1447 йил 6 шаъбон | 2026 йил 25 январь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Итоатнинг олий мукофоти

16:00 / 20.03.2020 3355 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Барза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Жулайбиб ансорлардан кичик жуссали, уй-жой ва мол-мулки йўқ камбағал бир киши эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан биронтасида турмушга чиқадиган аёл бўлса, бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга билдириб, у зотнинг унга ҳожати бор ёки йўқлигини билмасдан олдин турмушга бермас эди.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорлардан бир кишига: «Қизингни менга турмушга бергин», дедилар.

У: «Жоним сизга фидо, бу билан бошимиз осмонга етади», деди.

Шунда у зот: «Мен уни ўзим учун сўрамаяпман», дедилар.

Ҳалиги киши: «У ҳолда кимга?», деди.

Расулуллоҳ: «Жулайбибга», дедилар.

У: «Онаси билан маслаҳат қилиб кўрай», деди.

У киши хотинининг олдига бориб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизингга совчи бўляптилар», деди.

Онаси: «Қандай ҳам яхши, бу билан бошимиз осмонга етади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга (қизимизни) турмушга беринг», деди.

У киши: «У зот қизимизни ўзларига сўрамаяптилар», деди.

Хотини: «Ундай бўлса, кимга?», деди.

У киши: «Жулайбибга», деди.

Хотини: «Шўрим қурсин, Жулайбибгами? Асло, Жулайбибга асло. Йўқ, Аллоҳга қасамки, Жулайбибга бермаймиз», деди.

Қизнинг отаси Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб, бу гапни айтиш учун ўрнидан турганида, қиз чодирида онасига: «Менга ким совчи қўйибди?», деди.

Онаси: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам», деди.

Шунда қиз: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларини қайтарасизларми?! Мени Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга топширинг, чунки у зот мени зое қилмайдилар», деди.

Отаси Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдига келиб: «Қизимни сизнинг ихтиёрингизга топширдим», деди.

У зот қизни Жулайбибга турмушга бердилар. (Бошқа бир ривоятда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у аёлга: «Эй Аллоҳ, унга хайр-барака ёғдир! Унинг ҳаётини оғир ва машаққатли қилма!» деб дуо қилдилар).

Ғазотларидан бирида Аллоҳ таборака ва таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга (баъзи нарсаларни) ўлжа қилиб берган эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирон кимсани қидиряпсизларми?» дедилар.

Улар: «Фалончи ва фалончиларни қидиряпмиз», дейишди.

У зот: «Мен эса Жулайбибни қидиряпман. Уни ўликлар орасидан қараб кўринг», дедилар. Улар қараб, етти киши ўлдирган, сўнг ўзи ҳам уларнинг ёнида жонсиз ётган ҳолатда ётган Жулайбибни топишди.

Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб: «У етти кишини ўлдирган эди, сўнг улар ҳам буни ўлдиришди. Бу мендандир, мен эса унданман», дедилар.

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўзларининг икки муборак билакларига қўйиб кўтардилар. Унинг тобути Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки билакларидан бошқа нарса эмас эди. Қабр кавлангач, у зот ўз қўллари билан уни лаҳадга қўйдилар.

Собит раҳматуллоҳи алайҳ Жулайбибнинг аёли ҳақида: «Ансорлар орасида ундан кўра бадавлатроқ бева аёл йўқ эди», деган (Аҳмад ривояти).

Юқоридаги ҳадисдан қуйидаги фойдалар олинади:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларга меҳрибонликлари. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларнинг ишларида ўзлари бевосита иштирок этиб, уларнинг яхши-ёмон кунларида шодлик ва қайғуларига шерик бўлишлари ҳамда муаммоларини бирга ҳал қилишлари;

– Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мезонида инсоннинг қадри – унинг иймони, тақвоси, солиҳ амали ҳамда дини учун қилган фидокорлиги билан ўлчаниши. Бунда унинг камбағаллиги, жисмонан кўримсиз бўлиши, насаби пастроқ бўлишининг аҳамияти йўқлиги;

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини рад қилиш мумкин эмаслиги. Қуръони Каримда бу ҳақда: «Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишга ҳукм қилганида ҳеч бир мўмин ва мўмина учун (уни бажариш ёки бажармаслик) ишларида ихтиёр бўлиши мумкин эмасдир» (Аҳзоб сураси, 36-оят) дейилган.

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларининг баракаси.

"Ҳилол" журналининг  8-сонидан

Қудратуллоҳ тайёрлади

Мавзуга оид мақолалар
Араб тилида .саловот, сўзи .салот,нинг жами бўлиб, дуо маъносини англатади. Арабчада намоз ҳам .салот, дейилади. Чунки намозда ҳам дуо маъноси бор. Аммо .салот, Аллоҳ давоми...

45396 11:00 / 28.01.2019
Исро ва Меърож бирбиридан фарқланади. .Исро, сўзи луғатда .кечанинг бир қисмида сайр қилиш, юриш,ни англатади. Шариатда эса Аллоҳ таолонинг кечалардан бирида давоми...

3423 15:00 / 28.02.2022
1950 йилда вафот этган Бернард Шоу ўлимидан бир муддат аввал дунё бўйлаб саёҳатга чиқди. Бомбейдан ўтаётиб .Зе Лайт, газетаси унинг .Исломлашиш, таъбири билан нима давоми...

5628 17:30 / 29.12.2018
Нафсга ихлосдан кўра қийинроқ нарса йўқ. Банда ҳар қачон риёни кесиб ташлашга ҳаракат қилса, у бошқа рангда униб чиқади. Банда ундан токи Аллоҳга буткул юзланиб, у давоми...

2614 15:00 / 24.11.2021