1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Болага жисмоний тарбия бериш (иккинчи мақола)

10:44 / 05.05.2020 2143 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Абу Довуд Муҳаммад ибн Али ибн Руконадан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Рукона Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кураш тушди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни йиқитдилар».

Уламоларимиз ушбу кураш мусобақаси ҳақидаги ҳадиси шарифнинг ўзига хос қиссасини ҳам ривоят қиладилар.

Имом Абу Довуднинг ривоятида бу қисса қуйидагича баён этилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Батҳода эдилар. У зотнинг ҳузурларига Рукона ибн Язийд қўй-эчкиларини ҳайдаб келди ва:

«Эй Муҳаммад, мен билан курашга тушасанми?!»– деди.

«Совринга нима қўясан?» – дедилар.

«Қўйларимдан бирини», – деди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у билан курашга тушдилар ва уни йиқитдилар. Кейин эса қўйни олдилар. Рукона:

«Яна қайта тушасанми?» – деди. Бу ҳол бир неча марта такрорланди. Охири у:

«Эй Муҳаммад! Аллоҳга қасамки, ҳеч ким ёнимни ерга теккиза олмаган эди. Мени йиқитган сен эмассан!» – деди-да, Исломга кирди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қўйларини қайтариб бердилар».

Бундан мусулмон кишининг мусулмон бўлмаган киши билан ҳам мусобақа ўтказиши мумкинлиги аён бўлади. Шунингдек, спорт орқали яхшиликларни тарқатиш, кишиларни Исломга киритиш ҳам мумкинлиги тасдиқланади. Яна, Руконага ўхшаб, баъзи ҳовлиққанлар бўлса, попугини пасайтириб қўйиш ҳам мумкин бўлади. Бунинг учун эса мусулмонлар доимий равишда бадантарбия билан шуғулланиб, соғ-саломат ҳолда тайёргарлик кўриб юришлари лозим бўлади.

Бошқа ривоятларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларни кураштириб, мусобақалар ўтказишга ўзлари бош бўлганлари ҳам айтилади. Уҳуд ва бошқа баъзи урушлар бошланишидан олдин ўспирин мусулмон йигитлар келиб, ўзларининг аскарликка қабул қилинишларни талаб қилганлар. Ўшанда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни кураштириб, ғолиб келганларни қабул қилганлар.

Имом Бухорий ва имом Муслимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда:

«Ҳабашийлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида «ҳироб» ўйнашаётган эди. Умар кириб қолди-да, эгилиб тош олиб, уларга ота бошлади. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Умар, тек қўй уларни!» – дедилар».

«Ҳироб» – қурол ушлаб, чапдастлик намуналарини кўрсатадиган ҳарбий спорт ўйини. Мазкур ҳабашийларнинг бу ўйини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида бўлган. Бу ҳол ҳам бадантарбияга аҳамият беришнинг бир намунасидир.

Имом Бухорий ва имом Аҳмад Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бозорда камон отиш мусобақаси ўтказаётган асламлик кишилар ҳузуридан ўтиб қолдилар ва:

«Эй Бану Исмоил! Отинглар! Отангиз мерган эди. Отинглар! Мен Бану Фулон биланман!» – дедилар. Шунда тарафлардан бири қўлларини тийдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларга нима бўлди? Отмай қўйдинглар?» – дедилар. Улар:

«Сиз улар билан бўлсангиз, қандай қилиб ҳам отар эдик?!» – дейишди. Шунда у зот:

«Отинглар! Мен ҳаммангиз биланман!» – дедилар».

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Тафвийз қилиш, дегани бошқага топшириш маъносини англатади. Эрнинг хотинини талоқ қилишни ўзидан бошқага топшириши .талоқни тафвийз қилиш, дейилади.Хотиннинг давоми...

3124 16:00 / 21.02.2023
Мақоламизда бахтли оила саройини қурмоқчи бўлган эр ва хотин билиб, риоя қилиши лозим бўлган одобларни Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолда сиз азизларга баён давоми...

2739 15:00 / 04.12.2021
Авваллари бу савол ўртага ташланмаган, чунки никоҳ тўйи кимнинг зиммасида эканини ҳамма яхши билган ва унга амал қилган. Ҳозир ҳам кўпчилик жамиятларда, ҳатто давоми...

5167 14:00 / 23.02.2019
.Маҳр, ақди никоҳ ёки эрхотинлик қилиш баробарида аёл ҳақдор бўладиган нарсанинг исмидир. Маҳр турли номлар билан номланади. Қуръони каримда унга нисбатан давоми...

17010 08:10 / 07.02.2025