1446 йил 23 шаввол | 2025 йил 21 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Олмонияга ислом қандай кириб келган?

11:04 / 15.02.2020 3053 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тарихчилар Олмонияга Ислом динининг кириб келиши милоднинг саккизинчи асридан бошланган деб ҳисоблашади. Ўша пайтдаги Олмония ҳукмдори Улуғ Карл (Шарлеман) 797 ёки 801 йили аббосий халифалар билан дипломатик муносабатлар ўрнатишга киришган эди. Маълум бўлишича, ҳар икки томон ўз мамлакатларидаги озчиликни ташкил қилувчи дин вакилларига эътиқод эркинлигини кафолатлашган экан.

Шарлеман ҳукмдорлиги вақтида Иберия ярим оролининг каттагина қисми мусулмонлар назоратида эди. Улар Оврупанинг бу қисмида саккиз юз йилга яқин, то насронийлар Андалусияни эгаллаб олгунича ҳукмронлик қилишди. Саккизинчи ва ўнинчи асрлар оралиғида мусулмон араблар Корсика, Сардиния, Сицилия ва ҳатто Римга ҳам юришлар қилишди. Ислом қўшинлари жануб ва ғарбдан Пиемонт ва Бургундия орқали Рон водийига кириб боришди. Улар Швейцария Алпини эгаллаб, 952 йилдан 960 йилгача шу ерда қолишди. Кейинги улуғ юриш шимолдан бошланди, усмонли турклар 1453 йили Византия пойтахти Константинополни (ҳозирги Истанбул) қўлга киритишди. Бу Рим империясининг ҳалокати эди. Шундан кейин мусулмонлар таъсири кенгайиб, 1529 ва 1693 йиллари улар Болқон орқали Вена дарвозаларигача боришди. Кейинроқ Босния ва Албания Ислом билан шарафланди.

Ўн еттинчи асргача «турк хавфи» ва Истанбулнинг янги юришларидан қўрқув туфайли Олмония мусулмонлар билан муносабатлар ўрнатишга унча интилмади. 1701 йилга келиб вазият ўзгара бошлади. Шу йили султон Мустафо Иккинчи Пруссия қироли Фридрих Биринчининг тахтга ўтириши муносабати билан унга табрик йўллади.

Бу ташаббус иккала томон ўртасидаги муносабатларни анча-мунча яхшиланишига туртки бўлди. Герцог Курляндский қирол Фридрих Биринчига урушда асир олинган 120 нафар мусулмон татарни тортиқ қилганида олмон ҳукмдори уларнинг намоз ўқишлари учун алоҳида хона ажратди. 1712 ва 1786 йиллар орасида тахтда бўлган Фридрих Иккинчи ҳам бошқа динлар қатори Исломга бағрикенглик билан муносабатда бўлди. Габсбургларга қарши ўлароқ у Усмонлилар салтанати тимсолида ўзига янги иттифоқчи топди.

Шундан кейин дипломатик муносабатлар ўрнатиш бошланиб кетди. 1763 йилнинг 9 ноябрида турк элчиси Аҳмад Расми афанди немислар кўзи ўрганмаган ғаройиб кийимдаги етмиш уч нафар аъёни билан Берлинга кириб келганида шаҳар аҳолиси уларни қизғин қутлади. Бундай эҳтиромдан қаттиқ ҳаяжонланган ва бироз ўнғайсизланган элчи султон Мустафо Учинчига: «Берлин аҳолисининг Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ҳурмати чексиз ва Исломни қабул қилишга тайёрлигини айтишдан ҳам қўрқмаяпти», – деб нома юборди.

1798 йили вафот этган турк элчисини мамлакатни 1770 – 1840 йиллари бошқарган Фридрих Учинчи Ислом талабларига кўра дафн этишни буюрди. Шундай қилиб, Олмонияда туркларга ажратилган биринчи ер Берлиндаги Ислом қабристони бўлди.

