1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Ҳар намозга таҳорат қилиш фазилатдир

14:05 / 24.11.2019 3552 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ ﷺ يَتَوَضَأُ عِنْدَ كُلِّ صَلَاةٍ قُلْتُ: كَيْفَ كُنْتُمْ تَصْنَعُونَ؟ قَالَ: يُجْزِئُ أَحَدَنَا الْوُضُوءُ مَا لَمْ يُحْدِثْ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا مُسْلِمًا.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар намозга таҳорат қилар эдилар», деди. Мен:

«Сизлар қандай қиласизлар?» дедим. У:

«Биримизга, агар бузилмаган бўлса, бир таҳорат кифоя қилур», деди».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Ҳадисдаги «ҳар намозга» иборасида «ҳар фарз намозга» деган маъно кўзда тутилган.

«Сизлар қандай қиласизлар?» деб сўраган одам Амр ибн Омир раҳматуллоҳи алайҳи бўлганлар. «Сизлар»дан мурод саҳобалардир.

Баъзи шийъа ва зоҳирий тоифалар шу ҳадисни далил қилиб, «Ҳар намозга янги таҳорат қилиш вожиб», деганлар. Лекин шу ҳадиснинг иккинчи қисмида саҳобалар таҳорат синмаса, аввалги таҳорат билан кифояланганлари билиниб турибди. Бошқа ҳадисларда ҳам бир таҳорат билан бир неча намоз ўқиш мумкинлиги баён қилинган. Шунинг учун жумҳур уламолар «Ҳар намозга янги таҳорат қилиш вожиб», деган гапни қабул қилмаганлар. Ҳар намозга янги таҳорат қилиш фазийлат, нур устига нур ва қўшимча савобдир. Лекин фарзу вожиб эмас.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Ҳар намозга таҳорат қилиш фазийлат эканлиги.

2. Таҳорат синмаса, бир таҳорат билан кифояланиш жоизлиги.

3. Таҳорати йўқ одам намоз ўқимоқчи бўлса, таҳорат қилиши фарзлиги.

عَنْ سُلَيْمَانَ بْنِ بُرَيْدَةَ، عَنْ أَبِيهِ أَنَّ النَّبِيَّ ﷺ صَلَّى الصَّلَوَاتِ يَوْمَ الْفَتْحِ بِوُضُوءٍ وَاحِدٍ وَمَسَحَ عَلَى خُفَّيْهِ فَقَالَ لَهُ عُمَرُ: لَقَدْ صَنَعْتَ الْيَوْمَ شَيْئًا لَمْ تَكُنْ تَصْنَعُهُ قَالَ: عَمْدًا صَنَعْتُهُ يَا عُمَرُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

Сулаймон ибн Бурайда раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилинади, у ўз отасидан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фатҳ куни намозларни бир таҳорат билан ўқидилар ва икки маҳсиларига масҳ тортдилар. Бас, Умар у кишига:

«Бугун қилмай юрган нарсангизни қилдингиз?» деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қасддан қилдим, эй Умар», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Аввало ҳадиснинг ровийси Сулаймон ибн Бурайда раҳматуллоҳи алайҳи билан яқиндан танишиб олайлик:

Сулаймон ибн Бурайда ибн Ҳусайн Асламий ал-Марвирузий Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида таваллуд топдилар. Жуда ишончли ҳадис тўпловчи машҳур тобеъинлардан бўлганлар. Аввалига Марвирузида, сўнг Марвда қозилик қилганлар.

Ҳадисларни оталари Бурайда, Имрон ибн Ҳусайн, Оиша онамиз, Яҳё ибн Яъмурлардан ривоят қиладилар.

Бу кишидан эса Алқама ибн Марсад, Муҳозиб ибн Дассор, Абдуллоҳ ибн Ато, Қосим ибн Муҳайрама ва бошқалар ривоят қилганлар.

Сулаймон ибн Бурайда ҳижратнинг 150-санасида 90 ёшларида Марвнинг Баслайн номли қишлоғида вафот этдилар.

Бу ҳадиси шарифда Маккаи Мукаррама фат­ҳига чиққан саҳобалар Аллоҳнинг ёрдами ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларида Маккага музаффар ҳолда кириб борган кунлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар намозга янги таҳорат қилмасдан, ҳамма намозларни бир таҳорат билан ўқиганлари ва маҳсиларига масҳ тортганлари ҳақида сўз бормоқда.

Бундай одатдан ташқари ишни кўрган Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилиб:

«Бугун қилмай юрган нарсангизни қилдингиз?» деди. Яъни, бир таҳорат билан ҳамма намозларни ўқимас эдингиз, бугун бир таҳорат билан ҳамма намозларни ўқидингиз, деди.

Бу ерда «маҳсингизга масҳ тортмас эдингиз, бугун тортдингиз», деган маъно умуман йўқ. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо маҳсиларига масҳ тортар эдилар. Буни келгуси ҳадисларда муфассал ўрганамиз.

Аввалги ҳадисларда ўрганганимиздек, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар намозга янги таҳорат қилиш одатлари бор эди. Ҳазрати Умар ўша одатни кўзда тутиб савол бердилар.

Бу саволга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қасддан қилдим, эй Умар!» деб жавоб бердилар. Яъни, вақт зиқлиги, шароит ноқулайлиги ёки бошқа сабаблардан эмас, таҳорат кетмаса, ҳар намозга янги таҳорат қилиш лозим эмаслигини кишиларга билдириб қўйиш учун қилдим, демоқчилар.

Бу ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сиз билан биз – умматларига ишни осонлаштиришга ҳаракат қилишларининг бир кўриниши.

Дарҳақиқат, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам фатҳ куни, кўпчилик гувоҳлигида бу ишни қилмаганларида, «қасддан қилдим», деб айтмаганларида, ҳар намозга янги таҳорат қилиш лозим бўлиб қолар эди.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Бир таҳорат билан бир неча намоз ўқиш мумкинлиги.

2. Таҳорат кетмагунча, янги таҳорат қилиш вожиб эмаслиги.

3. Маҳсига масҳ тортиш шариат амри эканлиги.

4. Бошлиқ, муқтадо кишилар одатдагидан бош­қача иш қилсалар, сабабини сўраш жоизлиги.

5. Кишиларга енгиллик тарафини олиш кераклиги.

6. Баъзи нарсаларни одамлар билиши учун қасд­дан қилиб, кўрсатиб қўйиш кераклиги.

Демак, ҳар намозга янги таҳорат қилганлар ҳам, бир таҳорат билан бир неча намозни ўқийдиганлар ҳам тўғри қиладилар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
402. Абу Марсад Ғанавий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қабрларнинг устига ўтирманглар. Уларга қараб намоз ўқиманглар,, давоми...

447 19:00 / 13 апрель
Бу масалага мушриклар қандай қараганларини уларнинг Валид ибн Муғийра билан қилган маслаҳатларидан билиб олинади. У Қурайш қабиласининг бошлиқларидан ва давоми...

3221 18:01 / 21.12.2017
476. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Meнинг мacжидимдaги биp нaмоз yндaн бoшқacидaги мингтa нaмoздaн яxшидиp. Фақaт давоми...

2065 15:00 / 12.02.2021
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким намоздан бир ракъатни топса, батаҳқиқ, намозни топибдир,, дедилар,.Икки Шайх давоми...

2604 13:00 / 07.06.2020