1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Ислом шариатида жинсий тарбияга эътибор

13:30 / 29.12.2019 4858 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: لَا يَنْظُرُ الرَّجُلُ إِلَى عَوْرَةِ الرَّجُلِ وَلَا الْمَرْأَةُ إِلَى عَوْرَةِ الْمَرْأَةِ، وَلَا يُفْضِي الرَّجُلُ إِلَى الرَّجُلِ فِي ثَوْبٍ وَاحِدٍ وَلاَ تُفْضِي الْمَرْأَةُ إِلَى الْمَرْأَةِ فِي الثَّوْبِ الْوَاحِدِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эркак киши эркак кишининг авратига қарамайди. Аёл киши ҳам аёл кишининг авратига қарамайди. Бир кийим ичида эркак киши эркак кишига баданини теккизмайди. Бир кийим ичида аёл киши аёл кишига баданини теккизмайди», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Эркак киши хотин кишининг, хотин киши эркак кишининг авратига қараши мутлақо мумкин эмаслиги маълум ва машҳур бўлганлигидан ҳамда оят ва бошқа ҳадисларда муфассал баён қилинганидан бу жойда у ҳақда айтилмаган.

Бу ҳадисда кишилар ўзига енгил санайдиган, бўлаверади, деб ўйлайдиган нарсалардан баъзиларининг ҳукми баён қилинган.

«Эркак киши эркак кишининг авратига қарамайди».

Маълумки, эркак кишининг эркак кишига нисбатан аврати – тиззалари билан киндиги орасидаги танаси. Бу авратни аёл киши кўрмаса бўлди, деган хаёл билан эркак кишига кўрсатишнинг зарари йўқ, деб ўйлаш мутлақо хатодир. Аввало эркак киши бегона эркак кишидан ҳам авратини тўсиши лозим. Шунингдек, ўзи бошқа эркак кишининг авратига ҳам назар солмаслиги керак. Бу нарса шариатимизда ҳаром қилинган.

«Аёл киши ҳам аёл кишининг авратига қарамайди».

Кўпчилик аёлларда аёл киши авратини эркак кишига кўрсатмаса бўлди, деб, аёллардан эҳтиёт бўлмаслик одатлари бор. Бу ҳам нотўғри. Аёл кишининг аврати бошқа бир аёл кишига нисбатан иккига бўлинади.

1. Муслима аёлнинг муслима аёлга нисбатан аврати киндигидан тиззасигача.

Мазкур жойини муслима аёлларга ҳам кўрсатмаслиги керак. Бошқа аёлларнинг ўша жойига қарамаслик ҳам керак.

2. Муслима аёлнинг кофир аёлга нисбатан аврати иш-юмушларни бажариш вақтида очиқ турадиган жойларидан бошқа жойларидир.

«Бир кийим ичида эркак киши эркак кишига баданини теккизмайди».

Кийим деганда бунга ётиш ўрни ҳам киради. Яъни, эркак киши яланғоч баданини бошқа эркак кишига теккизмаслиги керак. Чунки бу иш жинсий бузуқликка олиб келиши мумкин. Эркак киши-ку, нима ҳам бўлар эди, дейиш керак эмас. Кўпчилик бузуқ ишлар, хусусан, ливота (бачабозлик) шундан бошланади.

«Бир кийим ичида аёл киши аёл кишига баданини теккизмайди».

Чунки бу иш ҳам аёллар ичида ўзаро бузуқликка олиб боради. Бу ҳаром иш арабчада «сиҳоқ» дейилади.

Кўриб турибмизки, Ислом шариатида жинсий тарбияга алоҳида эътибор берилган. Хоҳ эркак киши бўлсин, хоҳ аёл бўлсин, ўзгаларнинг жинсий майлини қўзғатиши мумкин бўлган аъзоларини беркитиб юришга, бошқаларнинг ўша аъзоларига назар солмасликка амр қилинган.

Шунингдек, хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин, яланғоч баданини бир-бирига теккизиши ҳам ман қилинган. Булар ҳаммаси зино, бачабозлик, аёлларнинг бир-бирлари билан шаҳвоний алоқалари каби катта гуноҳ бўладиган ҳаром ишларнинг олдини олиш учун қилинган.

Биз, мусулмонлар бу амрларга сўзсиз бўйсунишимиз, шариатимизнинг амрларига итоат қилишимиз лозим. Фарзандларимизни, ўзимизга қарашли кишиларни шу руҳда тарбиялашимиз керак.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
568. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Ҳинд бинт Утба .Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Суфён хасис одам, менга ва боламга кифоя қиладиган нарсани бермайди. Фақат давоми...

1942 19:00 / 24 январь
677. Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим .Қуръонни қироат қилинг. У давоми...

1303 19:00 / 16 май
450. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Агар келаси йили тирик бўлсам, албатта, тўққизинчини ҳам давоми...

2520 19:00 / 06.07.2024
.Муҳаббат, сўзи .ҳубб, сўзининг ўзагидан олинган бўлиб, аслида лозим тутиш ва сабот маъноларини англатади. Бирор нарсага муҳаббат қўйган одам мазкур маҳбубни лозим давоми...

8549 10:47 / 01.04.2017
Аудиолар

213438 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар