1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

«Тавҳид» китобида ёритилган асос тушунчалар ва мавзулар (тўртинчи мақола)

11:30 / 26.04.2020 1887 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Айтиш лозимки, «Тавҳид» китобида баён қилинган айрим тафсилотларни бугунги ўқувчилар унчалик тушунмасликлари табиий. Аммо китобнинг умумий мазмуни билан танишиш бугун ҳам ниҳоятда аҳамиятлидир. Қуйидаги сатрлар айнан шу нуқтага қаратилган.

Имом Мотуридий ўз фикрларини тушунтириш учун маърифат назариясини ишлаб чиқди. У киши бирор нарса хусусида маърифат ҳосил қилиш учун керакли воситаларни баён қилар экан, илҳом ёки қуръа орқали  билинган нарсалар маърифатни ифода этмаслиги, балки нарсаларнинг ҳақиқатини билиш уч восита ‒ ҳис, хабар ёки фикр қилишдан бири ёхуд бир нечтаси орқали ҳосил бўлишини баён қилди.

Инсон ҳис қилиш орқали лаззат ва оғриқларни билса, хабар билан ҳар қандай билмаган нарсасини билиши мумкин. Одатда инсон ўз исми, насаби ва ирқи, шунингдек, барча ашёларнинг исми, моҳияти ҳақида хабар орқали илм ҳосил қилади.

Хабарлар уч қисм бўлади:

1. Пайғамбарларнинг хабарлари;

2. Мутавотир хабар. Яъни, ёлғонга келишиши имконсиз бўлган катта бир жамоанинг хабари.

3. Оҳод хабар. Яъни бир киши берган хабар.

Фикр қилиш ҳисдан йироқ бўлган нарсаларда қўлланилади. Мисол учун, коинотдаги махлуқотларга қараб уларнинг яратувчиси бўлган Зотни англаш мумкин. Бу каби ҳақиқатларни идрок қилиш учун фикр ва ақл юритиш лозимдир.

Имом Мотуридий ушбу фикрни ривожлантириб келиб, динни билиш учун иккита маърифат манбасига ‒ ақл ва нақлга таянишни айтади.

Имом Мотуридий ушбу икки манба асосида Аллоҳ таолонинг биру борлиги, Исломнинг ҳақ дин экани, охират ҳаёти ва ундаги ҳисоб китоб, мукофоту жазонинг ҳақлигини исботлайди.

Ҳар бир иносний жамиятнинг ўзига хос эътиқоди бўлиб, ҳар бир тоифа ўз эътиқодини тўғри, бошқасини хато деб билади. Бу эътиқодлар одатда аждодлардан авлодларга кўчади. Шунингдек, ҳукмрон тақабанинг таъсирида ҳам эътиқодлар сингдирилади. Буларнинг барчаси нақл ҳисобланиб, ақл билан ўша эътиқоднинг ҳақлиги таҳлил қилиниши матлубдир. Бунга Қуръондан далиллар жуда ҳам кўп.

Ушбу оламнинг бир жузи бўлмиш ақл бу оламни фақат фоний бўлиши учун яратилмаган, балки маълум мақсад, ҳикмат билан яратилганини тасдиқлайди. Бинобарин, бу олам боқий олам учун яратилгандир.

Имом Мотуридий ақлни ҳис ва хабар орқали келган маълумотларни фаҳмлаш ва уларни тафсир қилиш, тушуниш муаммоли бўлган жойларини ечиб бериш ҳамда маълумотларни баҳолаш учун зарурий восита деб билади. У киши ақлнинг бу маконатини шариатда инсон мукаллаф бўлиши ва ҳаққа эришиши учун ҳам ақлли бўлиши лозимлиги тан олинган ҳақиқат экани билан изоҳлайди. У киши яна ақлнинг ҳақиқатларини англашдаги ўрни худди кўз рангларни ва қулоқ овозларни ажратиб бериши каби бўлишини айтади.

Имом Мотуридий Аллоҳнинг борлиги ва ягоналигини ақл билан исбот қилиб берар экан, бир қанча далиллар келтиради. Жумладан, пайғамбарларнинг очиқ-ойдин мўъжизалар билан қўлланиши, ҳеч нарса ўз-ўзидан пайдо бўлмаслиги, дунёда яхшилгу ёмонлик борлиги каби ақлий далилларни эслатади.

Агар яратувчи Зот бўлмаганида Унинг элчиси бўлиб келган пайғамбарлар хориқилода ишларни, яъни мўъжизаларни кўрсата олмасди ва агар Аллоҳдан бошқа илоҳ мавжуд бўлганида, у ширкка қарши қақшатқич зарба бераётган пайғамбарларнинг мўъжизалар кўрсатишига қаршилик қиларди.

Айрим динсиз тоифалар агар Яратувчи бўлганида, дунёда ёмонлик бўлмас эди, деб даъво қилган. Имом Мотуридий бу фикрга акс жавоб беради. У киши айнан ёмонликнинг мавжудлиги Яратувчининг борлигини билдиради, дунё агар ўз-ўзидан яралган бўлганида, бу оламда ёмонлик бўлмас эди, дейди. Бошқача қилиб айтганда, ҳар ким ўзи хоҳлаган ишни қилар, фақат яхшилик мавжуд бўлиб, ёмонлик бўлмас эди. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам бор эканми, демак, бу олам ҳикмат билан яратилгандир.

(Давоми бор)


Учинчи мақоланинг ҳаволаси
https://islom.uz/maqola/13657

 

 

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

05.03.2020

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
3.Рамазон Райён эшигининг калитидир. Жаннатга киришнинг ўзи катта бир саодат. Аммо ўша жаннатга Парвардигори оламнинг алоҳида эътиборига сазовор бўлиб, махсус давоми...

1903 10:30 / 23.04.2020
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврида одамлар қаҳатчиликка учрашди. Аҳвол жуда оғирлашгач, Абу Бакр розияллоҳу давоми...

2603 08:01 / 12.10.2020
.Ақийда, сўзи арабча .ақада, феълидан олинган бўлиб, .бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш, деган маънони англатади. Бу сўзнинг жами кўплик шакли .ақоид, бўлади. давоми...

1790 19:00 / 15.02.2020
Ислом дини сизу бизларгача етиб келишига саҳобалар бор куч қувватлари ва имкониятларини сарфлаганлари ҳеч кимга сир эмас. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда улардан давоми...

10245 17:20 / 22.01.2019
Аудиолар

211063 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130324 14:35 / 11.08.2021