Кейинчалик Ислом ҳазораси ва маданияти немисларнинг маънавий ҳаётига ҳам чуқур таъсир ўтказди. Машҳур олмон шоирлари Готхолд Лессинг ва Иоганн Гёте Ислом билимдонлари ва унинг куйчилари бўлишган. Машҳур файласуф Гегелнинг ҳам Ислом динига шавқи баланд эди. Вена бастакорлари турк мусиқаларидан илҳом олишарди. Моцарт ўз операсига мусулмон оҳангларини олиб кирди, Гайдннинг «Турк марши» ҳам машҳур бўлиб кетди. Меъморлар ҳам араб-ислом анъаналарига мурожаат қилишга киришишди.

1889 йили кайзер Вилгельм Иккинчи Истанбулга борди, орадан тўққиз йил ўтиб эса ўша пайтда усмонлилар қўл остида бўлган Қуддус ва Дамашққа сафарга чиқди. Дамашқда 1187 йили Қуддусни салибчилардан қутқарган Салоҳиддин Айюбий қабрини зиёрат қилди. Бу ерда олмон ҳукмдорининг табриги ва мусулмон қаҳрамони жасорати олдидаги ҳайратига жавобан маҳаллий имом: «Кайзерни, олмон салтанатини ва барча немисларни Аллоҳ паноҳида асрасин», – дея дуо қилди. Шундай бошланган ҳамкорлик иккинчи жаҳон урушида Олмония ва Туркияни иттифоқчи сифатида бирлаштирди.

Урушдан кейин Ғарбий Олмонияни тиклаш учун таклиф қилинган мусулмон ишчилар мамлакатнинг диний қиёфасини ўзгартириб юборишди. 1961 йилдан бу ерга турк ёллама ишчилар кела бошлашди, орадан икки йил ўтиб марокашликлар, яна шунча вақт ўтгач эса тунисликлар ҳам ишлагани келишди. Ишга қабул қилишнинг тўхтатилиши ҳам, оила билан келишга қарши чекловлар ҳам мусулмон ишчилар оқимини тўхтата олмади. Кейинчалик улар сафига Ироқ, Эрон, Афғонистон ва Бўснадан келган қочоқлар ҳам қўшилди.

Ҳозир Олмонияда турли маълумотларга кўра, уч миллиондан тўрт миллионгача мусулмон истиқомат қиляпти. Буларнинг бир миллионигина туб аҳоли вакили, қолганларни асосан турк ва бошқа миллат ишчилари ташкил этади.

Кейинги ярим аср мобайнида немис ташкилотлари жамиятда рўй бераётган ўзгаришларни эътибор билан кузатиб турибди. Ҳукуматнинг Исломга нисбатан қаттиққўллик билан муносабатда бўлишини танқид қилаётганлар эса мўътадил кайфиятдаги мусулмонларга таяниб, умумий келажакка асос солиш мумкинлигини эътироф этишмоқда.

Урсула Спулер-Стигманн

Олмониядаги Марбург университети Ислом фанлари профессори

(«Der Spiegel» журналидан)

«Ҳилол» журналининг 10-сонидан 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Замзам суви нима учун ичилса, шунинг учундир,, дедилар,.Ибн Можа, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон давоми...

5506 12:26 / 15.03.2017
Бола туғилиши билан унинг ҳақлари ҳам бирга туғилади. Ўша ҳақларнинг энг аввалгиларидан бири насаби пок бўлиши ҳаққидир.Никоҳнинг ва оила қуриб яшашнинг асл давоми...

3882 15:41 / 20.10.2018
Фитр садақаси садақаи фитр Рамазондан фитрга оғиз очиқлигига чиқиш муносабати билан берилгани учун ҳам шундай ном олган. Садақаи фитр иккинчи ҳижрий санада жорий давоми...

2190 10:00 / 27.05.2019
Ҳижрийқамарий тақвимнинг саккизинчи ойи Шаъбондир. Бу ойга боғлиқ бир қанча маълумотлар бор. Улардан баъзиларини эътиборингизга тақдим этишга ижозат давоми...

130403 16:00 / 30 январь