1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Fурбатда ғариб бўлиб юрган аёл

11:05 / 18.12.2019 3253 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло ер юзини Ислом нури ила мунаввар қилганида Оли Жаҳш ҳаммалари Исломни қабул қилдилар. Убайдуллоҳ ибн Жаҳш биринчилардан бўлиб мусулмон бўлди. Унинг укалари Абдуллоҳ ва Абу Аҳмад, сингиллари Зайнаб ва Ҳамналар ҳам дастлабки мусулмонлардан эдилар. Убайдуллоҳ ибн Жаҳш билан бирга унинг хотини Рамла бинти Абу Суфён ҳам энг аввал Исломга кирган бахтиёр зотлар қаторидан ўрин олди.

Рамла бинти Абу Суфён вазмин, ўз қадрини билган, ақли расо ва ғоят зеҳнли эди. Унинг отаси Абу Суфён ўз қизининг хислатларини яхши билар эди. Шунинг учун ҳам унинг Исломга кирганини эшитганда қанчалар ғазабланган бўлмасин, қанчалар ичидан ёнган бўлмасин, ошкора қилмасликка, ўзини босишга интилди. Айниқса, у янги мусулмон бўлган қизининг олдига бу масалани муҳокама қилиш учун борганида вазмин бўлишга ҳаракат қилди.

Абу Суфён ўз қизига босиқлик билан, оҳиста сўз бошлаб, тортишув давомида турли макр-ҳийла услубларини ишлатиб кўрди. Аммо қизи Рамла ўз динида маҳкам туриб олди. Ҳар бир гапга босиқлиқ билан, доноларча жавоб берди. Ақллар тортишувида мушрик ота муслима қиз қаршисида мағлуб бўлди. Қизини Исломдан қайтариш ниятида келган Абу Суфён ўз уйига ноумид ва маъюс қайтди.

Янги Исломга кирган оз сонли мусулмонлар мушриклар томонидан турли азоб-уқубатларга гирифтор бўлдилар. Дину диёнат йўлида мусулмонлар ҳамма машаққатларга сабр-матонат билан чидар эдилар.

Мусулмонлар қанчалик сабр қилишса, мушриклар уларга тазйиқни шунчалик орттириб боришарди. Бора-бора ҳимоячиси бўлмаган, заифҳол мусулмонларнинг дину диёнатлари, ҳаётлари таҳдид остида қолди.

Ана шундай оғир бир ҳолатда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур саҳобаларга:

«Ҳабашистон ерига чиқсангиз, яхши бўларди. У ерда бир подшоҳ бор, унинг олдида ҳеч кимга зулм қилинмас. У ер садоқат еридир. Аллоҳ ҳозирги ҳолатни енгиллаштириб қолса, ажаб эмас», дедилар.

Шунда бир гуруҳ мусулмон Ҳабашистон ерига ҳижратга отландилар. Бу Исломдаги биринчи ҳижрат эди. Биринчи муҳожирлар ўн тўрт киши бўлиб, уларнинг ўнтаси эркак, тўрттаси аёл эди.

Кейинчалик Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу раҳбарлигида яна бир гуруҳ саҳобалар Ҳабашистонга ҳижрат қилишди. Шундай қилиб, у ердаги муҳожир мусулмонларнинг адади саксон уч кишига етди. Ўша ҳижрат қилганлар ичида Рамла бинти Абу Суфён ва у кишининг эрлари Убайдуллоҳ ибн Жаҳш ҳам бор эдилар.

Ҳижратда муҳожир мусулмонлар ўзаро ҳамкорликда, бир-бирларидан хабар олиб истиқомат қила бошладилар. Айниқса, аёлларнинг алоқалари яхши эди. Уларнинг ичида Умму Салама, Асмо бинти Умайс, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Руқайя ҳамда Рамла бинти Абу Суфёнлар ажралиб туришарди. Ҳижрат пайтида Рамла бинти Абу Суфён қиз кўрдилар. Қизчага Ҳабиба исми берилди. Ўшандан бошлаб, Рамла бинти Абу Суфён Умму Ҳабиба кунясини олдилар.

Кўп ўтмай, Умму Ҳабибанинг ҳаётида катта ўзгаришлар юз бера бошлади. Бу ўзгаришлар ҳақида «Исоба» ва «Усдул Fоба» китобларининг муаллифлари Умму Ҳабиба онамизнинг ўзларидан қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Тушимда эрим Убайдуллоҳ ибн Жаҳшни жуда ҳам ёмон бир ҳолда кўрдим. Мен бундан қўрқиб кетдим. «Бунинг ҳоли ўзгариб кетибди-ку?!» дедим. Эрталаб турганда у:

«Эй Умму Ҳабиба, мен динга назар солдим, насронийликдан кўра яхшироқ динни кўрмадим. Аввал ҳам бу динга кирган эдим. Кейин Муҳаммаднинг динига кирдим. Энди насронийликка қайтдим», деди.

«Аллоҳга қасамки, бу яхши эмас!» дедим.

Мен унга кўрган тушимни айтиб бердим. У менинг гапларимга эътибор бермади. Ароқ ичавериб, ўлиб кетди».

Fурбатда ғариб бўлиб юрган аёл киши учун бундан оғир мусибат борми? Дину диёнатни деб ҳижратни, унинг оғир машаққатларини бўйнига олган бўлса-ю, унинг бирдан-бир яқин кишиси динидан муртад бўлиб турса. Бечора аёл додини кимга айтсин? Ўша вақтнинг оғир шароитида қорнини қандай тўйдирсин-у, устини қандай бут қилсин? Бунинг устига, қўлида эмизикли боласи бўлса…

Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо бегона юртда, оз сонли танишларнинг ташвишлари ўзларига етиб турган бир шароитда нима қилади? Маккадаги оила аъзолари ва қариндошларидан воз кечиб чиққанида бундай бўлишини хаёлига ҳам келтирмаган эди.

Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳога умид бахш этадиган бирдан-бир нарса Аллоҳ таолодан келадиган ёрдам эди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Алҳамдулиллаҳ муборак Рамазон ойи ҳам кириб келди. Аллоҳим бу гўзал ойни бизга барокатли қилиб берсин.Рамазон ойи танни ва руҳни даволовчи шифо ойидир. Бу муборак давоми...

2617 18:36 / 13.04.2021
VIIIСавда бинти Замъа онамиз кўп чиройли ва ҳамида фазилатлар эгаси бўлганлар. Ҳадис, сийрат ва тарих китобларимизда мазкур олиймақом сифатлар ҳақида кўплаб давоми...

3060 17:00 / 24.02.2019
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай қилишларига сабаб бор эди. Бу сабабни у зотдан бошқа фақат Яратганнинг Ўзи билар эди.Бу сабабни билиш учун имом давоми...

5048 12:35 / 08.10.2019
Очиқсочиқ кийиниш, айримлар даъво қилаётгандек, эркинлик ёки тараққиётни англатмайди. Балки бу қолоқликнинг, маданиятсизликнинг белгисидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло давоми...

4394 18:00 / 01.02.2019
Аудиолар

211011 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130271 14:35 / 11.08.2021