1447 йил 16 жумадис сони | 2025 йил 07 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

81-боб. Чала туғилган боласи ўлган киши

18:01 / 28.03.2020 3902 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саҳл ибн Ҳанзолийядан ривоят қилинади:

«У бефарзанд эди ва: «Исломда эканимда бир болам чала туғилиб (яшамаса), бунга савоб умидида сабр қилишим мен учун дунё ва ундаги ҳамма нарсадан маҳбуброқдир», дерди».

Демак, боласи чала ёки ўлик туғилган ота-оналар бунга савоб умидида сабр қилсалар, Саҳл ибн Ҳанзала дунё ва ундаги барча нарсадан кўра яхшироқ кўрган улкан савобларга эришар эканлар.

Абдуллоҳдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қай бирингизга меросхўрининг моли ўз молидан кўра суюклироқ?» дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, орамизда бирор киши йўқки, ўз моли меросхўрининг молидан суюклироқ бўлмаса», дейишди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Билиб қўйингларки, ичингизда ўз моли меросхўрининг молидан кўра маҳбуброқ одам йўқ. Сарфлаганинг ўзингнинг молинг, қолдирганинг эса меросхўрингникидир», дедилар».

Бунинг маъноси шуки, сенинг молинг – бу дунёда ўзинг сарф қилганинг, меросхўрингнинг моли эса сарфламай, жамлаб қўйганинг.

Яъни ота мол-дунё топади, ундан хайр-садақа қилса, ўз номидан қилинган эҳсон бўлади, бахиллик қилиб тўплаб юраверса, ўлганидан кейин меросхўрларига қолади.

Тириклигида, бу дунёда садақа қилинган мол банданинг ҳақиқий ўз моли бўлиб қолар экан, ўлганидан кейин меросхўрларига қоладиган мол эса ўша меросхўрга тегишли бўлади.

Демак, ҳаётлик пайтида садақа қилган моли киши учун маҳбуброқ бўлади. Шунинг учун банда тириклигида хайр-эҳсон, садақа каби ибодатларни кўпроқ қилиб қолишга ҳаракат қилиши керак экан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Рақуб ҳақида нима деб ўйлайсизлар?» дедилар.

«Рақуб – фарзанд кўрмайдиган одам», дейишди.

«Йўқ, рақуб – ўз фарзандларидан бирортасини тақдим қилмаган одам», дедилар».

Яъни норасида гўдаги вафот қилмаган одамдир.

Бу ҳадис ҳам юқоридаги ҳадис каби, фарзанди норасида гўдаклик чоғида вафот этган ёки ҳомиласи тушиб қолган ота-оналарни сабр қилишга ундовчи ҳадислардандир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизлар паҳлавон деб кимни айтасизлар?» дедилар.

«(Курашда) одамлар йиқита олмайдиган киши-да», дейишди.

«Йўқ, ғазаб чоғида ўзини қўлга ола билгангина ҳақиқий паҳлавондир», дедилар».

Ушбу ҳадиснинг бу бобга киритилишига сабаб шуки, унда ҳам мусибатга, жумладан, фарзанд доғига сабр қилиш маънолари бор.

Ана шундай оғир мусибатлар етганда сабр қилган одамни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «паҳлавон» деб сифатлаган эканлар.

Албатта, фарзанд доғи нафақат ҳар бир инсон, балки ҳайвонот учун ҳам оғир мусибатдир. Аммо ўша мусибат етганда мусибатзадалар ўзларини турлича тутадилар. Бошқача қилиб айтганда, фарзанд доғи мусибатига дучор бўлганда ҳар ким ўзини ҳар хил тутади.

Баъзилар вафот этган боласига уввос солиб йиғлайди, ўзини ҳар тарафга уради, ҳайкал қўяди ва ҳоказо, бошқа турли нарсаларни ихтиро қилади ва қилиб келмоқда.

Аммо бу борада Ислом жорий қилган одоб ўзининг мўътадиллиги, яхшилиги ва мақбуллиги ила собит турибди. Бу одобнинг асоси сабр билан Аллоҳ таолодан савоб умид қилишдан иборатдир.

«Одоблар хазинаси» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
22. Саҳл ибн Муъоз отасидан ривоят қилади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким отаонасига яхшилик қилса, унга Тубо бўлсин, Аллоҳ азза ва жалла унинг умрини зиёда давоми...

3692 20:06 / 15.11.2018
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи отаона, қавму қариндош ва болачақа билан олиб бориладиган муомала маданиятига оид боблардан кейин қўниқўшни муомаласи давоми...

2120 15:10 / 17.08.2019
Қуръони Карим оятлари ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари асосида мусулмон уммати отаонага оқ бўлиш катта гуноҳларнинг каттаси эканига иттифоқ давоми...

1968 14:04 / 24.11.2024
Ислом дини отаоналарга фарзандлар устидан ҳақ бергани каби, фарзандларга ҳам отаоналар устидан ҳақ берган. Ҳар бир отаона ўз фарзанди олдидаги бурчини адо этиши давоми...

1885 13:38 / 04 май
Аудиолар

211341 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130607 14:35 / 11.08.2021