1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аёллар жилбобларини ўзларига яқин қилсинлар

18:37 / 02.08.2019 2633 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло: «Эй Набий, жуфтларингга, қизларингга ва мўминларнинг аёлларига айт: жилбобларини ўзларига яқин қилсинлар. Ана ўша уларнинг танилмоқлари ва озорга учрамасликлари учун яқинроқдир. Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир», деган (Аҳзоб, 59).

Шарҳ: Ушбу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга аввало ўз жуфтлари ва қизларига жилбобларини ўзларига яқинлаштиришни буюришга амр этмоқда. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари ва қизларининг шарафлари улуғ бўлгани учун бу ишни ҳаммадан олдин улар қилмоқлари лозимдир.

Жилбоб устдан кийиладиган ёки ёпиладиган кенг либосдир. Мўмина аёлни бошқа аёллардан ажратиб турадиган бу кийим турли мусулмон ўлкаларда турлича бўлган. Лекин ҳаммаси ҳам мўмина аёлни ёмон кўздан сақлаш, уни бошқа аёллардан ажратиш каби вазифаларни адо этган.

Жоҳилият даврида аёллар очиқ-сочиқ юришар эди. Турли кийимлар кийиб, кўча-куйда эркакларнинг эътиборини ўзларига тортишга ҳаракат қилишарди. Шунинг учун, фосиқ ва фожирлар уларнинг ҳам ортларидан тушишган, гап отишган, турли қилиқлар қилишган. Ўша фосиқ ва фожирларга мўминлар эътироз билдириб, Ислом дини мўмина аёлларга бундай муносабатда бўлишни манъ қилганини айтганларида, улар биз буларнинг мўмина эканини билмабмиз, мўмина эмас, балки чўри бўлса керак, деб ўйлабмиз, дейишган.

Ушбу ояти карима нозил бўлганидан кейин эса, шароит тамоман ўзгарган.

Имом ибн Абу Ҳотим Умму Салама онамиздан қилган ривоятда у киши розияллоҳу анҳо: «Жилбобларини ўзларига яқин қилсинлар» ояти нозил бўлганидан кейин ансорийларнинг аёллари қора рангли кийим ёпиниб, худди бошларида қарға ўтиргандек сокинлик билан чиқардилар», деганлар.

Ҳа, исломий кийим мўмина аёлларнинг мўминалик аломатлари–белгиларидир. Бу нарса оятда ҳам таъкидланмоқда.

«Ана ўша уларнинг танилмоқлари ва озорга учрамасликлари учун яқинроқдир».

Яъни, жилбобларига ўраниб, ёпинчиқ ёпиниб юришлари, мўмина аёлларнинг бошқалардан ажраб, мўминаликлари танилмоғи учун яқинроқдир. Уларнинг фосиқ ва фожирларнинг озорига учрамасликларига яқинроқдир.

Ушбу ояти карима тафсирида машҳур тафсирчилардан ал-Суддий қуйидагиларни айтадилар:

«Мадина аҳлининг баъзи фосиқ одамлари кечаси бўлиши билан шаҳар кўчаларига чиқиб, аёлларнинг йўлларини тўсар эдилар. Мадина аҳлининг масканлари тор эди. Аёллар қазои ҳожатга кечаси ташқарига чиқардилар. Фосиқлар шуни кутиб турар эдилар. Кейин жилбоб ёпинган аёлни кўрсалар, бу ҳур экан, деб ўзларини тиядиган, жилбоби йўқ аёлни кўрсалар, бу чўри экан, деб унга ташланадиган бўлдилар».

Бу гапга изоҳнинг ҳожати йўқ. Ҳар ким ўзи тушуниб олса, бўлади, деб ўйлаймиз.

«Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир».

Ушбу оят нозил бўлгунича ўтган амалларни Ўзи кечиради. Бу борадаги ҳисоб-китоб, оят нозил бўлганидан кейин бошланади.

Агар шунда ҳам кофирлар, мунофиқлар, фосиқ ва фожирлар мўмин ва мўминаларга озор беришдан тўхтамасалар, унда Аллоҳ таоло бошқача чора кўради.

Islom.uz

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шайхулислом Ансорийдан ривоят қилинади .Найсабурдаги Бохриз деган туманлик бир киши .Тушимда Қиёмат қоим бўлганини кўрдим. Қарасам, жуда гўзал бир киши от миниб давоми...

2837 08:04 / 26.05.2020
Ўша кеча нима бўлса бўлди. Қилмишимдан Аллоҳга тавба қилдим. Сизнинг шафоатингизга умид боғладим. Шу тавба ва умидим орқасида қайтиб оғзимга ичкилик олмадим, ё давоми...

1456 19:00 / 06.01.2022
Кунларнинг жуда тез ўтиб кетаётгани инсоннинг дақиқа сайин ўткинчи дунёдан тезлик билан ўтиб бораётганимизни англатади. Ғамташвишли пайтларда кунлар секин давоми...

2391 09:47 / 20.10.2018
Баъзилар динни фақатгина баданий ибодатдан иборат деб ўйлашади. Ҳолбуки, дин илм ва ибодатдир. Илмсиз дин фалокатдир.Ўйлаб кўринг, бир пайтлар шундай кишилар давоми...

1639 18:30 / 06.03.2022