1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ёлғоннинг турлари

19:06 / 12.06.2019 2081 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

– Ваъдага вафо қилмаслик одати ҳам ёлғончиликнинг бир туридир.

Бу ишни қилган киши иродасиз, ундан яхшилик чиқмайдиган ва ишониб бўлмайдиган одам бўлади. Ваъдага вафо қилмаслик одамлар орасидаги муҳаббатни йўқотиб, кўп зарарлар етказади, вақтни беҳуда кетказади ва ҳоказо... Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом ваъдага вафо қилмасликни «мунофиқлар сифатидан» деб айтганлар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, устидан чиқмайди ва омонат унга ишонилса, хиёнат қилади», дедилар». Бухорий ривоят қилган.

Мунофиқ ваъдани бераверади, аммо устидан чиқмайди. Чунки унинг номи ўзи билан мунофиқ-да. Унинг сирти бошқача, ичи бошқачадир. У сиртида ваъдани бераётганида ичида унга амал қилишни ўйлаб ҳам қўймаган бўлади. Ваъдасига вафо қилмайдиганлар ўзларининг мунофиқлардан эканликларини эсларидан чиқармасликлари лозим.

– Ёлғоннинг яна бир жирканч кўриниши алдамчиликдир.

Яъни ўзига ишонган одамни билиб туриб алдаш – унга ёлғон гапиришдир. Буни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам улкан гуноҳ деб атаганлар.

Суфён ибн Усайд Ҳазромийдан ривоят қилинади:

«У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ­«Хи-ё­натнинг энг каттаси бир биродаринг сенга ишониб турса-ю, унга ёлғон гапиришингдир», деганларини эшитган экан». Бухорий ривоят қилган.

Ҳақиқатан ҳам, биров сизга ишониб турса, сиздан маслаҳат сўраса ёки қандайдир бир хабарнинг ҳақиқатини билмоқчи бўлса, сизни ростгўй деб билиб ­турса-ю, сиз билатуриб унга ёлғон гапирсангиз, бу катта бир хиёнатдир.

Бировни алдаш, ёлғон маълумот бериш, бировнинг ишончини оқламаслик, ўзига ишониб турган одамга ёлғон гапириш ниҳоятда оғир иш эканини ушбу ҳадиси шарифдан билиб оламиз.

Умуман, ёлғон гапиришнинг ўзи катта гуноҳ ҳисобланади. Аммо ўзига ишониб турган одамга билиб туриб ёлғон гапириш хиёнат даражасидаги ёлғончилик экан. Бу нарсадан жуда эҳтиёт бўлишимиз зарур.

Ўзига рост гапириб турган одамга билиб туриб ёлғон гапириш ўша одамни менсимаслик, уни истеҳзо қилиш ва алдаш каби гуноҳларни ҳам ўз ичига олади.

Афсуски, кўпчилик худди шу тарзда ёлғончилик қилади. Ёлғончи нобакор ўзига садоқат кўрсатаётган кишини алдайди, ёлғон гапириб, уни ҳақорат қилади. Эҳтимол, ёлғончи шу иши билан унга ишонган соддадил кишидан кулар, аммо охиратда албатта катта хиёнатчи сифатида жавобини беради ва жазосини тортади.

Минг афсуслар бўлсинким, алдамчилар ичимизда анчагина бор. Улар ўз биродарларини алдашдан уялмайдилар ҳам, чарчамайдилар ҳам.

– Бўҳтон ҳам ёлғоннинг Ислом ҳаром қилган турларидан биридир.

Бўҳтончи доимо бир инсоннинг амалига, мансабига, шарафига футур етказишга ҳаракат қилади. Бўҳтон кўплаб бало-офатларнинг сабабчисидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ ундан ҳазар қилишга буюрган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида бўҳтондан доимий равишда қайтариб келганлар. Уни умматларига тушунтириб борганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ғийбат нималигини биласизларми?» дедилар.

«Аллоҳ ва Унинг Расули билади», дейишди.

«Биродарингни у ёқтирмайдиган нарса ила зикр қилишинг», дедилар.

«Айтинг-чи, биродаримда мен айтган нарса бўлса-чи?» дейилди.

«Агар унда сен айтган нарса бўлса, уни ғийбат қилган бўласан. Агар ўша нарса унда бўлмаса, унга бўҳтон қилган бўласан», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Демак, бир одамни орқасидан ўзи йўқ пайтида, ўша одамга ёқмайдиган гаплар билан эслаш ғийбат бўлади. Ғийбат гуноҳи кабира, катта гуноҳлар қаторига киради. Ғийбатчига тайин қилинган азобларни эшитган одамнинг вужуди титраб кетади.

