1445 йил 8 зулқаъда | 2024 йил 16 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Эрнинг хотини олдидаги муомалавий бурчлари (Иккинчи мақола)

11:00 / 13.07.2019 2444 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биз умматларга намуна бўлиб, Набий алайҳиссаломнинг ўзлари аёлларига гўзал муносабатда, доимо хурсандликда, уларни эркалаган, лутф кўрсатган ва нафақаларини кўпайтирган ҳолда яшаганлар.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари билан ҳазиллашиб, кулишар, улар билан самимий муомалада бўлар эдилар.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: «У киши аёллари билан холи қолганларида энг мулойим, карамли, серкулги ва сертабассум киши бўлар эдилар», – деб айтганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан мусобақалашдим. Мен у зотдан ўзиб кетдим. Бир муддатдан сўнг менинг гўштим оғирлашганда, яна мен билан мусобақалашиб, мендан ўзиб кетдилар ва: «Ҳалиги билан биру бир», – дедилар».

Аҳмад, Абу Довуд Насаий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилганлар.

Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари Оиша онамиз розияллоҳу анҳо билан югуриш мусобақаси ўтказган эканлар. Бу югуриш мусобақаси пайтида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшлари эллик учдан ўтган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиздан ўзиб кетган кейинги югуриш мусобақасида эса у зотнинг ёшлари ундан ҳам катта бўлган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Ийд куни эди. Қоралар қалқон ва найзаларни ўйнашар эди. Ё мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим ёки у зот:

«Томоша қилишни хоҳлайсанми?» – дедилар.

«Ҳа», – дедим.

У киши мени орқаларига турғиздилар. Ёноғим у кишининг ёноқларига тегиб турарди. У зот:

«Эй Бану Арфидалар, давом этаверинглар», – дер эдилар.

Бу ҳол то мен малол олгунимча давом этди. Кейин:

«Бўлдингми?» – дедилар.

«Ҳа», – дедим.

«Кетавер», – дедилар».

Бухорий, Муслим ва Насаий ривоят қилганлар.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ رَسُولُ اللهِ جَالِسًا فَسَمِعْنَا لَغَطاً وَصَوْتَ صِبْيَانٍ. فَقَامَ رَسُولُ اللهِ فَإِذَا حَبَشِيَّةٌ تُزْفِنُ وَالصِّبْيَانُ حَوْلَهَا، فَقَالَ: يَا عَائِشَةُ تَعَالَيْ فَانْظُرِي. فَجِئْتُ فَوَضَعْتُ لَحْيَيَّ عَلَى مَنْكِبِ رَسُولِ اللهِ، فَجَعَلْتُ أَنْظُرُ إِلَيْهَا مَا بَيْنَ الْمَنْكِبِ إِلَى رَأْسِهِ، فَقَالَ لِي: أَمَا شَبِعْتِ أمَا شَبِعْتِ؟ قَالَتْ: فَجَعَلتُ أَقُولُ لَا، لِأَنْظُرَ مَنْزِلَتِي عِنْدَهُ إذْ طَلَعَ عُمَرُ، قَالَتْ: فَانْفَضَّ النَّاسُ عَنْهَا، قَالَتْ: فَقالَ رَسُولُ اللهِ: إنِّي لَأَنْظُرُ إِلَى شَيَاطِينِ الْجِنِّ وَالْإِنْسِ قَدْ فَرُّوا مِنْ عُمَرَ. قَالَتْ: فَرَجَعْتُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган эдилар. Шовқин ва болаларнинг овозини эшитдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турдилар. Қарасак, бир ҳабашия чилдирма чалиб, ўйин тушмоқда, атрофида болалар.

«Эй Оиша, бу ёққа кел, қарагин», – дедилар у зот.

Бориб, жағимни Расулуллоҳнинг елкасига қўйиб, у(ҳабашия)га томоша қила бошладим. У зот: «Тўймадингми? Тўймадингми?» – дер эдилар.

Мен у зотнинг ҳузурларида ўз манзиламни билиш учун «Йўқ», дер эдим.

Бирдан Умар пайдо бўлди. Одамлар у(ҳабашия)нинг атрофидан қочиб кетишди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен инсу жиннинг шайтонлари Умардан қочганларини кўрмоқдаман», – дедилар.

Бас, мен қайтдим».

Термизий ривоят қилган.

Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳо кези келганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кулдириб турар эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга у кишининг бу сифатлари маъқул келар эди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳазил-мутойибаларига ўзига яраша лутф ила муомала қилар эдилар.

Ибн Саъд «Тобақот» номли машҳур китобларида бу борада қуйидаги ривоятни келтирадилар:

«Савда розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Ё Расулаллоҳ, кеча ортингиздан намоз ўқидим. Шунчалар рукуъ қилдингизки, қон оқиб кетмасин, деб бурнимни ушлаб турдим», – деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар. У аҳён-аҳёнда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кулдириб турар эди».

عَنْ أَبِي سَلَمَةَ  قَالَ: قَالَتْ عَائِشَةُرَضِيَ اللهُ عَنْهَا: زَارَتْنَا سَوْدَةُ يَوْماً،فَجَلَسَ رَسُولُ اللهِبَيْنِي وَبَيْنَهَا، إِحْدَىرِجْلَيْهِ فِي حِجْرِيوَالْأُخْرَى فِي حِجْرِهَا،فَعَمِلْتُ لَهَا حَرِيرَةًأَوْ قَالَ: خَزِيرَةً،فَقُلْتُ: كُلِي. فَأَبَتْ،فَقُلْتُ: لِتَأْكُلِي أَوْلَأَلْطَخَنَّوَجْهَكِ. فَأَبَتْ، فَأَخَذْتُمِنَ الْقَصْعَةِ شَيْئًافَلَطَخْتُ بِهِ وَجْهَهَا،فَرَفَعَ رَسُولُ اللهِرِجْلَهُ مِنْ حِجْرِهَاتَسْتَقِيدُ مِنِّي، فَأَخَذَتْمِنَ الْقَصْعَةِ شَيْئًافَلَطَخَتْ بِهِ وَجْهِيوَرَسُولُ اللهِ يَضْحَكُ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ.

Абу Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Оиша розияллоҳу анҳо:

«Бир куни Савда бизникига зиёратга келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан унинг ўртамизда ўтирдилар. Ул зот бир оёқларини менинг қўйнимга, иккинчи оёқларини унинг қўйнига ташлаб ўтирар эдилар. Мен ҳарийра пишириб келдим ва Савдага:

«Егин», – дедим.

У кўнмади.

«Агар емасанг, юзингга суртаман», – дедим.

У яна кўнмади. Мен лагандан бир оз нарсани олдим-да, унинг юзига суртдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оёқларини унинг қўйнидан олдилар. Унга мендан ўч олишга шароит яратдилар ва:

«Сен ҳам унинг юзига сурт!» – дедилар.

У лагандан бир оз нарса олиб, менинг юзимга суртди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулар эдилар…»

Насаий ривоят қилган.

(Давоми бор)

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Нисо, сурасида шундай деб марҳамат қилади .Оталарингиз никоҳлаб олган аёлларни никоҳлаб олманг Аввал ўтгани мустасно. Албатта у фаҳш иш, давоми...

4321 19:01 / 05.11.2018
У қиз айтади Тўй бўлишига бир ҳафта қолганида бувим бетоб бўлиб қолдилар. У кишини шифохонага ётқизишди. Мен у кишини кўргани бордим. Борсам бувам жонлантириш давоми...

4559 08:55 / 24.07.2021
islom.uz middot 68 ndash Фарзанд доимо отаонага ширин сўзларни айтиши вожибдир24. Фарзанднинг отаонага яхшилик қилиши турларидан бири уларга тавозуъ кўрсатиб, меҳрибонлик давоми...

1949 11:14 / 11.07.2020
Ҳозирги пайтда ёш йигитқизлар ўзлари топишиб олган шахс билан оила қуришни мода қилиб олишга ҳаракат қилишлари кўпайиб бораётганлиги маълум. Бу маънода давоми...

2854 14:15 / 27.12.2018
Аудиолар

121425 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42925 14:35 / 11.08.2021