1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Аллоҳ таоло Одам боласини азизу мукаррам қилиб қўйгандир

17:00 / 23.07.2022 3838 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсон зотини Ўзи яратган нарсаларининг энг азизи, мукаррами ва гултожи қилгандир. У Зот ушбу ҳақиқатни Ўзининг охирги ва қиёматгача мўъжиза бўлиб борувчи Китоби – Қуръони Каримда баралла эълон қилиб қўйгандир.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُم مِّنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِّمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلاً
 

«Батаҳқиқ, Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик» (Исро сураси, 70-оят).

Аллоҳ таоло борлиқдаги турли-туман мавжудотларни бир-биридан афзал қилиб яратган Зотдир. Ана ўша Зот ушбу ояти каримада одам боласини борлиқдаги ҳамма нарсадан азизу мукаррам қилиб яратганининг хабарини бермоқда:

«Батаҳқиқ, Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик».

Аввало, одамнинг шакли, барча аъзоларининг тузилиши азизу мукаррамликдан далолат бериб туради. Бошқа махлуқотларда бу шакл, бу мутаносиблик ва бу каби аъзолар йўқ. Сўнгра Аллоҳ таоло одамни Ўз қўли билан яратиб, мукаррам қилди. Ўз руҳидан жон пуфлаб, улуғлади. Бундай шарафга ҳеч бир махлуқот муяссар бўлган эмас. Шу боисдан ҳам инсон азизу мукаррамдир. Аллоҳ таоло яна одам боласини Ўзи берган ақл билан мукаррам қилиб қўйди. Инсон ақли билан бошқа ҳамма махлуқотлардан устун туради. У Аллоҳ берган ақли ила турли тадбирлар қилади, нарсалар ишлаб чиқаради, бошқа махлуқотларни ўз фойдасига ишлатади. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ инсонни азизу мукаррам қилиб қўйганининг намуналаридир.

Аллоҳ таоло инсонга ваҳий нозил қилади, одамлар ичидан пайғамбар танлаб олади, пайғамбарларга илоҳий китоблар нозил этади, шариат ҳукмларини юборади. Буларнинг барчаси Аллоҳ инсонни азизу мукаррам қилганига намунадир.

Аллоҳ таоло Одамни Ўзининг ер юзидаги халифаси қилиши ҳам шунга далолатдир.

Аллоҳ таоло охирги индирган Китоби – Қуръони Каримда:

«…Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик», деб эълон қилишининг ўзи ҳам катта обрў-эътибордир.

«...ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик...»

Аллоҳ таоло қуруқликда ҳам, денгизда ҳам инсон боласи учун турли уловларни яратиб, шунга биноан, қонун-қоидаларни жорий қилиб қўйди. Инсон қуруқликда турли ҳайвонлар ва нақлиёт воситаларида юриб, оғир ишларни енгиллик ила бажаради. Одамларни кўтарадиган, унга улов бўлиб хизмат қиладиган маркаблар Аллоҳ таолонинг махлуқлари бўлиб, улар Жаноби Ҳақ жорий этган қонун-қоида асосида уловлик вазифасини бажаради. Бу ҳам Аллоҳ одам боласини азизу мукаррам қилганидандир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло инсон учун сувда чўкмайдиган турли моддаларни яратиб, уларга маълум шаклларни беришни илҳом этиб, денгизларда сузиб юрадиган уловларни Ўзи жорий қилган қонун-қоидалар асосида ҳаракатланадиган этиб қўйди. Бу ҳам Аллоҳнинг одам боласини азизу мукаррам қилганидандир.

«...ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик...»

Аллоҳ таоло одам боласига барча пок нарсаларни ризқ қилиб берган. Уларни санаб, саноғига етиб бўлмайди. Одам бу пок ризқлардан тўғри фойдаланиб, уларни берган Зотга шукр қилса, жуда яхши бўлади. Ана шу сон-саноқсиз покиза ризқларнинг берилиши ҳам Аллоҳ таоло Одам боласини азизу мукаррам қилиб қўйганидандир.

«...ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик».

Яъни одам бошқа махлуқотлардан мутлақо афзал саналади. Афзалликда унга яқин кела оладиган махлуқот оламда йўқдир. Барча махлуқотлар Одам боласи учун беминнат хизматкордир.

«Кексаларни эъзозлаш» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . . .8. Тойсала Ибн Майёсдан ривоят қилинади.Нажданинг одамлари билан бирга эдим. Ўшанда бир қанча гуноҳлар қилдим. давоми...

3576 17:11 / 17.10.2018
Сиз пулингиз озлигидан, машинангиз оддийлигидан, уйингиз торлигидан шикоят қилаётган бўлсангиз, баъзиларда озгина пул, машина, уй бўлмаслиги мумкин. Қўлингизда давоми...

3803 17:00 / 19.06.2022
Саҳл Исфаройиний айтади .Менга Сулайм, яъни Абул Фатҳ Розий айтиб берганди .Рай шаҳрига сафар қилганида ўн ёш атрофида бўлган экан. Сафари ҳақида ҳикоя қилиб давоми...

6100 11:00 / 09.12.2023
. ,.100. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим.Аллоҳ азза ва жалла раҳматни юз давоми...

2638 09:05 / 06.08.2019
Аудиолар

213359 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132579 14:35 / 11.08.2021