Бўҳтон эса бир кишини унинг ўзида йўқ иллатлар билан айблаш экан. Энди бўҳтон деб аталмиш бу нарса ғийбатдан неча марта катта гуноҳ эканини тасаввур қилиб олиш мумкин.

Бировнинг айбини беркитиш ўрнига ҳамманинг айбини қидириш билан оворамиз. Қидирганда ҳам, тирноқ остидан кир излагандек ахтарамиз. Унда ҳам топилмаса, ёлғон-бўҳтон тўқиб, айб тақаймиз. Мусулмонман, деб юрганларнинг бу ҳолини кўриб, бошқалар «Булар ўзи шунақа, бир-бирини ковламаса тура олмайди», дейдиган бўлиб қолишган.

Диний таълимотлардан бебаҳра кишиларнинг узри бордир. Аммо диндорликни, диний илмнинг даъвосини қилаётганларнинг бу борадаги қилмишларини кўриб, ёқа ушлайсиз. Мусулмон биродарининг айбини беркитиш улар учун катта мусибатдек туюлади.

Ҳатто уларга «Жон биродар, бу иш мусулмончиликка тўғри келмайди, мусулмон одам ўз биродарининг айбини беркитиши лозим. Сиз бўлсангиз йўқ нарсани айтиб бўҳтон қиляпсиз», десангиз ҳам таъсир қилмайди.

Охир-оқибат нима бўлади? Кишиларнинг мусулмонлардан кўнгли қолади. Душманлар мусулмонлар устидан кулиб юради. Исломга қизиқиб турганларнинг ҳам кўнгли совийди. Мусулмонларнинг ораси бузилади, ишлари ортга кетади. Ўша мусулмоннинг айбини очган ҳам мақсадига етмайди.

– Чақимчилик ҳам ёлғоннинг бир туридир.

У ўз эгасининг қалби қоралигини, одамлар орасида душманчилик ва хусуматдан бошқа нарса бўлмаслигини хоҳловчи шахс эканлигини билдиради. Чақимчига қарши курашишнинг энг яхши усули унинг гапига қулоқ солмасликдир.

Аллоҳ Қалам сурасида марҳамат қилади:

«Итоат қилма ҳар бир қасамхўр, ҳақирга,.. айбловчи, чақимчилик қилиб юрувчига...» (10-11-оятлар).

Кишилар орасида адоват тарқатувчилар, чақимчилар қилидаган иш ниҳоятда катта гуноҳдир. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Чақимчи жаннатга кирмайди», деганлар.

Ҳаммам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ҳузайфа билан бирга эдик. Бас, унга:

«Бир киши гапни Усмон розияллоҳу анҳуга олиб бориб туради», дейилди. Шунда Ҳузайфа унга:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Чақимчи жаннатга кирмайди», деганларини эшитганман», деди». Бухорий ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифда чақимчилик нақадар оғир гуноҳ эканлиги баён қилинмоқда. Уламоларимиз: «Чақимчиликни ҳалол санаган одам жаннатга кирмайди», деганлар.

Албатта, чақимчилик ниҳоятда ёмон иш. Чақимчилик фақатгина бир кишини бошқасига ёмон кўрсатиб, шундан бирор манфаат олиш билан чегараланиб қолмайди. Чақимчилик қилинганда бир одамга иккинчи одам ҳақида ёмон хабар келади.

Натижада иккинчи одам ҳам биринчи одам ҳақида ёмон сўзлайди, шу тариқа бундай адоват бутун жамиятга тарқалиб, жамиятнинг ҳамма аъзоси бир-бирини чақадиган, бир-бирига ғазаб қиладиган ва бир-бирининг орқасидан ёмон гапирадиган бўлиб қолади. Орада дўстлик, биродарлик, ўзаро ҳамкорлик, яхшилик қилиш, жамият манфаати учун иш қилиш тамоман йўқолади. Ҳамма бир-бирининг орқасидан пойлаш, чақимчилик билан бир-бирини доғда қолдириш, чақимчилик қилиб мукофот олиш, ўзининг мавқеини яхшилаш томонга ўтиб кетади. Жамиятнинг манфаатини ўйлаш, бировларга яхшилик қилиш мутлақо унутилади. Бу нарса оғзаки гап бўлса ҳам, жуда оғир гуноҳ саналганлиги, гуноҳи кабиралардан экани ва чақимчилик қилган одам жаннатга кирмаслиги белгилаб қўйилгани чақимчиликнинг нақадар хатарли иллат эканини кўрсатади. Чақимчиларнинг иши ёлғон билан ривож топади. Улар ўзлари ёмон кўрган одамларга зарар етказиш мақсадида турли ёлғонларни тўқийдилар, ҳақиқатни бузиб кўрсатадилар. Бугунги кунимизда ёлғоннинг ушбу турини ўзига касб қилиб олганлар оз эмас. Улар динимизннинг бу борадаги таълимотларини яхшилаб ўрганишлари ва ҳаётларига татбиқ қилиб, энг ёмон иллатлардан бири бўлмиш ёлғоннинг бу турини тарк қилишлари лозим.

