1445 йил 22 шаввол | 2024 йил 01 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Бобо ва момо мероси

10:30 / 09.12.2019 2445 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

«Бобо» дейилганда отанинг отаси ва катта отаси тушунилади. «Момо» дейилганда эса отанинг онаси, онанинг онаси ва уларнинг оналари тушунилади.

عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَجُلًا أَتَى النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم فَقَالَ: إِنَّ ابْنَ ابْنِي مَاتَ فَمَا لِي مِنْ مِيرَاثِهِ؟ قَالَ: لَكَ السُّدُسُ. فَلَمَّا أَدْبَرَ دَعَاهُ فَقَالَ: لَكَ سُدُسٌ آخَرُ. فَلَمَّا أَدْبَرَ دَعَاهُ فَقَالَ: إِنَّ السُّدُسَ الْآخَرَ طُعْمَةٌ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб:

«Ўғлимнинг ўғли вафот этди. Унинг меросидан менга нима тегади?» деди.

«Сенга олтидан бир», дедилар у зот.

У ортига қараб кетаётган эди, чақириб:

«Сенга яна бошқа олтидан бир ҳам», дедилар. У ортига қараб кетаётган эди, яна чақириб:

«Бошқа олтидан бир сенга ризқдир», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Бобо ўлган неварасининг мол-мулкидан мерос олиши учун ўша неваранинг отаси, яъни бобонинг ўғли ҳам олдин вафот этиб кетган бўлиши керак. Бир бола вафот этса-ю, унинг отаси тирик бўлса, бобоси мерос олмайди. Чунки ота бобони тўсади. Ота йўқ бўлиб, бобо мерос оладиган ҳолатда эса бобога отанинг ҳаққи, яъни мероснинг олтидан бири берилади.

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам неварасидан қолган меросдан ўзига нима тегишини сўраб келган бобога «Сенга олтидан бири тегади», деб айтдилар.

Аслида ўша набира маййитнинг орқасидан бобоси ва икки қизи қолган экан. Икки қизга фарз­лари бўлмиш мероснинг учдан икки қисми берилган эди. Бобога отанинг фарзи – олтидан бир қисм берилди. Яна олтидан бир ортиб қолди. Бошқа меросхўр бўлмаганлиги учун Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўша қолган олтидан бирини ҳам бобога бердилар.

Кейин эса нотўғри тушунилмаслиги учун «Иккинчи олтидан бир сенга ризқдир», деб баён ҳам қилиб қўйдилар. Яъни бу фарз ҳақ эмас, қўшимча берилган нарсадир.

عَنِ الْحَسَنِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنْ عُمَرَ قَالَ: أَيُّكُمْ يَعْلَمُ مَا وَرَّثَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم الْجَدَّ، فَقَالَ مَعْقِلُ بْنُ يَسَارٍ: أَنَا، وَرَّثَهُ رَسُولُ اللهِ r السُّدُسَ. قَالَ: مَعَ مَنْ؟ قَالَ: لَا أَدْرِي، قَالَ: لَا دَرَيْتَ فَمَا تُغْنِي إِذًا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.

Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Умар:

«Қайси бирингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бобога нима мерос берганларини билади?» деди.

Шунда Маъқил ибн Ясор:

«Мен биламан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга олтидан бир мерос берганлар», деди.

«Ким билан бўлганда?» деди Умар.

«Билмадим», деди.

«Билмадинг. Ундай бўлса, фойданг тегмади», деди Умар».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Бобонинг мероси ҳақида саҳобаи киромларнинг ичида ҳам бир оз ноаниқлик ҳукм сурганлиги ушбу ривоятдан кўриниб турибди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бобога меросдан олтидан бир берганларини Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳу билар эканлар, лекин ким бобога меросда шерик бўлганида у олтидан бир ҳисса олишини аниқлаб олмаган эканлар. Шунинг учун Ҳазрати Умар у кишининг гапларини қабул қилмаганлар.

Аммо бундан олдинги ҳадисда бобо икки қиз билан қолганида меросдан олтидан бир ҳисса олганини кўрдик.

وَقَالَ سُلَيْمَانُ بْنُ يَسَارٍ: فَرَضَ عُمَرُ وَعُثْمَانُ وَزَيْدُ بْنُ ثَابِتٍ y لِلْجَدِّ مَعَ الْإِخْوَةِ الثُّلُثَ. رَوَاهُ مَالِكٌ.

«Сулаймон ибн Ясор:

«Умар, Усмон ва Зайд ибн Собит  розияллоҳу анҳумлар (маййитнинг) биродарлари билан бўлган бобога учдан бир фарз беришга ҳукм қилганлар», деди».

Молик ривоят қилган.

Аввало ровий Сулаймон ибн Ясор розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик.

Сулаймон ибн Ясор ал-Ҳилолийнинг кунялари Абу Абдуллоҳ ал-Маданий. Бу зот Маймуна онамизнинг қуллари бўлганлар. Баъзилар у кишини Умму Салама онамизнинг мукотаб қуллари, деб ҳам айтишади. Бу зот фозил, фақиҳ, ибодатли кишилардан эдилар. Ҳадисларни Маймуна, Умму Салама, Оиша оналаримиз, Зайд ибн Собит, Ибн Аббос, Ибн Умар, Абу Ҳурайралардан ривоят қиладилар. Тақрибан ҳижратнинг 107-йили 73 ёшда вафот этганлар.

Ушбу ривоятга биноан, бир киши вафот этиб, унинг ортидан икки ёки ундан кўп ака-укалари ва бобоси қолса, бобога мероснинг учдан бири тегади.

Агар бобо бир дона ака ёки ука билан бирга меросхўр бўлса, мероснинг ярмини тақсимлаб олади.

Шунингдек, биров ўлиб, ортидан онаси, акаси ва бобоси қолса, онаси учдан бирни олади, қолганини эса бобо ака билан тақсимлаб олади. Қайси ҳолда бўлса ҳам, мерос олганда бобо олтидан бир қисмдан кам олмайди.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг шогирдлари жуда ҳам кўп бўлганидан, уларни номманом зикр қилиб ўтишнинг ўзи мушкул иш. Шунинг учун Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи давоми...

4924 14:05 / 26.03.2020
Бисмиллаҳир роҳманир роҳиймБизларга рўза тутишни фарз қилиб, рўзани Ислом рукнларидан бири қилган Аллоҳга ҳамду санолар, Роббисига энг яхши ибодат қилган намоз давоми...

3310 05:00 / 19.01.2017
Аввалги мақоламизда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи саҳобалардан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни кўриб, у кишидан .Талаби илм ҳар бир мусулмонга фарздир,, давоми...

3975 13:30 / 19.03.2020
1415. Жанда кийимда ва хорликни изҳор қилишдан бошқа ҳолларда бошяланг намоз ўқиш.Жанда кийим деганда, хароб аҳволдаги кийим кўзда тутилган. Баъзилар буни иш кийими, давоми...

2112 19:00 / 12.01.2023