1447 йил 9 шаъбон | 2026 йил 28 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Намознинг узрлари

13:30 / 14.06.2020 2685 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким намозни унутса, бас, уни эслаган пайтида ўқиб олсин. Унинг бундан бошқа каффороти йўқдир. «Намозни Менинг зикрим учун қоим қил», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Муслимнинг ривоятида:

«Бирортангиз намоздан ухлаб ёки ғофил қолса, бас, уни эслаганда ўқиб олсин. Чунки Аллоҳ: «Намозни Менинг зикрим учун қоим қил», деди», дейилган.

Шарҳ: Ислом дини осонлик, кенгчилик ва бандаларга раҳм-шафқат динидир.

У инсонни тоқати ва имкониятидан ташқари нарсага таклиф қилмайди.

Аллоҳ таоло инсонни ва у яшаб турган оламни яратган Зотдир. Шу боисдан ҳам Аллоҳ таоло Ислом шариатини инсониятга қиёматгача мукаммал ва барча талабларга жавоб берадиган шариат қилиб жорий қилгандир.

Бинобарин, Аллоҳнинг Ўзи яратган оламида яшайдиган инсонларга Ўзи туширган шариати мос келмаслиги мумкин эмас. Аллоҳ таоло ҳикматли Холиқ сифати билан инсонга нима мос келади-ю, нима мос келмайди, яхши билади.

Мазкур нарсаларнинг бир тарафини ушбу ҳадиси шарифда кўриб турибмиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким намозни унутса, бас, уни эслаган пайтида ўқиб олсин», демоқдалар.

Инсон борки, эсдан чиқариши, унутиши бор. Араблар «инсон» сўзи «нисён», яъни «унутиш» сўзидан олинган, дейдилар. Демак, унутиш айб эмас, балки узрлидир. Намозни унутган одам эслаган пайтида қазосини ўқиб олади.

«Унинг бундан бошқа каффороти йўқдир».

Яъни қазо бўлган намознинг ўрнини бундан бошқа нарса билан тўлдириб бўлмайди. Бу эса қазо намозни ўқишдан бошқа илож йўқлигининг энг кучли далилларидан биридир.

«Намозни Менинг зикрим учун қоим қил».

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло Ўзининг зикри учун намоз ўқишни амр қилмоқда. Шунинг учун ҳам унутган одам намозни эслаган заҳоти ўқиб олади.

Имом Муслим қилган ривоятда эса намозни унутган киши қаторига ухлаб қолган одам ҳам қўшилмоқда.

Ухлаб қолган одам ҳам худди эсидан чиққан одамга каби айбдор бўлмайди. У ҳам уйғонган заҳоти ўқилмаган намозининг қазосини ўқиб олади.

Ушбу ҳадиси шарифдан, намозни вақтида ўқимаган одам қазосини ўқиб олади, деган хулоса чиқмоқда. Чунки ухлаб қолган ёки эсидан чиқарган одам намозни қазо қилиб ўқиши лозим бўлгач, узрсиз қазо қилган одам ҳам қазо намозини ўқиши керак. Бу жумҳур уламоларнинг сўзларидир.

Аммо баъзи кишилар «Беш вақтдан ортиқ намозни қазо қилмайди, унинг гуноҳини қазо намоз ўқиш билан ҳам ювиб бўлмайди. Бундай одамни дийндан чиққан муртад деб ҳисоблаш лозим», дейдилар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло.Ўшанда Аллоҳ .Сизларга китоб ва ҳикмат берганим, кейин сизлардаги нарсани тасдиқловчи Расул келишига қасамки, албатта унга иймон келтирасиз ва ёрдам давоми...

3399 15:04 / 15.11.2018
785. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз ўтирган жойидан турсаю, сўнг унга қайтса, у ўша жойига давоми...

743 19:00 / 14.11.2025
Абу Дардодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга тўққиз нарсани васият қилдилар.Аллоҳга ширк келтирма, агар қиймақийма қилиб ташлансанг давоми...

7002 16:23 / 02.05.2018
269. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон учун фарздир,. Ибн Можа, давоми...

3999 19:00 / 02.09.2023