– Ёлғон гувоҳлик бериш ёлғоннинг ижтимоий бузғунчиликларга сабаб бўладиган туридир.

Бугунги кунимизда кенг тарқалган маънавий жиноятлардан яна бири ёлғоннинг энг аянчли тури бўлмиш ёлғон гувоҳлик бериш, яъни оддий сўзлашувдаги ёлғон эмас, ҳукм чиқариш маҳалидаги ёлғондир. Албатта, бунинг бош сабабчиси ҳозирда маънавий қадриятларнинг таназзулга учраганидир. Дунё муҳаббатига гирифтор бўлиб, охиратни унутган инсоният бу дунёдаги беш кунлик ҳаёт учун охиратдаги абадий ҳаётини куйдирмоқда. Ҳамма нарсани кўриб-билиб, ҳисоб-китоб қилиб турувчи Аллоҳ таолога иймон бўлмаганида ёки бу иймон сустлашганида кишилар бу дунё ҳою-ҳавасларининг қулига айланганида, инсон дунёни ўзига хожа қилиб олиб, у нимани буюрса, адо қилганида шундай вазият юзага чиқади.

Дунёвий ҳаётнинг қулига айланганлар бир оз пул, мансаб учун ёки амалдорга ёқиш ва ёки кимдандир ўч олиш мақсадида ҳар қандай инсоний фазилатдан, маънавий қадриятдан воз кечишга тайёр турадилар. Улар ҳар қандай маънавий жиноятни ҳам осонлик билан амалга оширадилар. Уларнинг маънавиятлари шу даражада тубанлашиб кетганки, мазкур маънавий жиноятни содир қилганларида, масалан, ёлғон гувоҳлик берганларида бурунларига пашша қўнганчалик ҳам ўзларига таъсир қилмайди. Қайси бир жамиятда ёлғон гувоҳлик бор экан, ўша жамият золимдир ва бундай жамиятнинг турли бало-офатларга гирифтор бўлмоғи тайиндир.

Ўзлари камбағал бўлса ҳам, маънавий қадриятларини маҳкам ушлаб қолган жамият ва шахсларга назар соладиган бўлсак, улар учун кичик бир маънавий жиноят содир қилиш ҳам катта фалокат ҳисобланади. Улар бундай ишни қилишдан кўра ўлимни афзал кўрадилар.

Бундай олиймақом маънавиятга эришган кишилар бахтли кишилар бўлиб, у дунёни ва унинг ичидаги ҳамма нарсани бир ёққа қўйсанг-у, битта маънавий қадриятни бир ёққа қўйсанг, ана шу иккинчисини танлайдилар. Ушбу сифатларга эга бўлган шахслар ўзлари адо этаётган бу ишларни қаҳрамонлик деб эмас, балки оддий инсоний, мусулмонлик бурчлари деб биладилар. Чунки ҳар бир инсонга рост гапириш, тўғри бўлиш ва тўғри гувоҳлик бериш Аллоҳ таоло томонидан бурч қилинган. Рост сўзлаш ҳар лаҳзада талаб этиладиган, доимий мажбурият бўлгани учун ҳам у ҳақда ваъз-насиҳат ва эслатмалар тез-тез такрорланиб туради. Аммо гувоҳлик бериш гоҳ-гоҳида учрайдиган, баъзан эса киши умр бўйи дуч келмайдиган бўлганиданми, у ҳақда камроқ гапирилади. Эҳтимол, бошқа сабаблар ҳам бўлса бордир. Аслини олганда бу масалани ҳам тез-тез эслатиб, гувоҳлик беришдаги ­масъулиятни кишилар хотирасига солиб туриш керак. Гувоҳ бўлишнинг ўзи катта масъулият. У орқали кўпгина ҳукмлар чиқарилади. Гувоҳнинг гапига қараб биров оқланиши ёки қораланиши, биров мол-мулкка эга бўлиши ёки ундан ажраб қолиши, яна бошқа бировларнинг насаби собит бўлиши ёки инкор қилиниши, кўпгина ҳуқуқлар поймол этилиши ёки ҳимоя қилиниши мумкин.

Ёлғон гувоҳлик кишиларнинг бекорга ўлиб кетиши, жабру жафо тортиши, ҳақ-ҳуқуқларининг поймол бўлиши каби кўпгина ёмонликларга сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам Ислом ёлғон гувоҳлик беришни дунёдаги энг катта гуноҳ – Аллоҳга ширк келтириш билан тенглаштирган.

