1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Қазои ҳожатдан қайтарилган маконлар

15:30 / 31.07.2019 2347 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


188- عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: اتَّقُوا اللَّاعِنَيْنِ قَالُوا: وَمَا اللَّاعِنَانِ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: الَّذِي يَتَخَلَّى فِي طَرِيقِ النَّاسِ أَوْ فِي ظِلِّهِمْ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَمُسْلِمٌ.

188. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Икки лаънат келтирувчи (иш)дан сақланинг-лар», дедилар.

Одамлар:

«Эй Аллоҳнинг Расули, икки лаънат келтирувчи (иш) нима?» дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одамларнинг йўлига ва соя жойига хало қилган», дедилар».

Абу Довуд ва Муслим ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда кўпчилик фойда оладиган жойларни эҳтиром қилиш, бундай жамоатчилик жойларини озода сақлаш ҳақида сўз бормоқда.

Йўл – кўпчилик фойдаланадиган жой. Унда кишиларга озор берадиган, кўнгилларини ғаш қиладиган нарсалар бўлмаслиги керак. Агар бирор киши йўлга қазои ҳожат қилиб қўйса, ўтган-кетган одам унга лаънат айтади. Одамлар ўтириб, дам оладиган, нафасини ростлайдиган жойлар ҳам худди шундай! Ундай жойлар ҳам доимо озода сақланиши лозим, бундай жойга қазои ҳожат қилиб қўйган кишини ҳам одамлар лаънатлайдилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу икки ишни «икки лаънат келтирувчи (иш)» деб атамоқдалар.

Мусулмон киши йўлга, соя жойга ва бошқа шунга ўхшаш кўпчилик фойдаланадиган жойларга нафақат қазои ҳожат қилмаслиги, балки ундан бошқа халал берувчи ишларни ҳам қилмаслиги керак. Аксинча, ундай жойларни доимо тоза ва озода сақлашга, кўпчиликка озор берадиган нарсалар бўлса, олиб ташлашга одатланиш лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлдан кўпчиликка озор берувчи нарсани олиб ташлашни иймоннинг шўъбаларидан бири, деганлар.

189- عَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: اتَّقُوا الْمَلَاعِنَ الثَّلَاثَةَ: الْبَرَازَ فِي الْمَوَارِدِ وَقَارِعَةِ الطَّرِيقِ وَالظِّلِّ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

189. Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Учта лаънат ўрнидан – сув ўзанига, йўлга ва сояга қазои ҳожат қилишдан сақланинглар», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда аввалги ҳадисдаги икки лаънат келтирувчи ишга учинчиси қўшилди. Сув бошига, яъни одамлар сув оладиган жойлар ва ўша жойга олиб борувчи йўлларга қазои ҳожат қилишдан қайтарилмоқда. Ким бу ишни қилса, кўпчиликнинг лаънатига учраши таъкидланмоқда. Мўмин-мусулмон одам бу ишни умуман қилмаслиги ва фарзандларини ҳам бу ишни қилмасликка ўргатиши лозим.

190- عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ سَرْجِسَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم نَهَى أَنْ يُبَالَ فِي الْجُحْرِ. قَالُوا لِقَتَادَةَ: مَا يُكْرَهُ مِنَ الْبَوْلِ فيِ الْجُحْرِ؟ قَالَ: كَانَ يُقَالُ إنَّهَا مَسَاكِنُ الْجِنِّ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.

190. Абдуллоҳ ибн Саржис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ердаги тешикка бавл қилишдан қайтардилар. Одамлар Қатодага:

«Нима учун ердаги тешикка бавл қилиш ёмон кўрилади?» дейишди. У:

«Ундай жойлар жинларнинг маскани бўлади, дейилар эди», деди».

Насаий ва Абу Довудлар ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ҳадиснинг ровийси Абдуллоҳ ибн Саржис розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Абдуллоҳ ибн Саржис ал-Музаний Бану Махзум қабиласининг бошлиқларидандир.

Имом Бухорий ва Ибн Ҳиббон айтадилар:

«Абдуллоҳ ибн Саржис розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларида бўлганлар ва Расулуллоҳдан кўп ҳадислар ривоят қилганлар».

Бу ҳадисларни Муслим ва бошқа имомларнинг китобларидан топиш мумкин.

Абдуллоҳ ибн Саржис ҳадисларни Умар ибн Хаттоб, Абу Ҳурайралардан ҳам ривоят қилганлар.

Бу зотдан Қатода, Осим ал-Аҳвал, Усмон ибн Ҳаким, Муслим ибн Марям ва бошқалар ривоят қилдилар.

Ушбу ҳадис ердаги тешикларга бавл қилишдан қайтармоқда. Бу қайтаришнинг сабабларидан бирини Қатода розияллоҳу анҳу баён ҳам қилиб бермоқдалар. Ўша тешиклар жинларнинг маскани бўлиши мумкин. Унга бавл қилган одам зарар кўриши эҳтимолдан холи эмас. Шунингдек, ўша тешиклар турли ҳайвонлар ва ҳашаротларнинг уяси бўлиши ҳам мумкин. Улар ҳам зарар кўрмаслиги керак.

191- وَلَهُ إِذَا أَرَادَ أَحَدُكُمْ أَنْ يَبُولَ فَلْيَرْتَدْ لِبَوْلِهِ مَوْضِعًا.

191. Ва у (Абу Довуд) қилган ривоятда:

«Сиздан бирортангиз бавл қилмоқчи бўлса, бавл қилиш учун жой танласин», дейилган.

Шарҳ: Яъни кўринган жойга бавл қилиб кетавермасин. Бавл қилдиган жой юқоридаги ҳадисларда бавл қилишдан қайтарилган жойлар бўлмасин, шунингдек, қаттиқ жой бўлиб, пешоб сачраб, одамнинг ўзига қайтмасин ва ҳоказо.

192- عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم إذَا خَرَجَ مِنَ الْخَلَاءِ قَالَ غُفْرَانَكَ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

192. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам халодан чиққанларида «ғуфронака», дер эдилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Демак, халодан чиқишда ҳам айтиладиган дуо бор. «ғуфронака»нинг маъноси «мағфират қилишингни сўрайман» деганидир. Киши халодалик вақтида ғафлатда бўлиши эътиборидан ундан чиққанида шу иборани айтади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳаё иймоннинг шўъбасидир 231. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Иймон етмиш нечта ndash бошқа ривоятда олтмиш давоми...

3965 19:10 / 17.08.2019
27. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларига нисбатан ва уларнинг ўртасида ўта адолатли эдилар. У зотнинг адолатлари масъулиятни ҳис қилганларидан эди. давоми...

3422 19:55 / 28.04.2017
Кунлари умримиздек қисқа, тунлари орзулармиздек узун қиш... Мўмин инсон қисқа фурсатларни ғанимат билади, узун орзуларга эса берилиб, боғланиб қолмайди.Бу гал давоми...

4721 16:21 / 14.12.2018
367. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг .Ким хуфтон намозини жамоат билан ўқиса, худди кечасининг ярмини давоми...

3076 13:00 / 29.05.2020