Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (224-дарс) Баъзи нафл намозлар ҳақидаги маълумотлар (биринчи мақола)

19:00 / 30.03.2023 3554 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Таҳийяти масжид намози.

عَنْ أَبِي قَتَادَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا دَخَلَ أَحَدُكُمُ الْمَسْجِدَ فَلْيَرْكَعْ رَكْعَتَيْنِ قَبْلَ أَنْ يَجْلِسَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бирингиз масжидга кирса, ўтиришдан олдин икки ракъат намоз ўқисин», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Бу икки ракъатли намозни «таҳийяти масжид» – «масжид саломи» намози дейилади.

Шофеъий ва ҳанбалий мазҳабида таҳийяти масжидни қандай вақтда бўлса ҳам – намоз ўқиш макруҳ ёки имом хутба ўқиётган пайтда ҳам ўқиш керак, дейилади.

Моликий ва ҳанафий мазҳабларида эса имом хутба ўқиётган бўлса, таҳийяти масжид ўқилмайди.

Шунингдек, ҳанафий мазҳабида намоз ўқиш макруҳ бўлган пайтларда ҳам таҳийяти масжид ўқилмайди.

Кириши билан фарз намозни ёки бошқа бир намозни ўқиса, ният қилмаса ҳам, таҳийяти масжиднинг ўрнига кифоя қилади.

Узр сабабли масжидга бир кунда бир неча бор кирадиган бўлса, бир марта ўқиса кифоя қилади.

Бу намознинг ҳукмидан Масжидул Ҳаром истисно қилинган. У масжиднинг таҳийяти тавоф билан бўлади.

Масжидга кирганда бирор узр билан таҳийяти масжид намозини ўқий олмаса, «Субҳаналлоҳи! Валҳамду лиллааҳи! Ва лаа илааҳа иллаллоҳ! Валлоҳу акбар»ни айтса кифоя қилади.

2. Шуруқ намози.

عَنْ مُعَاذِ بْنِ أَنَسٍ الْجُهَنِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ قَعَدَ فِي مُصَلَّاهُ حِينَ يَنْصَرِفُ مِنْ صَلَاةِ الصُّبْحِ حَتَّى يُسَبِّحَ رَكْعَتَيِ الضُّحَى، لَا يَقُولُ إِلَّا خَيْرًا، غُفِرَ لَهُ خَطَايَاهُ وَإِنْ كَانَتْ أَكْثَرَ مِنْ زَبَدِ الْبَحْرِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ. وَلَفْظُهُ: مَنْ صَلَّى الْغَدَاةَ فِي جَمَاعَةٍ، ثُمَّ قَعَدَ يَذْكُرُ اللهَ حَتَّى تَطْلُعَ الشَّمْسُ، ثُمَّ صَلَّى رَكْعَتَيْنِ كَانَتْ لَهُ كَأَجْرِ حَجَّةٍ وَعُمْرَةٍ تَامَّةٍ تَامَّةٍ تَامَّةٍ.

Муъоз ибн Анас ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бомдод намозини ўқиб бўлганидан кейин намоз ўқиган жойида чошгоҳ намозини ўқигунча ўтирса, фақат яхшиликдан бошқани гапирмаган бўлса, унинг хатолари, агар денгиз кўпигидан кўп бўлса ҳам мағфират қилинади», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Термизийнинг лафзида:

«Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунча Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракъат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажридек бўлур. Тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ», дейилган.

Ушбу ривоятда васф қилинаётган намозни «салотуш шуруқ» – «шуруқ намози» ҳам дейилади. «Шуруқ» дегани қуёш чиқишини билдиради.

Шуруқ намози чошгоҳнинг энг аввалги вақтидаги намоздир.

3. Зуҳо – чошгоҳ намози.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ حَافَظَ عَلَى شُفْعَةِ الضُّحَى غُفِرَ لَهُ ذُنُوبُهُ وَإِنْ كَانَتْ مِثْلَ زَبَدِ الْبَحْرِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким чошгоҳ намозини муҳофаза (бардавом) қилса, унинг гуноҳлари, агар денгиз кўпигича бўлса ҳам мағфират қилинади», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Бу намоз икки ракъатдан саккиз ракъатгача бўлади. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпинча тўрт ракъат ўқиганлар. Унинг вақти қуёш найза бўйи кўтарилгандан бошлаб, то заволга яқин қолгунчадир. Энг афзал вақти наҳорнинг тўртдан бири ўтганидан кейиндир.

(Давоми бор)

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Сенга намозни кечга сурадиган амирлар бош бўлиб қолса нима қиласан, давоми...

4153 19:00 / 25.08.2022
. . . . . . . . . . Оз бўлса ҳам, ушрий ернинг ва тоғнинг асалидану мевасидан ҳамда давоми...

1991 19:00 / 09.01.2025
. ,. . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким кечанинг охирида тура олмасликдан қўрқса, унинг давоми...

4636 18:00 / 10.06.2021
Мажлиснинг оддий ёки фавқулоддаги йиғинида, агар имкони бўлса, қатнашувчиларнинг барчаси ёки аксари тўплангандагина фатво ва қарорлар ишлаб чиқилади. Мухолиф давоми...

6056 15:05 / 31.10.2019