Шу билан бирга, гувоҳлик беришнинг масъулияти катта экан, деб ундан қочишга уринмаслик лозимдир. Гувоҳлик бериши матлуб шахснинг бу ишни адо этиши унинг инсоний ва исломий бурчи ҳисобланади. Ўзи шоҳид бўлатуриб, гувоҳлик беришдан қочиш эса гуноҳ саналади.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Гувоҳликни беркитманг! Ким уни беркитса, унинг қалби гуноҳкордир. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингизни ўта билувчидир» (283-оят).

Демак, гувоҳликни беркитмасдан, зарур вақтда адо этиш Аллоҳ таолонинг мусулмонларга амри экан. Чунки бу кўп нарсаларга, жумладан, ёмонликни қайтариш, унга қарши курашиш, адолат ўрнатиш ва уни ҳимоя қилишга боғлиқдир. Ислом дини таълимотларига кўра, ҳар бир мусулмон ёмонликка қарши турмоғи ва адолат учун курашмоғи зарур. Шунинг учун бошқа ижтимоий ­масъулиятлар қатори, гувоҳлик беришни ҳам ҳар бир мусулмон Аллоҳ, Ислом дини, миллати ва жамияти олдидаги бурчи деб англамоғи лозим. Гувоҳликни адо этишдан қочиш эса аввал айтганимиздек, катта гуноҳ ҳисобланади.

Шуни айтиш керакки, одамларни ёлғон гувоҳлик беришга мажбур қиладиганларни инсон деб аташ жуда ҳам қийин. Қолаверса, бундайлар албатта Аллоҳнинг ҳам, бандаларининг ҳам ғазабига учрайди. Уларнинг одамларнинг қаҳрига учрашларини кўпчилик кўриб-билиб турибди. Бундайларга қарши жамоатчиликнинг қаҳри шу даражага етганки, яқин шарқ давлатларидан бирида шундай жаллодлардан бири йўл ҳодисаси сабабли ҳалок бўлганида ҳеч ким унга қарамаган ва жаллоднинг танаси сасиб, ҳайвонларга ем бўлган. Бундайларнинг албатта Аллоҳнинг қаҳрига учрашида ҳеч шубҳа йўқ.

Ёлғон гувоҳлик бериш учун турли баҳона-сабаблар ахтармаслик керак. Ақли-ҳуши жойида бўлган инсон бир оз қийналиб бўлса ҳам ҳақиқат учун курашиши зарурдир. Бу борада уламолар такрор-такрор айтадиган собит исломий қоида бор: «Холиққа маъсият бўладиган ишларда махлуққа итоат қилиш йўқ».

Ёлғон гувоҳлик бериш қанчалик катта маъсият эканлигини билдик. Демак, бу дунёдаги вақтинчалик қийинчиликлардан қочиб, охиратнинг абадий ва шиддатли азобларига ўзини гирифтор қилмаслик керак.

Иккинчидан, ёлғон гувоҳлик бериш ҳақида келган оят ва ҳадисларда мажбур бўлганларнинг узрларини қабул қилишга ишора ҳам йўқ. Шунингдек, Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш ва одам ўлдириш каби гуноҳларни «Фалончи буйруқ берган эди», деб амалга ошираверилмайди. Ёки буйруқни бажаргани учун гуноҳи кечирилади деган гап ҳам йўқ.

Аллоҳ таоло барчамизни бундай ноқулай ҳолатлардан Ўзи сақласин! Доимо Аллоҳ учун гувоҳлик берувчи бандалардан қилсин! Омин!

“Ёлғон” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдуллоҳ Ҳужрийдан ривоят қилинади .Амаким вафот этди. Бир куни уни тушимда кўрдим. У шундай дер эди .Дунё алдовчидир. Охират эса амал қилувчилар учун хурсандчилик давоми...

1641 07:10 / 11.10.2019
Канаданинг Альберта провинциясида истиқомат қилувчи ёш муслима олмос қазиб олишнинг янги усулини кашф қилди. Айни пайтда оддий усулда олмос қазиб чиқариш давоми...

2960 19:20 / 05.01.2019
Банданинг ҳар бир амали унинг қалбига таъсир қилади. Агар яхши амал қилса, банда қалби равшанлашади, дилидаги ғуборлар тарқалади. Банда гуноҳ содир этганда қалби давоми...

5956 19:10 / 05.03.2019
СаволЭр хотинга ўн дирҳамлидан кўпроқ маҳрни атаган бўлса, хилвати саҳиҳаrdquoдан кейин шу маҳрни бериши вожиб бўлиб қолар экан. Хилвати саҳиҳаrdquo нималигига давоми...

3216 17:30 / 05.07.2020