1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Мусулмонларга маданият ўргатиш даъвосидаги кўҳна қитъанинг яқин ўтмишига бир назар (Иккинчи мақола)

08:30 / 16.06.2019 2232 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оврупаликларнинг муҳим кашфиётларидан саналган атирлар айнан ҳаммомларнинг йўқлиги туфайли пайдо бўлди. Машҳур француз атирларининг асосий вазифаси биттагина эди: йиллар мобайнида ювилмаган танадан бижғиб турадиган даҳшатли сассиқ ҳидларни ниқоблаб туриш учун ўткир ҳидли атирлар зарур эди. Қуёш лақабли француз қироли бир куни тонгда ёмон кайфиятда уйқудан турди. Бу унинг эрталабдаги одатий ҳолати эди, чунки Людовик Ўнтўртинчи каналар туфайли уйқусизлик дардига гирифтор бўлган эди. Қирол барча сарой аъёнларига атир сепиб, хушбўйланишни буюрди. Гап Людовик XIV жорий қилган анъана ҳақида борарди: саройга келувчи киши танаси ва кийимидаги сассиқликни босиб туриши учун ўткир атирларни аямасин.

Аввалига бу «ҳид чиқарувчи аралашмалар» мутлақо табиий эди. Ўрта асрлар Оврупасининг аёллари тананинг табиий ҳиди ҳис-туйғуни қўзғотишини билишгани учун ўзлари ёқтириб қолган эркакларни жалб қилиш мақсадида ўз мазийларини атир сургандек қулоқ ортига ва бўйинларига суртиб олишарди.

«Тараққий этган» Оврупа қасрларининг ҳожатхонаси бор нажосатни қувур орқали шундоққина кўчага чиқариб юборишдан иборат эди. Насронийлик келиши билан оврупаликларнинг бўлғуси авлоди ювиладиган ҳожатхоналарни бир ярим минг йил мобайнида унутиб, тунги тувакларни ишлатишга ўтишди. Унутилган оқава йўли (канализация) вазифасини эса кўча ўртасига кавланган ариқчалар бажарарди. Улардан тинмай оқиб турувчи ахлат ва ювиндиларнинг ҳиди бижғиб ётарди. Илгариги маданий одатларини унутган одамлар энди дуч келган жойда, масалан, сарой ёки қаср зинапоялари остига бавл қилишарди. Франция қироллари саройи вақти-вақти билан қасрини алмаштириб турарди. Чунки олдингисида пешоблар ҳидидан нафас олишга имкон қолмасди. Каравотлар остидаги тунги туваклар кечасию кундузи тозаланмай тураверарди. Француз қироли Людовик IX бошига бир деразадан нажосат ағдариб юборишганидан сўнг Париж аҳолисига олдиндан уч марта «Эҳтиёт бўлинглар!» деб қичқиргандан кейингина маиший ахлатларни деразадан улоқтиришга рухсат берилди. Тахминан XVII асрлардагина бошларни нажосатдан ҳимоя қилиш учун сербар шляпалар ўйлаб топилди.

Француз қиролларининг саройи Луврда бирорта ҳам ҳожатхона йўқ эди. Сарой ҳовлисида, зинапояларда, айвонларда бемалол бавл қилишарди. Меҳмонлар, сарой аъёнлари ва қироллар ҳожат ушатгани очиқ дераза олдидаги кенг подоконникларга ўтиришар ёки уларга «тунги туваклар» келтиришарди. Ундаги нажосат кейин саройнинг орқа эшиклари олдига тўкиб юбориларди.

Масалан, Людовик XIV замонида Версал саройида ҳам аҳвол шунинг ўзгинаси эди. Бу қиролнинг маиший ҳаёти герцог де Сан Симоннинг хотиралари орқали жуда машҳур бўлиб кетган. Версал саройининг аслзода аёллари суҳбатнинг шундайгина ўртасида, баъзан эса капелла ва черковдаги ибодатлар чоғида ҳам ҳеч нарса бўлмагандай ўрниларидан туриб четроққа ўтишар ва саройнинг ўзида пешобдан бўшаниб олишарди. Қуёш лақабли француз қироли бошқа ҳукмдорлар каби Версал ва бошқа қасрларнинг исталган жойидан ҳожатхона сифатида фойдаланишга ижозат бериб қўйган эди. Қасрларнинг деворларига қалин дарпардалар осилган, йўлакларга хилват овлоқлар қилинган эди. Аммо ҳовлида бирорта ҳожатхона қуришга ёки ҳожат учун сарой боғига чопишга ҳеч кимнинг ҳафсаласи келмас эди. Йўқ, бу ҳеч кимнинг калласига келмасди. Чунки анъана ҳимоясида ҳеч кимни аямайдиган, гапга кирмайдиган, ҳар қандай одамни қачон бўлсаям, қаерда бўлсаям ғафлатда қолдирадиган ичкетишлик дарди туради. Худди шулар сабабли ҳам ўша давр эркаклари орасида бир неча қават тик тасмалардан тикилган иштонлар (панталонлар) урфга кирди. Аёллар ўртасида эса этаги кенг кўйлакларнинг урф бўлиши ҳам айнан шу туфайлидир.

