1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Мен жуда рашкчи аёлман

16:00 / 07.08.2019 3753 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу фидокор саҳобияни ўзига яраша тақдирлашга қарор қилдилар. Унга уйланмоқчи ва унинг бошига тушган қийинчиликларни енгиллатмоқчи бўлдилар. Умму Салама розияллоқу анҳо идда ўтирганида у зот шунга ишора қилиб қўйдилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абдурроҳман ибн Сулаймондан, у киши эса холаси Сукайна бинти Ханзаладан қилган ривоятда Сукайна айтадилар:

«Идда ўтирганимда олдимга Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Али кириб:

«Менинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлигимни, бобомнинг мендаги ҳаққини яхши биласан, қадимдан буён Исломда эканимни ҳам биласан», деди.

«Эй Абу Жаъфар, Аллоқ Ўзи сени кечирсин. Иддада ўтирсам-у, шунчалик олим одам бўла туриб, совчилик қиляпсанми?!» дедим.

«Қачон ундай қилдим? Мен сенга Пайғамбар алайҳиссаломга яқинлигимнинг хабарини бердим, холос. Умму Саламанинг эри Абу Салама вафот этганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига кириб, ўзларининг Аллоҳ ҳузуридаги мартабаларини сўзлаб ўтиравериб, қўлларига бўйра ботиб кетган. Ўша ҳам совчилик ҳисобланмаган», деди».

Умму Салама розияллоҳу анҳонинг иддаси чиққанидан кейин эса ошкора совчилик қилиш бошланган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал қилган ривоятда Умму Салама розияллоҳу анҳо қуйидагиларни айтадилар:

«Бир куни Абу Салама Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳузурларидан келди-да:

«Пайғамбар алайҳиссаломдан бир гап эшитиб, жуда хурсанд бўлдим, у киши:

«Мусулмонлардан бирига мусибат етганда истиржоъ айтса ва сўнгра «Аллоҳумма! Ажирнии фии мусийбати вахлуф лии хойром-минҳа» («Аллоҳим! Менга мусибатимда ажр бергин ва унинг ўрнига яхшироғини бергин») деса, айтгани бўлади», дедилар», деб айтди.

Буларни мен ёдлаб олдим. Абу Салама вафот этганида истиржоъ айтдим ва ҳалиги дуони ўқидим. Сўнгра ўзимча «Менга Абу Саламадан яхшироқ эр қайда?», дедим.

Иддам чиққанидан сўнг Расулуллоҳ келиб, киришга изн сўрадилар. Тери ошлаб ўтирган эдим. Қўлимни ювиб, киришларига изн бердим. У кишига ичига хурмонинг юмшоқ қобиғи тўлатилган тери ёстиқ бердим. Ўтирганларидан сўнг менга уйланмоқчи эканларини айтдилар. У киши гапларини тугатгач, мен:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Сизга рағбат қилмаслигим мумкин эмас, лекин мен жуда рашкчи аёлман. Мендан сизга ёқмайдиган нарса содир бўлиб, Аллоҳнинг азобига дучор бўлмай, деб қўрқаман. Сўнгра ёшим катта бўлиб қолди. Бунинг устига, болаларим бор», дедим.

Расулуллоҳ алайҳиссалом:

«Сен айтган рашкни Аллоҳ тезда кетказади. Ёш тўғрида гапирсанг, менинг ҳам ёшим бир ерга бориб қолди. Болаларинг бўлса, улар менинг ҳам болаларим», дедилар.

Аллоҳ менга Абу Саламанинг ўрнига ундан яхши зотни – Расулуллоҳни берди».

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
VТўйдан кейин саодат тўла оилавий турмуш бошланди. Ҳамма нарса бирбирига муносиб эди. Яшаш жойида эру хотиндан бошқа кишилар ҳам бор эди.Хадийжа бинти давоми...

3859 16:02 / 15.10.2018
.Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қиз болалар таълими хусусида гапирадиган бўлсак, қизларни албатта ўқитиш шарт. Чунки ўғил болалар каби улар ҳам Аллоҳнинг бандаси, давоми...

5274 09:00 / 27.09.2021
Албатта, Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳонинг шахсий сифатлари илоҳий ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дорилфунунларида олинган дарсларга йўғрилган давоми...

3310 19:30 / 01.06.2019
Бир аёл эрига овозини баланд кўтарди. Эри бундан ғазабланиб, Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига шикоят қилиш учун борди. Уйларига етиб бориб, энди эшикни давоми...

2696 11:00 / 31.12.2022
Аудиолар

213380 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132600 14:35 / 11.08.2021