1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Илм ўрганиш ҳар бир мусулмон учун фарздир

19:50 / 14.04.2020 4918 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Таълим» арабча «аллама» феълидан олинган масдар бўлиб, бир нарсанинг ҳақиқатини батафсил ва яхшилаб билдириш маъносини англатади. Илм эса бир нарсани воқеъликда қандай бўлса, ишонч ила ўшандай идрок қилишдир. Илм ўрганиш ҳар бир мусулмон учун фарздир.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: طَلَبُ الْعِلْمِ فَرِيضَةٌ عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир», – дедилар».

Имом Аҳмад ва ибн Можалар ривоят қилганлар.

Демак, ҳар бир мусулмон илм талаб қилишни ўзи учун фарз, деб билиши керак. Исломда илм талаб қилиш бешикдан то қабргача фарз қилинган. Келинг, ушбу маънони кенгроқ тушунишга ҳаракат қилайлик.

Фарз Аллоҳ таолонинг қатъий амри бўлиб, уни бажариш ҳар бир мўмин учун мажбурийдир. Фарз амални бажармаган одам катта гуноҳ иш қилган бўлади, охиратда иқобга учрайди.

Фарз икки қисмга бўлинади: фарзи айн ва фарзи кифоя.

«Фарзи айн» ҳар бир мусулмон шахсан бажариши лозим бўлган ишдир. Уни биров учун бошқа одам адо этгани билан, фарз бажарилган бўлмайди. Бунга намозни мисол қилиш мумкин. Балоғатга етган ҳар бир мўмин инсон беш вақт намозни ўқиши фарзи айн. Ўқимаган одам қаттиқ гуноҳкор бўлади.

«Фарзи кифоя» эса баъзи бир мусулмонлар адо этса, бошқалар учун кифоя қиладиган ишдир. Бунга жаноза намозини мисол қилиш мумкин. Бир мусулмон вафот этса, уни ювиб-тараб, жанозасини ўқиб, кўмиш ҳамма мусулмонлар учун фарз бўлади. Аммо, фарзи кифоя бўлганлиги учун, бир инсоннинг жанозасини баъзи мусулмонларнинг ўқигани кифоя қилади. Бошқалардан фарз соқит бўлади.

Илм талаб қилиш борасида фарзнинг иккала қисми ҳам иштирок этади.

Ҳар бир мусулмон учун ўзига керак нарсани, ҳаёти учун зарур илмни, дину диёнатни, ҳалол-ҳаромни билиб олишда зарур бўлган ҳар бир нарсани ўрганиш фарзи айндир. Ҳар бир мусулмон бу ишни қилиши шарт. Қилмаган одам гуноҳкор бўлади.

Мусулмонлар жамоаси учун керакли бўлган ҳунар ва илмларни талаб қилиш эса, фарзи кифоядир. Ҳаётнинг ҳар бир соҳасида етарли мутахассисларни тайёрлаб чиқариш Ислом жамиятининг барча аъзоларига фарзи кифоя бўлади. Эҳтиёжни қондирадиган даражада ва ададда мутахассис тайёрлаган жамият аъзолари бўйнидан мазкур умумий масъулият соқит бўлади.

Бу фарз энди ўша мутахассислар зиммасига ўтади. Агар жамиятда уларнинг соҳаси бўйича камчилик юзага келса, гуноҳи ўша мутахассисларга бўлади.

Шунинг учун ҳам ота‑онага фарзандларига таълим бериш вазифа этиб юкланган.

Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳлу аёлингизни ёқилғиси одамлару тошлардан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қиладилар» (6‑оят).

Фарзандларига таълим бериш оила бошлиғининг Аллоҳ таолонинг олдидаги бурчи эканига юқоридаги ояти карима ёрқин далилдир. Одамлар орасида «Ўзингни бил, ўзгани қўй» деган номаъқул гап юради. Лекин шариат бўйича, эр хотин учун, ота‑она болалар учун масъулдир. Қиёматда Аллоҳ таолонинг ҳузурида жавоб беради.

Юқорида зикр қилинган ояти кариманинг маъноси ҳақида сўралганларида ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Уларга таълим беринглар ва уларга одоб беринглар», дегани», – деб айтганлар.

Фақиҳлар: «Ота‑оналар ва уларнинг ўрнини босувчи валийлар кичкина болаларга балоғатга етганларида керак бўладиган илмларни ўргатишлари лозимдир», дейишган.

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эридан талоқ билан ёки эри ўлиб ажралган аёл киши белгиланган идда муддати тугамасдан бошқа киши билан никоҳланиши дуруст эмас. Бирор аёлга уйланмоқчи бўлган давоми...

1847 18:27 / 01 февраль
Эрхотин орасидаги хилофни бартараф қилишда қуйидагиларга эътибор бериш тавсия қилинади1. Аввало муаммо ҳақиқатда ҳам хилоф даражасига бориб етганми ёки давоми...

3432 19:00 / 31.05.2021
. .Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, аёллар эркакларнинг туғишганларидир,, дедилар.Термизий ривоят давоми...

5293 11:05 / 21.12.2019
. .Саъийд ибн Амр ибн Оссдан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Акаукаларнинг каттасининг кичигидаги ҳаққи отанинг боласидаги давоми...

3469 09:03 / 17.04.2021