1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аллоҳ сизларга осонликни хоҳлайди

12:30 / 02.09.2019 3210 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом осонлик динидир. У ҳамма нарсада, жумладан, ибодатда ҳам бандалар учун осонлик ва енгиллик бўлишини хоҳлайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ислом шариатида инсон тоқатидан ташқари нарсани жорий қилмаган. Ибодатларни ҳам меъёрида фарз қилган. Узрли кишиларнинг узри эътиборга олинган. Борингки, ҳар бир нарсада енгиллик бўлиши чораси кўрилган. Енгиллик бўлсин, аммо ибодат бўлсин, давом этсин, тўхтаб қолмасин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Бақара» сурасида мусулмонларга мурожаат қилиб:

«Аллоҳ сизларга осонликни хоҳлайди, қийинликни хоҳламайди», деган.

Доимо бандаларга енгилликни хоҳлаш ва уларни оғир ва машаққатли таклиф остида қолдирмаслик–Ислом дийнининг асосий ва улкан қоидасидир. Ислом шариати осонликка бино қилинган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобалардан Муоз ибн Жабал ва Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу­мони Яманга юбораётиб, «Башорат беринглар, нафратлантирманглар, енгиллаштиринглар, қийинлаштирманглар», деганлар.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасининг охирида айтади:

«Аллоҳ ҳеч бир жонга имкониятидан ташқари нарса юкламас. Касб қилган нарсаси(нинг фойдаси) ҳам ўзига, қўлга киритган нарсаси(нинг зарари) ҳам ўзига. Роббимиз! агар унутсак ёки хато қилсак, (иқобга) тутмагин. Роббимиз! биздан олдингиларга юклаганинг каби оғирликни бизга юкламагин. Роббимиз! бизга тоқатимиз етмайдиган нарсани юкламагин. Бизни афв эт, мағфират қил ва бизга раҳм айла. Сен Хожамизсан. Бас, кофир қавмларга қарши бизга нусрат бер» (286-оят).

Ҳамма нарсани билувчи Аллоҳ ҳар бир жонни ҳам нимага ярайдию нимага ярамайди – яхши билади. Бандаларига меҳрибонлигидан имкони ва ҳаққи бўлса ҳам, ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди.

«Аллоҳ ҳеч бир жонга имкониятидан ташқари нарса юкламас».

Аллоҳнинг буйруқлари ва қайтариқлари банданинг имкони даражаси доирасида бўлади. Ана ўша таклифга амал қилишига қараб, бошқа ҳеч бир нарсага қарамасдан, банданинг жазоси ёки мукофоти белгиланади. Ҳар бир банданинг:

«Касб қилган нарсаси(нинг фойдаси) ҳам ўзига, қўлга киритган нарсаси(нинг зарари) ҳам ўзига».

Охиратда ошна-оғайничилик, воситачилик, нас­ли-насабига қараш ёки бошқа имтиёзлар ўтмайди. Ҳар бир шахс ўзи учун ўзи жавоб беради. Шундай экан, ҳар бир банда иймон-ихлос билан Аллоҳнинг амрини бажариши ва доимо Унинг Ўзига ёлвориб дуо қилиши зарур.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳумайд Руъос айтади .Тушимда Кисоийни кўриб, .Қаердасиз, деб сўрадим. .Жаннатга кирдим,, деб жавоб берди. .Нима сабабдан, дедим. У .Аллоҳ таоло Қуръон сабабли менга давоми...

2366 09:20 / 26.01.2020
Собит алБуноний айтади .Кўркам бир йигит бор эди. Бир куни онаси унга .Ўғлим, бир кунинг қолган бўлса ҳам, қадрига етгин,, деб насиҳат қилди. Аллоҳ таолонинг амри давоми...

2788 08:00 / 06.02.2021
Холид ибн Робиъдан ривоят қилинади .Ҳузайфа розияллоҳу анҳунинг ўлими яқинлашгач, бундан хабар топган қариндошлар ва ансорлар тонгга яқин унинг ҳузурига киришди. давоми...

2065 08:00 / 22.08.2020
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг учта қизлари, яъни Зайнаб, Руқайя ва Умму Кулсумлар оталаридан аввал дорилбақога риҳлат қилишган. Руқайя ва Умму давоми...

1636 12:03 / 01.11.2020