1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Сув васвасасидан сақланинглар

13:35 / 20.10.2019 5549 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ал-Ҳакам ёки Ибн ал-Ҳакам отасидан ривоят қилади:

عَنِ الْحَكَمِ أَوِ ابْنِ الْحَكَمِ، عَنْ أبِيهِ أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم بَالَ ثُمَّ تَوَضَّأَ وَنَضَحَ فَرْجَهُ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бавл қилдилар, сўнгра таҳорат қилдилар ва фаржларига сув сепдилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Аввало ал-Ҳакам ва у кишининг ўғиллари билан танишиб олайлик:

Ҳакам ибн Суфён ибн Усмон ас-Сақафий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан суҳбатда бўлганлар. Бу зотнинг исмларини аниқлашда бир оз ихтилофлар бор. Баъзилар «Бу ҳадисни Ибн ал-Ҳакам оталаридан ривоят қилганлар», дейишади.

Имом Бухорий ва Ибн Абу Ҳотимлар эса «Бу ҳадисни Ҳакам ибн Суфён оталаридан ривоят қилдилар, дейиш саҳиҳдир», деб айтадилар.

Таҳорат қилгандан сўнг фаржга сув сепиш ки­йимнинг устидан бўлади. Бу иш асосан шайтоннинг васвасасини рад қилиш учун маслаҳат берилади. Баъзи одамлар таҳорат қилиб бўлгандан кейин фаржидан сув чиқиб, кийимига текканга ўхшаб, иккиланиб қолади. Ана ўша нарса сув сепганда йўқ бўлади.

Имом Термизий қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жаброил менга: «Эй Муҳаммад, таҳорат қилганингда сув сепиб юбор. Чунки шайтон фаржни ҳаракатлантиради», деди», деганлар.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

عَنْ أُبَيِّ بْنِ كَعْبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: إِنَّ لِلْوُضُوءِ شَيْطَانًا يُقَالُ لَهُ الْوَلَهَانُ فَاتَّقُوا وَسْوَاسَ الْمَاءِ.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Таҳорат учун Валҳон деб айтиладиган шайтон бор. Сув васвасасидан сақланинглар», дедилар».

Шарҳ: Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Улуғ саҳоба Убай ибн Каъбнинг кунялари Абу Мунзирдир. Умар ибн Хаттоб бу кишини «Саййид ал-муслимин» деб чақирар эдилар.

Бу зот иккита Ақаба байъатида, Бадр ва ундан кейинги ҳамма ғазотларда иштирок этдилар.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бўлган олти қозининг бири эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Умматимнинг қориси Убай ибн Каъбдир», деб марҳамат қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ менга Қуръоннинг Баййина сурасини Убайга ўқиб беришга буюрди», деб айтдилар.

Убай ибн Каъб Исломга киришларидан олдин яҳудий бўлиб, уларга нозил бўлган китобларни ўқиб чиққан ва ўзлари ҳам китоб ёзар эдилар. Исломга кирганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳий котибларидан бири бўлдилар.

Ҳаммаси бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 164та ҳадис ривоят қилдилар. Бу зотдан бир нечта кишилар ривоят қилганлар.

Бу зот ҳижратнинг 30-санасида вафот этдилар.

Ибн Замра айтдилар:

«Мадинага келсам, халқ қўзғалган, шов-шув бўлаётган экан. Нима бўлди, деб сўрасам, «Бу шаҳарлик эмасмисан, ахир мусулмонлар ва қорилар саййиди вафот этдилар-ку», деб айтди».

«Валҳон»нинг луғавий маъноси «ўта берилган» деганидир. Демак, шайтонларнинг ичида кишиларни таҳоратда васваса қилишга ўта берилганлари бор экан. Унинг васвасасидан эса таҳорат ва ғуслни бошлашда «Аъузу биллаҳи» ва «Бисмиллаҳи»ни айтиш билан, эътиборни ва хаёлни бир жойга қўйиб, турли шубҳали фикрлардан узоқда бўлиш билан сақланиш мумкин.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
582. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Пойча ёки туёққа таклиф қилинсам ҳам, бораман. Менга пойча ёки туёқ ҳадя давоми...

4961 19:30 / 05.11.2021
289. Хузайма ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Тозаланиш истинжо ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўралди. Шунда у зот айтдилар .Учта тош давоми...

6410 14:45 / 08.11.2019
27. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларига нисбатан ва уларнинг ўртасида ўта адолатли эдилар. У зотнинг адолатлари масъулиятни ҳис қилганларидан эди. давоми...

4268 19:55 / 28.04.2017
495. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Эй Аллоҳнинг Расули Сизлар билан ғазот ёки жиҳод қилайликми, дедим. .Лекин жиҳоднинг яхшиси ва гўзали мабрур ҳаждир,, давоми...

4345 15:25 / 26.03.2021
Аудиолар

211049 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар