1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ҳаё нимадан пайдо бўлади?

08:40 / 12.07.2019 2899 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жунайд раҳматуллоҳи алайҳи: «Ҳаё неъматларни ва нуқсонларни кўришдир. Ҳаё иккисининг орасида туғилади», деган.

Абул Фидо Исмоил Ҳаравий: «Ҳаё муҳаббат ила қамралган улуғлашдан туғилади», деган.

Ҳаёнинг инсон зоти учун, унинг оиласи, ватани, қабиласи, жамияти ва бутун дунё учун фойдалари сон-саноқсиз ва ҳад-ҳисобсиздир. Қуйида ҳаёнинг фойдаларидан баъзиларини эслаб ўтамиз.

1. Ҳаё иймон хислатидандир.

Иймон эса ўз ўрнида Аллоҳ таоло инсон зотига берган энг улуғ неъматдир. Иймон инсонни улуғлайдиган, уни ҳайвонлик даражасидан кўтариб, фариштадан ҳам юқори бўла оладиган имконга эга қиладиган буюк неъматдир. Иймони бор банданинг ҳаёси бўлади.

2. Ҳаё Ислом гўзаллигидандир.

Исломининг гўзаллигига қараб кишининг бу дунё ва охиратдаги мақоми белгиланади. Исломи гўзал бўлган банданинг бу дунёси ҳам, охирати ҳам гўзал бўлади. Ўша икки дунёсининг гўзаллиги мартабаси ҳам Исломининг гўзаллиги миқдорига қараб бўлади. Ҳаёли банданинг ҳаёси унинг Исломининг гўзаллигига ҳисса қўшади ва бу дунёда ҳам, охиратда ҳам мартабасининг кўтарилишига хизмат қилади.

3. Ҳаё Аллоҳ таолодан хижолат бўлиб, маъсиятни тарк этишдир.

Одамлардан хижолат бўлмасдан беҳаёлигини қилаверадиган киши охир-оқибат Аллоҳ таолодан ҳам хижолат бўлмайдиган ҳолатга тушиб қолади. Бу эса мазкур беҳаё банданинг икки дунёдаги бадбахтлигидир.

Заррача ҳаёси бор банда эса ҳам ўзига ўхшаган бандалардан ҳаё қилади, ҳам Аллоҳ таолодан ҳаё қилиб, гуноҳу маъсиятларни тарк қилади. Бу эса унинг бу ­дунёдаги ва охиратдаги улкан саодатидир.

4. Ҳаё Аллоҳ таолони севиб, тоатга берилишдир.

Инсондаги ҳаё сифати уни Аллоҳ таолони севишга чорлайди. Аллоҳ таолони севган банда эса У Зотнинг тоатига берилади. У Зотнинг тоати эса банданинг икки дунё саодатига эришиши демакдир.

5. Ҳаё бандани бу дунё ва охират шармандалигидан узоқлаштиради.

Ҳаё сифати бандани беҳаё гап-сўз ва ишлардан қайтариб туради. Бошқача қилиб айтганда, Аллоҳ таолодан ҳаё қилиб, гуноҳлардан узоқда бўлишига хизмат қилади. Беҳаёлар ҳаёсизликлари туфайли бу дунё ва охиратда шарманда бўладилар. Ҳаёлилар эса ҳаёлари шарофатидан бу дунё ва охират шармандалигидан узоқда бўладилар.

6. Ҳаё иймон шўъбаларининг аслидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иймоннинг етмишдан ортиқ шўъбаси борлигини, уларнинг энг олийси калимаи шаҳодат бўлса, уларнинг энг сўнггиси йўлдаги озор берувчи нарсани олиб ташлаш эканини айтиб туриб, ҳаё иймоннинг шўъбаларидан бири эканини алоҳида таъкидлаганлар. Ушбу набавий таъкидлаш иймон бобида ҳаё қанчалар катта аҳамиятга эга эканига ёрқин далилдир.

7. Ҳаё ўз эгасини виқорли қилади.

Виқор эса ҳар бир банда учун ўта зарурдир. Ким виқорли бўлишни истаса, ҳаёли бўлишга ҳаракат қилсин!

8. Ҳаё анбиёлар, саҳобалар, тобеъинлар ва авлиёларнинг сифатидир.

Бас, ким анбиё алайҳиссаломларга эргашаман деса, ҳаёли бўлишга ҳаракат қилсин! Ким саҳоба розияллоҳу анҳумога эргашаман деса, ҳаёли бўлишга ҳаракат қилсин! Ким тобеъин раҳматуллоҳи алайҳимога эргашаман деса, ҳаёли бўлишга ҳаракат қилсин! Ким авлиё раҳматуллоҳи алайҳимога эргашаман деса, ҳаёли бўлишга ҳаракат қилсин!

9. Ҳаё бандани Аллоҳ таолонинг ва одамларнинг муҳаббатига сазовор қилади.

Бас, ким Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўламан деса, ҳаёли бўлишга ҳаракат қилсин! Ким мўмин-мусулмонларнинг муҳаббатига сазовор бўламан деса, ҳаёли бўлишга ҳаракат қилсин! Бас, ҳар бир банда ҳаёли бўлиш ҳаракатида бўлсин!

«Зуҳд ва ҳаё» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Балоғатга етган мусулмон эркак учун авратини тўсадиган кийим кийиши фарздир..Аврат, сўзи луғатда .нуқсон,, .айб, деган маъноларни билдиради. Шариатда, беркитилиши давоми...

6208 10:11 / 18.06.2020
Ҳақ ва тўғри йўлда турувчи, инсофли, инсон табиатини ҳақиқатан тушуниб етган олимлар Аллоҳ таоло инсонни .буюриб турувчи нафс, ва .маломат қилиб турувчи нафс, давоми...

1770 09:20 / 15.10.2019
Доктор Аҳмад Даманҳурий айтади .Устозинг сени қабул қилади ва тавозе кўрсатади. Сендаги баъзи ёмон одатларни ҳам токи сени ислоҳ бўлишинг ва қалбинг яхшиланиши, давоми...

3653 12:30 / 08.01.2022
Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарда эдилар. Тасаввур қилинг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафар қилишдан ҳам ажиб давоми...

2843 17:00 / 25.02.2022