
Бани Исроилда бир обид киши бор эди. Унинг жундан тўқилган жуббаси билан одамларга сув ташийдиган мешидан бошқа нарсаси йўқ эди. Ўлими яқинлашгач, у шогирдларига давоми...

2050 08:00 / 18.09.2020
Аудиолар

211041 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130301 14:35 / 11.08.2021