1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ислом тинчлик динидир

15:00 / 14.08.2019 2334 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

«Ким яхши шафоат қилса, ундан ўз насибаси бўлур. Ким ёмон шафоат қилса, ундан ўз ҳиссаси бўлур. Аллоҳ ҳар бир нарсанинг баҳосини берувчи Зотдир». (Нисо сураси, 85-оят).

Араб тилида «шафоат» сўзи бизда танилган маънодан кўра кенгроқ маънода ишлатилади. Бировни бошқалар олдида оқлаш учун қилинган саъй-ҳаракат ва гап-сўз ҳам шафоат ҳисобланади. Инчунин, қоралаш учун қилингани ҳам. Шунингдек, бир ишнинг яхшилигини тушунтириш учун тарғиб қилиш, унга қизиқтириш яхши шафоат, ўша ишни ёмон деб тушунтириш эса ёмон шафоат ҳисобланади.

Юқоридаги оятларда гап жиҳод ҳақида кетаётган бўлса ҳам, бу оятнинг ҳукми умумий бўлгани учун умумий тарзда, жиҳодга боғламай зикр қилинди. Шу билан бирга, яхши шафоатга яна ҳам қизиқтириш, ёмон шафоатдан яна ҳам қайтариш мақсадида:

«Аллоҳ ҳар бир нарсанинг баҳосини берувчи Зотдир»,  деб ҳар бир каттаю кичик, яхшию ёмон шафоат ўз баҳосини Аллоҳ томонидан олишини эслатиб қўйди.

Шафоатдан кейин жамиятдаги алоқаларни юрғизиб турувчи, жамият аъзоларининг савиясини билдириб турувчи омил – саломлашиш ҳақида сўз очилади:

«Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсанинг ҳисобини олувчидир». (Нисо cураси, 86-оят).

Ҳар бир қавмнинг, ҳар бир халқнинг, ҳар бир миллатнинг ўзига хос саломлашиш услуби бор. Саломлашиш услуби, иборалари ҳамда одатлари ўша халқнинг қандай халқ эканидан дарак бериб туради. Исломдаги саломлашиш энг гўзал ва энг маъноли саломлашишдир. Исломда танигангаю танимаганга салом бериш суннатдир. Саломга алик олиш эса вожибдир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

– Қайси амал энг яхши амалдир? – деб сўралганда, у зот:

– Таниган ва танимаган одамингга таом ва салом бермоғинг, – деб жавоб берганлар.

Ушбу ояти каримада саломлашишнинг аҳамиятли нарса экани таъкидланиб, берилган саломга ундан кўра яхшироқ ёки ўзига баробар жавоб беришга амр этилмоқда. Бу амрга қандай амал қилишни Пайғамбаримизнинг суннатларидан ўрганамиз.

Ибн Жарир қилган ривоятда Салмон Форсий розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтганлар:

«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб:

– Ас-салому алайка, йаа Расулуллоҳ, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у одамга:

– Ва алайкас-салому ва роҳматуллоҳи, – дедилар. Кейин бошқа бир одам келиб:

– Ас-салому алайка, йаа Расулаллоҳи ва роҳматуллоҳи, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

– Ва алайкас-салому ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу, – дедилар. Сўнгра яна бошқа бир одам келиб:

– Ас-салому алайка, йаа Расулаллоҳи ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

– Ва алайкас-салому ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу, – дедилар. Шунда у одам:

– Эй Аллоҳнинг Расули, отам ҳам, онам ҳам сизга қурбон бўлсин, ҳузурингизга Фалончи, Фалончилар келиб, салом бердилар. Сиз уларга мендан кўра яхшироқ жавоб бердингиз? – деб сўради. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Сен менга ҳеч нарсани қўймадинг. Аллоҳ: «Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг», – деган. Сенга ўзидек жавоб бердик, – дедилар».

Салом беришнинг фазли ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар мавжуд.

Асрдош уламоларимиздан баъзилари: «Жиҳодга даъват қилувчи, жангга ундовчи оятлар орасида салом (тинчлик) масаласи келишидан Исломнинг асосий қоидаси тинчлик эканини англаса бўлади. Ислом тинчлик динидир, Исломда уруш қилинса-да, тинчлик учун қилинади», – деганлар.

“Тафсири Ҳилол” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Уяйнадан ривоят қилинади .Бир киши Бишр ибн Мансурга .Менга насиҳат қилинг,, деди. Бишр ибн Мансур .Сени ўлим лашкари кутиб турибди,, деди,..Солиҳлар гулшани, китобидан

2754 08:00 / 04.03.2020
Мазкур жинларнинг ҳақ калимани қандай эшитишлари ҳақида келгуси ҳадиси шарифда батафсил баён қилинади.Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Менга давоми...

3500 08:02 / 13.10.2018
.Тафсири Ҳилол, мамлакатимиз мусулмонларининг маънавий ҳаётида улкан инқилоб ясаган асар бўлди. Ватандошимиз Олтинхон тўранинг мўъжазгина тафсирларини ҳисобга давоми...

2064 14:05 / 21.10.2019
Имом Муслим Муҳаммад ибн Амр ибн Атодан ривоят қилади .Қизимга Барра .яхши,, .покиза,, .айбсиз, деб исм қўйган эдим, Зайнаб бинт Абу Салама розияллоҳу анҳо менга деди давоми...

2556 08:00 / 19.01.2021
Аудиолар

211025 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130284 14:35 / 11.08.2021