Ўрта асрлардаги Оврупа шаҳарларида оқава йўли (канализация) бўлмаса ҳам уларда қалъа деворлари ва мудофаа хандақлари етарли эди. Нажосатлар деворлардан хандақларга бемалол улоқтирилаверарди. Францияда шаҳар деворлари ортидаги нажас уюмлари шунчалик баланд бўлиб кетар эканки, деворларни янада баландроқ қилиб қуришга тўғри келаркан. Париж кўчаларида нажосат шунчалик кўпайиб кетибдики, душман ахлат устига чиқиб девордан ошиб тушмасмикин, деган хатар ҳам пайдо бўлибди.

Кўчалар нажосат ва ифлосликлар шу қадар тўлиб кетган эдики, ёғингарчилик кунларида улардан мутлақо ўтиб бўлмас эди. Бизгача етиб келган солномаларда ёзилишича, айнан ўша пайтларда немис шаҳарларида «ёғочоёқлар», яъни балчиқ кўчаларда юришга мосланган «баҳорги пойабзаллар» пайдо бўлган эди. Уларнинг ёрдамисиз бу ифлос кўчалардан ўтишнинг асло имкони йўқ эди.

Оврупа археологларининг маълумотларига кўра, XIV-XV асрлар бўсағасида ҳақиқий француз рицари (аслзода ҳарбий) шундай қиёфага эга эди: ўрта асрларда аёлларнинг эътиборини қозонган рицарларнинг бўйи бир ярим метрдан сал ошиқроқ эди. Бу «жазман»нинг соқоли олинмаган ва ювилмаган юзини чечак излари «безаб» ташлаган эди. Аслзоданинг рицарлик қалпоғи остида яширинган сочларида, кийимлари бурмасида бит ва бурга бижиб ётарди. Бу рицарнинг оғзидан таралаётган ҳид шунақанги бадбўй эдики, замона аёллари у билан ўпишиш у ёқда турсин, ҳатто яқинида туришга ҳам безиллашарди. Чунки ўша пайтларда ҳеч ким тишини тозаламас эди.

Ўрта асрларнинг рицарлари ҳамма нарсани танаввул қилар, ортидан ачиган пиво сипқоришар, касаллик илашмаслиги учун саримсоқ пиёзни газак қилишар эди. Бундан ташқари, навбатдаги ҳарбий юришлар чоғида рицарлар кечаю кундуз совут кийган ҳолда юришга мажбур бўлар, чунки уларни бировнинг ёрдамисиз ечишнинг имкони ҳам йўқ эди. Ўз-ўзидан маълумки, рицар барча ҳожатларини совутнинг ичига ушатишга мажбур эди. Айрим тарихчилар салиб юришлари пайтида мусулмонлар саркардаси Салоҳиддин Айюбийнинг аскарлари насронийларнинг лагерларини нега осонгина топиб олишганидан ажабланиб юришган эди. Маълум бўлишича, ислом қўшинлари рицарларни бадбўй ҳидларидан топиб олишган экан.

(Тамом)

Дмитрий Панкратов

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дунё бўйлаб кунига ўртача ҳисобда бир ярим миллиарддан ортиқ финжон қаҳва истеъмол қилинар экан. Бу миқдор эса салкам уч юз минг Олимпия сузиш ҳавзасини тўлдириш давоми...

1825 11:40 / 11.09.2021
Сиз муҳтарам азизлар дунёдаги энг пок ва покизаликка қаттиқ риоя қиладиган халқ вакили эканингиз билан фахрланиб юрасиз, албатта. Лекин ўша фахр боиси бўлган давоми...

1447 17:06 / 06.11.2020
Иймон рамзиМасиҳийликда ҳам худди мусулмонлардаги каби шаҳодат калимасини айтиш орқали иймон келтирилади. Бу динга киришнинг бошланиши ва асосий шарти давоми...

3770 17:30 / 16.05.2019
Ўта бузилган динни ўзига дастак қилиб олган черков мислсиз туғёнга кетган давр. Черков одамларни Аллоҳ таолога ибодат қилишга эмас, ўзига бўйсунишга мажбурлар, давоми...

2196 11:05 / 17.12.2019
Аудиолар

120096 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41765 14:35 / 11.08.2021