1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Аёл меросхўрлар (учинчи мақола)

11:04 / 02.03.2020 2442 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

4. Она томонидан бўлган момо ва ҳоказо.

5. Ота томонидан бўлган момо ва ҳоказо.

Ушбу икки томондан бўладиган момолардан мерос олиш ҳаққи борлари «саҳиҳ момо» деб аталади. Саҳиҳ момоларга ота-онанинг оналари, отанинг отасининг онаси, онанинг онасининг онаси ва отанинг онасининг онаси киради.

Онанинг отасининг онаси ва отанинг онасининг отасининг онаси «фосид момо» бўладилар ва мерос олмайдилар.

Ота тарафдан бўлган момо ва она тарафдан бўлган момонинг меросдаги ҳолати икки хил бў­лади:

Биринчиси:

Она бўлмаганда ва битта ҳамда ундан кўп саҳиҳ момо бўлганда уларга мероснинг олтидан бири тегади.

Агар момолар тенг савияда бўлсалар, мисол учун, отанинг онаси билан онанинг онаси бўлса, улар мероснинг олтидан бирини ўзаро тақсимлаб оладилар.

Агар момоларнинг савияси тенг бўлмаса, мисол учун, отанинг онаси билан онанинг онасининг онаси бўлиб қолса, яқин момо узоғини ҳажб қилади. Яқин момо мероснинг олтидан бирини олади. Узоқ момога ҳеч нарса тегмайди.

Иккинчиси:

Момонинг меросдан ҳажб бўлиши.

Агар маййитнинг онаси бўлса, қайси момо бўлишидан қатъи назар, момоларнинг ҳаммаси ҳажб бўладилар.

Маййитнинг ортидан онаси, онасининг онаси ва отаси қолди. Бунда:

Онасига мероснинг учдан бири тегади;

Отасига мероснинг қолгани тегади.

Онасининг онасига ҳеч нарса тегмайди. Чунки маййитнинг онаси унинг момосини ҳажб қилди.

Агар маййитнинг отаси бўлса, ота тарафдан бўлган момо ҳажб бўлади.

Она томондан бўлган момони ота ҳажб қилмайди.

Мисол учун, маййитнинг ортидан отаси ва онасининг онаси қолса, онанинг онаси бўлган момо олтидан бир мерос олади, яъни ота уни ҳажб қилмайди.

6. Туғишган опа-сингил.

«Туғишган опа-сингил» дейилганда ота бир, она бир опа-сингиллар кўзда тутилади. Булар мерос илми истилоҳида «авлодул Аъён» деб ҳам аталади.

Туғишган опа-сингилларнинг меросдаги ҳолатлари беш хил бўлади:

Биринчиси:

Аввало, опа-сингил биттагина бўлиб, ёлғиз қизнинг акаси ҳам, укаси ҳам бўлмаса, у мероснинг ярмини олади. Мисол учун, бир аёл вафот этиб, ортидан ёлғиз қизи ва эри қолди. Бунда:

Қизига ярим;

Эрига ярим тегади.

Иккинчиси:

Туғишган опа-сингиллар иккита ёки ундан ортиқ бўлсалар ва асаба бўлмаса, улар мероснинг учдан икки қисмини бўлиб оладилар.

Маййитнинг ортидан она бир ака-укалари ва иккита туғишган синглиси қолди. Бунда:

Она бир ака-укаларга учдан бир;

Икки туғишган сингилга учдан икки қисми тегади.

Маййитнинг ортидан онаси ва икки туғишган синглиси қолди. Бунда:

Онага мероснинг олтидан бир қисми;

Икки туғишган сингилга учдан икки қисми тегади.

Мероснинг қолгани она ва икки сингилга олдинги улушлари асосида яна қайта бўлинади.

Учинчиси:

Туғишган опа-сингил бошқалар билан бирга асаба ҳам бўлади. Битта ёки бир нечта туғишган опа-сингил билан бирга битта ёки бир нечта туғишган биродар бўладиган бўлса, қизлар ҳам асабага айланадилар ва меросни «бир эркакка икки аёл ҳиссаси» қоидаси асосида бўлиб оладилар.

Мисол учун, маййитнинг ортидан туғишган опаси ва туғишган укаси қолди.

Бунда икковлари меросни «бир эркакка икки аёл ҳиссаси» қоидаси асосида бўлиб оладилар.

Туғишган опага учдан бир.

Туғишган укага учдан икки.

Тўртинчиси:

Туғишган опа-сингил бошқаларга қўшилиб, асаба бўлади.

Агар туғишган опа-сингилга қиз ёки ўғилнинг қизи қўшилса ва туғишган ака ёки ука бўлмаса, туғишган сингил асабага айланиб қолади ва фарз эгаларидан ортиб қолган мероснинг ҳаммасини олади.

Мисол учун, маййитнинг ортидан қизи ва туғишган синглиси қолди. Бунда:

Қизига ярим;

Туғишган синглисига асаба сифатида мероснинг қолгани тегади.

Маййитнинг ортидан қизи, ўғлининг қизи ва туғишган синглиси қолди. Бунда:

Қизига ярим;

Ўғилнинг қизига учдан иккининг такмиласи ўлароқ (учдан иккини тўлдириш учун), олтидан бири;

Туғишган сингилга асаба сифатида мероснинг қолгани тегади.

Бешинчиси:

Туғишган опа-сингилларнинг мерос ҳаққи меросхўр эркак фарзандлар ҳамда ота туфайли бир йўла соқит бўлади (тушиб кетади). «Меросхўр эркак фарзандлар» деганда ўғил, ўғилнинг ўғли ва ҳоказо шу тариқа давом этадиганлар тушунилади.

Масалан, маййитнинг отаси, ўғли ҳамда ота бир, она бир синглиси қолди. Бунда ота олтидан бир улуш олиб, мероснинг қолган барча қисми ўғилга тегади. Сингил маййитнинг отаси ва ўғли туфайли ҳажби ҳирмонга учраб, ҳеч қандай мерос олмайди.

Баъзи мисоллар:

1. Маййитнинг ортидан онаси, туғишган синглиси ва хотини қолди. Бунда:

Онасига мероснинг олтидан бири;

Туғишган синглисига ярми;

Хотинига тўртдан бири тегади.

2. Маййитнинг ортидан қизи, туғишган синглиси ва онаси қолди. Бунда:

Қизига ярим;

Онасига олтидан бир;

Туғишган синглисига қизи билан асабага айлангани учун мероснинг қолгани тегади.

3. Маййитнинг ортидан қизи, ўғлининг қизи, туғишган синглиси ва туғишган укаси қолди. Бунда:

Қизга ярим;

Ўғилнинг қизига учдан иккига такмила (учдан иккига етказиш учун тўлдириш) сифатида олтидан бир;

Туғишган сингил ва туғишган укага «бир эркакка икки аёл ҳиссаси» қоидаси асосида мероснинг қолгани тегади.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўртачасини олиш вожибдир. Агар топилмаса, закотчи кичигини олиб, устига қўшимча олади ёки каттасини олиб, ортиғини қайтаради. Демак, закотга маълум бир ёшдаги давоми...

1978 19:00 / 13.09.2024
. , . , . ,. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба қилиб .Эй давоми...

625 19:00 / 23 октябрь
. ,. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва давоми...

1074 19:00 / 19 июнь
Ҳозирги кунимизда сут ва сут маҳсулотларидан олинган фойда ҳисобига мол боқиб бойиётганлар оз эмас. Яйловда мол боқиб бой бўлишдан кўра, бир қанча молни қамаб давоми...

1656 19:00 / 16 январь